Ҳозиржавоб Google: фаолияти ва тарихига бир назар

0
13

“Ҳамма муваффақият қозонишни истайди. Мен эса одамлар каминани йирик кашфиётчи, хушхулқ, омма ишончини қозонган, бир сўз билан айтганда, дунёни ўзгартира олган инсон сифатида эслашларини хоҳлайман”, деган эди Google компанияси асосчиларидан бири Сергей  Брин.

Дарҳақиқат, Сегрей Брин ўзи хоҳлаганидек, дўсти ва ҳамкори Ларри Пейж билан бирга компьютер технологиялари соҳасида туб бурилиш ясай олган инсонлардан. Улар асос солган компания — Google Интернет қидирув тизими тарихида чинакам инқилоб қила олди. Бугун ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, www.google.com Интернетда энг кўп мурожаат қилинадиган сайтга айланган.

Илк қадам. Ишонч — муваффақият калити

Сергей Михайлович Брин 1973 йилда Москва шаҳрида зиёлилар оиласида дунёга келди. Унинг отаси Михаил Израилевич Брин математика фани бўйича профессор, Америка Қўшма Штатларидаги Мэриленд университетида талабаларга дарс берган. Онаси Евгения Валентиновна Брин ҳам маълумоти бўйича математик, АҚШ аэрокосмик агентлиги (НАСА)нинг фазовий учиш марказида мутахассис сифатида фаолият кўрсатган. Сергей олти ёшга тўлганида ота-онаси билан океанорти мамлакатига кўчиб ўтади. Ота-онаси АҚШнинг Мэриленд штатида ўз мутахассисликлари бўйича тезда иш топиб фаолият бошлашади. Сергей эса Адельфидаги “Paint Branch Montessori” мактабига қатнай бошлайди. Бу пайтда болакай инглиз тилида у қадар равон гапира олмас эди. Унинг мактабдаги ўқитувчиси Патти Баршей ўқувчиси ҳақида шундай дейди: “Сергей киришимли бўлмаса-да, бироқ ўзига ишончи истаган нарсасига эриша оладиган даражада баланд эди”.

Сергей тўққиз ёшга тўлганида отаси унга Commodore 64 компь­ютерини совға қилади. Ўрта синфларда унда мамтематика ва информатикага бўлган қобилият юзага чиқа бошлайди. Кейинчалик Гринбелт шаҳридаги “Eleanor Roosvelt” ўрта мактабида таҳсилини давом эттиради. Отасининг айтишича, у фарзандининг ўқиши билан тизимли равишда шуғулланмаган: “Одатда, унинг ўзи менга қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилаверарди”…

Брин мактабни битиргач, Мэриленд университетида таҳсил олиб, математика ҳамда ҳисоблаш тизимлари йўналиши бўйича бакалавр даражасини олди. 1993 йилда Калифорниядаги Стэнфорд университетига ўқишга кириб, магистратура босқичини ҳам муваффақиятли тамомлади.

Сергей Бриннинг онаси бугун фарзанди эришган муваффақиятлардан ҳайратланиб шундай дейди: “Бу ақлбовар қилмас муваффақият. Унинг математика ва компьютерга бўлган қобилияти ҳар доим юқори бўлган, бироқ унинг бундай даражага етишишини тасаввур қилмагандик”.

Инсон тўсатдан бойиб кетса, ўзини қандай ҳис этади, деган саволга Брин камтарлик билан шундай жавоб берган: “Бунга тезда кўникиб кетиш осон эмас. Кўпчилик таъкидлаганидек, бахтни пулга сотиб олиб бўлмайди. Бироқ катта миқдордаги пул бахтнинг бир бўлагинигина ҳадя эта олади, деган фикр қалбимнинг туб-тубида яшириниб ётарди. Аслида ундай эмас экан. Мен эски машинамнинг ижара муддати тугагани учун янгисини сотиб олдим. Бунинг қандай ҳайратланарли жиҳати бор? Мен бундай муваффақият билан эски машинада юришим ҳам мумкин эди”.

Мусиқадан илҳомланган дастурчи

Ларри Пейж 1973 йилнинг 26 март куни АҚШнинг Лансинг шаҳри (Мичиган штати)да зиёли оилада дунёга келди. Унинг отаси Карл Пейж Мичиган университетининг профессори бўлган, онаси Глория Пейж эса шу университетда информатика фанидан талабаларга сабоқ берган.

Ларри саккиз ёшга тўлганида, унинг ота-онаси ажрашади. Шундай бўлса-да, улар фарзандлари тарбиясига бирдай эътибор қаратади — Ларри ҳам отаси, ҳам онасининг ғамхўрлигидан баҳра олиб ўсади. Қолаверса, ота рок мусиқа ишқибози бўлгани боис ўғли билан концертга тушишни хуш кўрарди.

Пейж болаликдан мусиқага қизиқиб, саксoфон чалишни ўрганади. Мусиқий саводхонлик ҳисоб-китоб ҳамда информатика соҳасида уни анчайин сабрли ва мулоҳазали бўлишига туртки бергани рост гап. Пейж суҳбатлардан бирида шундай деган эди: “… мусиқада сиз вақтнинг ўтаётганини ҳис этасиз. Вақт гўё олий ҳакамдек… Агар сиз бунга мусиқа нуқтаи назаридан ёндашсангиз, барабанчи бўлсангиз, чолғу асбобини қандайдир сониялар ичида чертасиз…”.

Пейжнинг хонаси болалигида жуда бетартиб бўлган: ҳамма ёқда компьютерлар, илмий ва техникага доир журналлар қалашиб ётган. “Болалигимда кўп вақтимни китоб ҳамда журналлар мутолаа қилишга сарфлаганман”, дейди Пейж болалик хотираларини ёдга олиб. Таниқли ёзувчи Николас Карлсоннинг айтишича, Пейжнинг уйидаги маънавий муҳит ҳамда ота-она тарбияси унда ижодий ва кашфиётчилик қобилиятининг юзага чиқишига туртки бергани, шубҳасиз.

“Отам информатика фани бўйича профессор бўлгани учун биз бошқаларга нисбатан анча эрта компьютерли бўлганмиз. Уйимизга илк компьютер 1978 йилда ўрнатилган (Ларри ўшанда ҳали беш ёшда эди). Бу Exidy Sorcerer компьютери бўлиб, Европада анча оммалашган, бироқ Қўшма Штатларда ҳали кенг тарқалмаганди. Унинг хотираси 32 килобайт эди. Унга операцион тизимни акамнинг ўзи ўрнатган”, дейди у.

Ларри ўн икки ёшида машҳур кашфиётчи-олим Никола Тесланинг ҳаёт ва фаолияти ҳақидаги мақолани ўқиб қолади ҳамда ўзидан сўнг ана шу физик олим сингари ўчмас ном, оламшумул кашфиёт қолдириш ҳақида ўйлай бошлайди.

Ларри Ист-Лансингдаги ўрта мактабни томомлагач, Мичиган университетида ўқиди. Ушбу олий ўқув юртида ҳисоблаш машиналарини лойиҳалаштириш йўналиши бўйича бакалавр даражасини олди. Бу катта йўл бошидаги илк қадам эди.

Ҳамкорлик меваси

Ларри билан Сергей Стэнфорд университетида — докто­рантурадаги таҳсил пайтида танишишади. Гарчи Ларри билан Сергейнинг феъл-атвори бир-бирига тескари бўлса-да, уларнинг тил топишиши осон кечади. Янада аниқроқ айтганда, Ларри самимий, дангал, Сергей эса аксинча камгап бўлса-да, бу уларнинг дўстлашувига ҳеч қандай малол келтирмайди. Бироқ уларнинг ўхшаш жиҳатлари ҳам йўқ эмасди. Гарчи Ларри бироз гавдалироқ бўлса-да, улар ташқи томондан бир-бирига ўхшаб ҳам кетишади. Қолаверса, уларнинг ҳар иккаласининг ҳам отаси университет профессори бўлишган.

Ларри Стэнфорд университетидаги таҳсил пайтида гуруҳ раҳбари билан маслаҳатлашиб, “BackRub” деб номланган лойиҳа устида ишлайди. Бу Интернетда қидирув тизими билан боғлиқ лойиҳа эди. Ларри мазкур лойиҳа амалиётга кенг татбиқ этилса, кейинчалик унга докторлик диссертациясини ҳимоя қилишда асқотади, деб ўйлайди. Тез орада у Сергей билан мазкур ло­йиҳа устида ҳамкорликда иш олиб боради. Бунинг учун улар информацион технологиялар бўйича таҳсил олаётган талабаларга ажратилган  университетнинг янги биносидаги (бино Билл Гейтс маблағлари ҳисобига қурилгани учун унинг номи билан юритилади) 360 сонли аудиторияни банд қилади.

Ларри билан Сергей 1995 йилдан 1998 йилгача Интернетда зарурий саҳифаларни оча оладиган энг мақбул қидирув тизимини яратиш устида иш олиб борди. Googleнинг илк версияси 1996 йилда Стэнфорд университетининг веб-сервисида ўрнатилди. Университетнинг талаба ва ўқитувчилари www.google.stanford.edu электрон манзили орқали ушбу қидирув тизимидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. 1997 йилнинг 15 сентябрида www.google.com домени рўйхатдан ўтказилди. 1996-1998 йилларда Стэнфорд университети талаба-ўқитувчилари олий ўқув юртидаги компьютерлардан ушбу қидирув тизимидан фойдаланди.

Интернетдаги маълумотлар қидирув тизимини ҳаётга муваффақиятли татбиқ эта олган Сергей ҳамда Ларри мустақил бизнесларини ташкил этишга қарор қилади. Улар Стэнфорд университети билан алоқани узмаслик учун аввалига академик таътил олишга қарор қилишади. Лекин бу вақтинчалик қарор экани кейинчалик маълум бўлиб қолади. Зеро, янги компанияга асос солиш, уни оёққа қўйиш анча меҳнат ва вақтни талаб қилар эди. Ўқиш билан бизнесни бирга олиб боришнинг иложи йўқлиги ойдинлашгач, улар ўзлари учун қадрдон бўлиб қолган университетни бутунлай тарк этишга қарор қилишади. Бу ҳақда уларнинг ўқитувчиси, университет профессори Терри Виноград шундай дейди: “Ларри билан Сергейнинг университетдан ўзларига тегишли бўлган буюмларни қутиларга жойлаб, Стенфорд дарвозасидан олиб чиқиб кетаётган пайтдаги қайғули нигоҳи ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди…”

Стэнфорд университетининг профессори Ражив Мотвани эса бу воқеани шундай эслайди: “Сергей Брин ҳамда Ларри Пейж бир куни менинг олдимга келиб ўз компанияларини тузмоқчи эканликларини маълум қилди. Ўшанда бу хабарни эшитганлар: “Ақлдан оздиларингми? Ахир Интернетда 37 та қидирув тизими мавжуд бўлган шароитда яна биттасига не ҳожат? Қизиқ, буни қандай уддалайсизлар? Маблағни қаердан оласизлар ва компанияни ниманинг ҳисобидан ташкил қиласизлар?” дегувчилар ҳам бўлди. Улар эса бу гапларга парво қилмай: “Мана кўрасизлар, биз уддалаймиз” дейишди.  Улар меҳнат қилишиб, бунинг уддасидан чиқишди”.

Бироқ мазкур лойиҳани такомиллаштириш ва уни кенг омма­лаштириш учун сармоядорларнинг молиявий кўмаги зарур эди. Шу боис улар ўзлари ихтиро қилган қидирув тизимини Kleiner Perkins Caufield & Byers компаниясига 1 миллион долларга сотмоқчи бўлади. Бироқ компания бу таклифни рад этади. Googleнинг келажакдаги имкониятларига тўғри баҳо бера олмай, уни харид қилишдан бош тортганлар сафида AltaVista, Excite Infoseek сингари машҳур компаниялар ҳам бор эди. Кейинчалик — Googleнинг ишлари юришиб кетгач, улар буни олдиндан кўра билмаганлик­лари учун афсус чеккан бўлишса ажаб эмас.

…Университетни тарк этган икковлон Менло-Парк шаҳридаги бир уйнинг гаражида камтарона офис очади. Бу Сьюзен Вожис­кининг уйи бўлиб, 1998 йилда ипотека кредити ҳисобига 600 минг долларга сотиб олган эди. У кредитни тўлашда кўмак учун Ларри ҳамда Сергейга уйнинг бир хонаси ва гаражини ижарага беришга мажбур бўлади.

Орадан саккиз йил ўтиб, Санта-Маргарита кўчасидаги ушбу уйни Google компанияси харид қилади. Бугун бу уй компаниянинг илк офиси сифатида мамлакатнинг диққатга сазовор иншоотлари қаторидан жой олган. Компания учун ўз уйини ижарага берган Сьюзен Вожиски Google ташкил топган дастлабки йиллардаёқ компанияга ишга қабул қилинади. Ҳозирги кунда у компанияда етакчи менежерлардан бири сифатида фаолият кўрсатмоқда.

“Google” ми ё “googol”?

Ларри ҳамда Сергей ўз компанияларини тузиш арафасида унга муносиб ном излай бошлашади. Улар ўзаро келишиб, компанияни бир ҳамда юзта нўлдан иборат саноқни билдирувчи “googol” атамаси билан номламоқчи бўлади. Бу компания, хусусан, “googol” қидирув тизимининг чексиз имкониятларига ишора эди. Лекин бу орада қизиқ бир ҳодиса юз берди. Стэнфорд университетининг профессори Дейвид Черитон Пейж ҳамда Бринни йирик сармоядор дўсти, Sun Microsystems компаниясининг асосчиси Энди Бехтольсхайм билан таништиради. Бунинг учун Черитон дўсти Энди Бехтольсхаймга 1998 йил август ойида электрон мактуб жўнатиб, уни Пейж ҳамда Бриннинг ғоя ва мақсадларидан воқиф этади. Энди Бехтольс­хайм мактубни ўқиб, ёш ихтирочилар билан Черитоннинг хонадонида учрашмоқчилигини маълум қилади. Бехтольсхайм янги компаниялар ташкил қилиш бўйича катта тажрибага эга шахс эди. Қолаверса, у компьютер технологиялари ҳамда Интернет билан боғлиқ сўнг­ги жараёнлардан ҳам бехабар эмасди. Учрашув чоғида Сергей ва Ларри Googleнинг бошқа Интернет қидирув тизимларидан афзалликлари ҳақида маълумот бераётганида, Энди Бехтольс­хайм уларнинг гапини бўлиб, “Бу жуда қизиқ, бироқ роса шошиляпман”, дейди. Компаниянинг номи нима, деб сўраганда ёш дастурчилар Googоl Incorporated деб жавоб беришади. Бироқ Бехтольсхайм шошилганиданми Googоl Incorporatedга эмас, балки Googlе Incorporated номли компания ҳисобига 100 минг долларлик чек ёзиб беради. Истеъмолда ҳали “googlе” атамаси йўқ, қолаверса, компания ҳали расман ташкил этилмаган эди. Банкдан мазкур маблағни олиш учун эса компанияни айнан шу ном билан рўйхатдан ўтказиш талаб этиларди. Бу иш 1998 йилнинг 4 сентябрида амалга ошди — Google компаниясига асос солинди. Компаниянинг устав капитали эса 1 миллион доллар, деб эълон қилинади.  Кундалик ҳаётимизда тобора кўп қўлланиб келинаётган “to google” (излаш маъносини билдиради) феъли 2006 йилда Оксфорднинг инглиз тили луғати рўйхатига киритилади.

Компания логотипининг яралиш тарихи ҳам ўзига хос. Сергей билан Ларри компания ёрлиғини яратиш учун дизайнер Рут Кедарга мурожаат қилишади. Google компаниясининг логотипи жуда оддий бўлиб, ушбу сўздаги ҳарфлардан иборат қилиб ишланган. Унда кўк, қизил, сариқ ҳамда яшил ранглардан фойдаланилган. Бу оддийлик замирида Интернетда фойдаланувчиларни ўзига жалб этиш, ушбу қидирув тизимига нисбатан меҳр уйғотиш мақсади яширинган.

Ёрлиқ муаллифи, дизайнер Рут Кедарнинг таъкидлашича, компания логотипида ҳарфларнинг шакли ва ранги шундай танланганки, бу фойдаланувчиларда қидирув тизимнинг оддий ва сифатли эканига ишонч уйғота олади.

Google — инновацион компания

Google компаниясининг қароргоҳи АҚШнинг Маунтин-Вью шаҳрида (Калифорния штати)да жойлашган. Пичаи Сундараражан компаниянинг амалдаги бош директори сифатида фаолият кўрсатмоқда. Бугун Ларри Пейж ҳамда Сегрей Брин компания­нинг 16 фоиз акцияларига эгалик қилмоқда. Сўнгги ҳисоб-китобларга қараганда, Сергей Бриннинг бойлиги 47,2 миллиард долларни ташкил этади. Ларри Пейж эса унга қараганда 1,3 миллиард долларга ўзиб кетди.

1998 йилда “PC Magazine” журнали тузиб чиққан энг оммавий 100 сайтдан иборат рўйхатда Google қидирув тизими биринчи ўринда қайд этилди. Ўша йили “Google”га мурожаат қилганлар сони кунига 18 миллион етди ва у энг оммавий қидирув тизимига айланди. 2000 йилда компания “AdWords” дастурини ҳам ишга туширди. Унга онлайн тарзда рекламаларни жойлаштириш мумкин эди. 2004 йилда компания акциялари биржада савдо қилина бошланди.

Googleнинг француз, немис, итальян, швед, фин, испан, португал, нидерланд, норвег, дат, сал кейинроқ эса хитой, япон, корейс тилидаги версиялари ишга туширилди. Google кенг имкониятларга эгалиги уни бошқа Интернет қидирув тизимларига қаранда оммалашишига замин яратди. Мисол учун, Google бир қатор фойдали иловаларга эга. Улардан бири — “Chrome” браузери. У “Microsoft” ҳамда “Firefox” браузерлари билан чинакам рақобат қила олади: фойдаланилиши оддий ҳамда тезкор.

“Ҳужжатлар” — бепул дастурий таъминот бўлиб, у ҳужжатлар, жадваллар, тақдимотларни нолдан яратиш имконини беради. Ушбу дастурий таъминот имкониятларидан Google сайти орқали ҳар қандай компьютерда фойдаланиш мумкин. Фақат браузерга эга бўлиш талаб этилади, холос. Googleнинг Earth  дастури Ер шарининг исталган нуқтаси суратини 360 даражагача аниқликда томоша қилиш имконини беради. Дастур аниқ вақтда ишламайди. У танланган жойни аэрофотосуратлар орқали кўрсатади. Бундан ташқари, Google қидирув тизими “Google китоб”, “Google Android”, “Google расмлар”, “Google харита”,  “Gmail”, “Google янгиликлар”, “Google Sets” сингари қулай ва замонавий иловаларга ҳам эга.

Google — энг инновацион компаниялардан бири. Ўтган йили энг кўп патентларни қўлга киритган компаниялар орасида олтинчи поғонани эгаллади. Компания қидирув тизими сайтига жойлаштириладиган рекламалар ҳисобига яхшигина даромад қилади. Google 2010 йилдан бошлаб йирик компаниялар билан ҳамкорликда  “Google Nexus” деб номланган планшет ва смартфонларни ишлаб чиқармоқда. Компания 2017 йилда 12,7 миллиард доллар соф фойда кўрди. Ҳозирги кунда унинг тизимида 80 мингдан зиёд ходим фаолият юритмоқда.

2004 йилда Google Keyhole, Inc. компаниясини сотиб олди. Мазкур стартап ишлаб чиққан “Earth Viewer” деган сервисда Ернинг сунъий йўлдош орқали туширилган суратлари жойлаштирилди. 2005 йилда ушбу сервис “Google Ер сайёраси” деб номланди. Орадан икки йил ўтиб компания 1,65 миллиард долларга YouTube видеохостингини сотиб олди. 2007 йилнинг 13 апрелида Google 3,1 миллиард долларга Интернет рекламаси билан шуғулланадиган DoubleClick компаниясини харид қилди. 2015 йилда Google — Alphabet Incнинг шўъба компаниясига айланди. Alphabet Incнинг амалдаги Бош директори Ларри Пейж, Президенти Сергей Брин, Директорлар кенгаши раиси эса Эрик Шмидт ҳисобланади.

Ўзбекистон Google компанияси ҳамда унинг тузилмалари билан яқин ҳамкорлик қилишга интилмоқда. 2017 йилнинг 6 май куни Тошкентда “Ўзбектелеком” акционерлик компанияси раҳбарияти ва мутахассислари Google Global Cache (GGC) компанияси вакиллари билан учрашди. Учрашув давомида ҳамкорлик ҳамда Ўзбекис­тон фойдаланувчилари учун Google сервисларининг сифатини яхшиланиши масалалари муҳокама этилди.

Учрашувда GGC вакиллари Дейв Швартс ва Ян Клири “Ўзбектелеком” АК технологик майдонида GGC ускуналарини ўрнатиш орқали Ўзбекистон фойдаланувчилари учун Google сервислари сифатининг яхшиланиши имкониятларини намойиш этдилар. Учрашув якунида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишилди.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ,
“Milliy tiklanish” шарҳловчиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг