Ўзини болалар қалбидан топган ижодкор: қандай қилиб фельетончиликдан адабиётга қайтгани ҳақида

0
8

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда “Миллий тикланиш” газетаси ҳамкорликда йўлга қўйган  “Ўзлик ҳақида суҳбат” лойиҳаси доирасида ўтган давр мобайнида таниқли олим ва ёзувчилар, жамоат ва фан арбоблари, партия фахрийлари билан суҳбатлар уюштирилди ва улар ўз мухлисларини топиб улгурди. Ва бундай суҳбатлар изчиллик билан муштарийлар эътиборига ҳавола қилинмоқда…

Ўзликни англаш — бу сўнгсиз жараён. Унинг ибтидоси бевосита болалигимизга бориб тақалади. Дастлаб атроф-муҳитни, ота-онани, яқинларимизни англай бошлаймиз, сўнг дунё илмларини ўрганишга киришамиз. Ана шу “болалик” деб аталувчи беғубор дамларда ўрганганимиз, қалбимизга жо бўлгани келажакда ўзлигимизни англаш ва топишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бугунги суҳбатимизга бола қалби билимдони, сўз санъатининг моҳир намояндаси, бетак­рор адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди ТЎХТАБОЕВни таклиф этдик. Адиб билан суҳбатни “Миллий тикланиш” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Исмат ХУДОЁРОВ олиб борди.

— Сиз билан ҳозир Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг бош офисида суҳбатлашиб турибмиз. Шундай бўлгач, дастлабки савол ўз-ўзидан партия фаолиятига бориб тақалиши табиий. Ижодкор-зиёли сифатида, айтинг-чи, партия ўз фаолиятида кўпроқ нималарга эътибор қаратиши зарур, деб ҳисоблайсиз?

— Энг аввало, шуни айтмоқчиманки, мен “Миллий тикланиш” партияси учун бегона эмасман. Партия ташкил топган дастлабки даврда шу юртнинг бир ижодкори, зиёлиси сифатида унга аъзо бўлганман, тадбирларида фаол иштирок этганман. Эсимда, ўша пайтда партиянинг алоҳида ўз биноси йўқ эди: доим кўчиб юрарди. Эндиликда анчайин кўркам, чиройли бинога эга бўлибсизлар, ҳавасим келди. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Демоқчиманки, партия ўз йўналишидан келиб чиқиб белгилаб олган, олдига қўйган хайрли мақсад-
вазифалари бундан-да зиёдига муносиб, дейишимизга асос бўлади.

— Нима сабабдан партия аъзолигидан чиққансиз?

—  Бунинг икки сабаби бор. Аввало, очиқ айтиш керак, бир пайтлар маълум бир муддат партия ўз фаолиятини сусайтириб юборди. “Қарс икки қўлдан…” деганларидек, ўз навбатида, биз ҳам ундан узоқлашдик.

— Сизни партия аъзолигига қайта таклиф қилсак… нима дердингиз?

— Бажонидил. Чунки мен қалбан ҳамиша шу партия билан биргаман. Гарчи тадбирларида бевосита иштирок этолмаётган бўлсам-да, лекин ўзимни бир ижодкор, зиёли сифатида асарларим билан унинг мақсад-вазифалари ижросига бевосита ҳисса қўшаяпман, деб ҳисоблайман. “Миллий тикланиш” партияси миллатнинг асл қадриятларини кўтариб чиқиши ва ҳимоя қилиши керак. “Ўзбекман” деган одам унга аъзо бўлишга ҳақли. Биз ҳаммамиз шу миллат фарзандимиз. Бизнинг миллий қадриятларимиз дунёга тараннум қилишга арзигулик. Эътибор беринг: саломлашиш, меҳмон кутиш, фарзанд тарбиялаш, ўзгаларни ҳурмат қилиш, ҳалол-пок яшаш… санаб адоғига етиш қийин. Ёки аҳамият берсангиз, дунёнинг кўплаб тилларида маънавият, муҳаббат, садоқат, вафо, ибо, ҳаё каби гўзал тушунчаларни ифодалайдиган сўзлар мавжуд эмас. Демак, мавжуд қадриятларимиз билан биз бошқа халқларга ўрнак бўладиган даражадамиз, айтиш мумкинки, биз бу билан бадавлатмиз, улуғмиз. Ана шу қадриятларимиз — бойликларимиз тарғиботига урғу беришимиз, асраб-авайлашимиз керак. Албатта, фермер ҳам, тадбиркор ҳам керак. Уларнинг кўпайгани яхши. Улар кўпайса, халқ бой бўлади. Лекин ана шу фермер ёки тадбиркор гуллаб-яшнаши, халқини бой қилиши учун, энг аввало, унинг ўзи пок, ҳалол бўлиши, ўзганинг ҳақидан қўрқиши, топганини ўзгалар билан баҳам кўра олиши керак. Бунинг учун миллий қадриятларимизни юксалтиришимиз талаб этилади. Бу ЎзМТДПнинг бирламчи вазифасига айланиши, миллатимиз ва унинг қадриятлари буюклигини нафақат мамлакатимиз, балки бутун оламга ёйишимиз керак.

— Инсон ўзлигини англаши болаликдан бошланади. Бола тарбияси, айниқса, ўзликни англаш ва топишда, сизнингча, болалар адабиётининг ўрни қай даражада?

— Аввало, шуни айтиш жоиз, китоб инсон ақлини чархлайдиган, уни маънавий камолот сари етак­лайдиган бебаҳо бир воситадир. Китоб ўқувчига беқиёс маънавий завқ бериш билан бирга, унда ёзма нутқ кўникмасини шакллантиради. Инсониятни илм, садоқат, вафо, маърифатга ошно этадиган китоблар ўғил-қизларни одилона ва оқилона фикр юритишга ўргатади. Инсон китоб ўқиш, уни англаш, ҳис этиш орқали камол топади.

Шу маънода болалар адабиётини кони фойда, дейиш мумкин. Оддий қилиб айтсак, китоб ўқиган болада сўз бойлиги ошади. Иккинчидан, бола аста-секин ўзини, ўзлигини англай бошлайди. Мутолаа давомида бола ўзини китобдаги яхши ёки ёмон қаҳрамон билан солиштиради, таққослайди. Учинчидан, бола хотираси мустаҳкамланади. Булар шахс ўзлигини англаш, миллат ўзлигини англашнинг илк босқичи, илдизидир. Илдиз қанча мус­таҳкам бўлса, дарахт ҳам шунча пойдор ва кўркам ўсади. Миллатнинг қиёфаси асосан икки ҳодисада кўринади: тилимиз ва урф-одатларимизда.

— Сиз ижодингизнинг дастлабки даврида ёзувчи эмас, журналист, аниқроғи, фельетончи сифатида танилгансиз. 15 йилга яқин “Тошкент ҳақиқати”, “Совет Ўзбекистони” газеталарида ишлагансиз. Худойберди Тўхтабоевнинг танқидий назарига дуч келишдан казо-казолар ҳам чўчигани ҳақида эшитганмиз. Шундай машҳур фельетончи қандай қилиб болалар ёзувчисига айланиб қолди?

— Журналистлик, фельетончилик билан бирга гарчи мунтазам бўлмаса-да ҳикоялар ҳам ёзиб юрганман. Бу орада иккита — 1962 йилда “Шошқалоқ”, 1963 йилда “Сир очилди” ҳикоялар тўпламим, 1964 йилда “Сир очилди”, 1965 йилда “Сеҳрли қалпоқча” қиссаларим бирин-кетин нашр қилинди. Китобхонлардан мактублар ола бошладим. Устозлар ўгити ва тавсиясига амал қилиб ўтган асрнинг 70-йиллари бошида “энди ўзимни буткул болалар адабиётига бағишламасам бўлмайди”, деган хулосага келганман. Қолаверса, табиатимда, феълимда Яратганнинг иродаси билан болалик шундайлигича қолиб кетганига амин бўлгандим…

— Бир суҳбатингизда “Беш болали йигитча” асарингизни болалик хотираларингиз асосида ёзганингизни айтгандингиз…

— Жуда тўғри гап. Агар малол келмаса шу ҳақида батафсил тўхталсам…

Отам боболаридан қолган катта бойлик туфайли “қулоқ” қилинган, у 21 ёш, онам энди 16 ёшга тўлган — турмуш қуришганига ҳам кўп бўлмаган пайтлар. Отам ёмон бир нарсани сезган шекилли, кечки пайт онамни уйғотиб, кутилмаганда “тез тайёрлан, кетамиз”, дейди. (Янада тушунарли бўлиши учун айтадиган бўлсам, отамнинг отасини “30 отли Нас­риддинбой”, деб аташган. Шунинг учун дадам от минишга уста бўлган. Катта бобом Боёнбой ўлпончи бўлган. Ўз замонида хонларнинг солиғини йиққан. Учта юртда — ҳозирги Ўзбекистон туманида икки дарвозали уйи, Қирғизистоннинг Боткентида, Тожикистоннинг Исфарасида ҳам мулки бўлган). Отам билан онам дастлаб Ўзбекистон туманидаги уйга боришади, лекин у ерда ҳам “қулоқ қилиш компанияси” бошланган экан. Анорбой ака деган одам отамга: “Сен миниб келган от ҳеч нарсага ярамайди, менинг катта отимни олгин, тайёрлаб қўйганман, хотининг ҳомиладор экан, эҳтиёт бўл, тез чоптирма, Ўзбекистон тумани орқали эмас, Конибодомдан кетинглар, Бешариқда отангни танийдиганлар бор. Ўша ёққа кет”, дебди. Хуллас, ота-онам Бешариқнинг Толқишлоғига келади. Шу ердаги бойлардан таниши бўлган, лекин бу пайтда улар ҳам “қулоқ” қилиниб, бор мулкини топшириб ўтиришган экан. Шу қишлоқда турганида отамнинг Рафиқ деган ўртоғи югуриб келиб, “отингни тайёрла қочамиз, бу ерда ҳам текширув кетяпти, қизил шапкалилар келган”, дебди. Қайси йўлдан кетиш кераклигини тушунтирибди. Отам онамни отга миндириб йўлга чиқади, бироқ уларнинг орқасидан “қизил шапкалилар” қува бошлайди. Ўшандай бир пайтда онам “мени отдан туширинг, мазам бўлмаяпти”, дейди. Отам ўзича чамалаб кўрса, бу аҳволда Рапқонга ҳам етиб боролмайди. Шундан сўнг нисбатан яқин бўлган Қашқарқишлоққа — онамнинг онаси юртига, Заврохон холамнинг уйига бориб тушишган. Беҳуш ҳолатда бўлган онам шу ерда қолган, отам эса қочишда давом этган. Онам бир ўзига келганида мен туғилганман-у, у яна ўзидан кетган ва уч кундан кейин ҳушига келган…

Онам билан Жўра тоғамникида бир неча йил яшириниб юрганмиз. Бир куни болалар билан ўйнаб юрсам, кўчада тўполон бошланиб кетди, отлар гупурлади. Қарасак, отамни тепиб, судраб келишяпти. Отам остонага етганида қон қусди. Ҳамма бирдан додлаб юборди, табиийки мен ҳам бақирдим. От миниб келганлар дарров кетди, бир зумда ҳаммаёқ тинч бўлиб қолди. Афсуски, отам шу куни оламдан ўтди. Комсомоллар “қулоқ” бўлган одамни қабристонга қўймаймиз, дейишибди. Шунинг учун отам қўшни қишлоқ қабристонига кўмилди. Онам мени етаклаб шу қабристонга кўп олиб борарди. Қулоқ қилинганлар рўйхатида онам ҳам бор экан. Қарангки, ўша пайтда комсомоллар “сен ҳам Украинага кетасан”, деб кўп зуғум қилган. Шунда бир чораси топилибди. Абдуқодир деган олти фарзандли одамнинг хотини вафот этган бўлади. Қариндошлар ўзаро келишиб, онамни ўзидан 50 ёш катта одамга бир кечада никоҳлаб, никоҳ қоғози ҳам ёздириб олишибди. Келганларга шу қоғозни кўрсатиб, “бу Абдуқодирнинг хотини” дейишган экан…

Тақдир тақозоси билан болалар уйида яшаганман. Унисидан бунисига кўчиб, хуллас, учта болалар уйида бўлганман. Дастлаб Яйпанда, у ерда бола кўпайиб кетганидан кейин Қудаш деган жойдаги болалар уйига кўчирилдим. Ундан кейин Дегрезлик маҳалласидаги 2-болалар уйига бордик. Ўша пайтлар 12-13 ёшда эдим. Оғир замонлар эмасми, у ерда ҳам болалар кўп. Тошкент шаҳрида фабрика учун кадрлар тайёрлайдиган мактаб бор экан. Шунга бола сўрашса, болалар уйидан 13 та болани ажратишди — улар орасида мен ҳам борман. Султонали деган ўртоғим ҳам мен билан тушди. У ўзи билан бирга учта укасини ҳам олиб юради: “йўқ, агар кетсам, ўзим билан укаларимни ҳам олиб кетаман”, дейди. Шундан кейин ҳаммамизни йиғиб, Тошкентга, ўша пайтдаги Маориф вазирлигининг эски биносига олиб боришди. Олиб келган аёл — Мария Ивановна бизни ташлади-ю, кетди. Биз уни “Мария полвон” деб атардик. Болаларни учта Меҳрибонлик уйига тарқатиб юборишди. Биз — Султоналининг уч укаси, жами етти бола қолдик. Бир куни Султонали қочамиз, деди. Поезд станциясини кўриб, ўрганиб келибди. “Қўқонга, ўзимизнинг болалар уйимизга кетамиз”, деди. Поезднинг бир-бирига қўшилган ерига чиқиб олиб кетдик. “Қовунчи” деган бекатда милиционерлар бизни ушлаб олиб, чойхонага олиб борди. Ҳаммамизнинг бошимизда болалар уйининг шапкаси. “Қаердан қочдиларинг”, деб сўрашди. Султонали бизга нисбатан ақлли эди. “Биз қочганимиз йўқ, мана шу ердаги бир боғбон бобо бизни боғига меҳмонга айтган. Ўша бобоникига кетяпмиз”, деди. “Э, фалончиникига кетяпсизларми, бир бекат олдин тушиб қолибсизлар, у сал нарироқда”, дейишди. Шундан сўнг чойхоначига, эрталаб фалончиникига жўнатиб юборинг, деб тайинлашди. Ўша куни чойхонада тунадик. Ўшанда бир шолчани буклаб-буклаб, етти боланинг бошига қўйиб беришгани эсимда қолган. Бу, мен одамлардан кўрган биринчи яхшилик эди. Кечаси Султонали ҳаммамизни уйғотди: “Эрталаб бизни яна болалар уйига олиб кетишади”, деди. Ўша пайтда кўча гадой ва етим болалар билан тўла эди. Эрта саҳар, ҳали чойхоначи уйғонмасидан туриб, қочдик. Бир кеча-ю-кундуз то тинкамиз қуригунча юрдик. Поезд йўлига яқин бир қишлоқда тўхтадик, нима қилишга ҳайронмиз — бошимиз қотган.  Султонали укалари билан бирга тиланчиликни яхши ўзлаштирган экан. Йўл-йўлакай тиланчилик қилиб, икки-уч ой деганда Қўқонга кириб бордик. Йўлда Султоналининг Зулайҳо деган синглиси масжидда вафот этди. Уни шу ерлик одамлар кўмагида кўмдик. Кетаётганимизда одамлар “қолинглар, шу қишлоқда фалончининг молини боқиб юрасизлар”, дейишса-да унамадик. Дунёда яхши одамлар кўп экан. Бир станцияда нотаниш чол билан учрашиб қолдик. У қаерга кетаётганимизни сўради. Биз: “Қўқонга”, дедик. “Юринглар меникида бир кун туринглар, ўзим олиб бориб қўяман”, деди. Паст бўйли чол эди — биз уни “Пакана бобо”, дердик. Шу бобоникида икки-уч кун турдик: поясини ўрдик, уй ишларига қарашдик. Лекин хотини кетинглар деб, узоқ туришимизга қўймади. Пакана бобо бизни анча йўлгача кузатиб қўйди. Бизга эшагини бериб, “уни миниб кетинглар, бу Оллоҳ назар қилган эшак, қийналмай етиб оласизлар”, деди. Шундай қилиб, болалар уйига эшак миниб кириб борганмиз. Роса кулгу бўлган. Шундан кейин ҳаммамиз ҳар тарафга тарқаб кетдик. “Беш болали йигитча” асарим ана шу ҳаётий воқеалар асосида ёзилган. Китоб рус тилига таржима бўлди — рус тилида жуда чиройли ном топди: “Свет в заброшенном доме” (“Ташландиқ уйдаги нур”). Шу китобим, айниқса, Европада машҳур бўлиб кетди. Ўнга яқин тилга таржима қилинди.

— Адабиётшунослар сизнинг асарларингизни замонавий адабиётимизда энг кўп тилга таржима қилинган ва энг кўп нусхада босилган, деб эътироф этган. Марказий Осиё миқёсида Чингиз Айтматовдан кейинги ўринга қўйилган. Шу ҳақда ўзингиздан эшитсак…

— Биринчи бўлиб “Сариқ девни миниб” романим рус тилига таржима қилинди. Кейинчалик иккинчи қисми ҳам таржима бўлди: асарларимнинг мухлислари кўпайди. Дарров иккинчи китобимни ҳам сўрашди. Шунда “Беш болали йигитча” асарини бердим. Уни Альберт Лиханов таржима қилди. Ундан кейин “Қасоскорнинг олтин боши” романим таржима бўлди. Шу роман ҳақида “Известия” газетасида ҳам ёзилди.

Асарларим рус тилидан итальян тилига таржима қилинган. Айримлари ҳақида таржима қилинганидан кейин билганман. 1974 йилда нашриётда ишлардим. Бир куни Эркин Воҳидов келиб қолди: “Худойберди ака, ўрнингиздан туринг”, деб мени бағрига босиб, табриклади. Ўша йили Эркин Воҳидов “Фауст” асари таржимаси учун Берлинга таклиф қилинган эди. Берлинда бўлганида бир таржимон Эркин Воҳидовнинг олдига келиб, “сизга Худойберди Тўхтабоев асарининг таржимасини беряпман, ўзига бериб қўйинг ва айтингки, унинг давомини ҳам бериб юборсин”, дебди. Шундан сўнг мен асарларим таржималарини кузата бошладим. Сал ўтиб чех, француз, немис, испан тилларига таржима қилинди. Мен гоҳ хабарини эшитиб қолардим, гоҳ сизнинг китобингиз фалон жойда таржима қилиниб, босилди, Москвага пул юборилган, фалон жойга келиб олиб кетинг, деган мазмундаги хатлар келарди. Шундай қилиб, асарларим икки-уч йил ичида 28 тилга таржима қилинди. Шулардан атиги 14-15 тасини олишга муяссар бўлганман. 80 йиллигим нишонланган кунларда адабиётшунослар жами бўлиб 81 та катта-кичик асарим чоп этилганини, шундан қарийб 50 таси Ўзбекистонда, қолгани хорижда нашр этилганини айтди. “Сариқ девни миниб” романи энг кўп нусхада чоп этилган, десам янглишмаган бўламан. Энди нашр қилинганида ўзимизда кетма-кет 10 мингдан 40 минг нусхада чоп этилганди. 1975 йилда асарларимнинг умумий адади 500 минг нусхага етган. 1983 йилда ўша пайтдаги “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетаси “Миллионер ёзувчи” деган мақола чоп этганди. Унда асарларимнинг умумий нусхаси бир миллионни ташкил этиши ҳақида ёзилган эди. Мана, шунга ҳам 35 йил бўлибди. Ундан кейин янги асарлар ёздим ва улар ҳам бир неча тилга таржима бўлди. Очиғи, аниқ сонини ўзим ҳам билмайман…

— Сиз болалар билан кўп учрашасиз, улар билан мулоқотда бўласиз. Айтингчи, бугунги болаларнинг сўз бойлигидан кўнглингиз тўладими? Бугун бу борада аҳвол қандай?

— Яқинда бир мақола ўқидим, муаллима ёзган экан. “Амир Темур кўчаси бўйлаб кетар эканман, атрофдаги номларнинг  68 таси хориж тилларида ёзилганига гувоҳ бўлдим. Бундай шароитда болалар тилни қаердан ўргансин. Болалар учун яхши китоб йўқ, улар ўртоқлари билан ўйнамайди, кўпроқ телефондаги ўйинга рўжу қўйган. Болалар тили қашшоқ бўлиб бормоқда”, деган мазмунда. Буни яқинда ўқидим, лекин мен бу қарорга бундан тўрт йил аввал келиб бўлганман. Тан олиш керак, оилавий китобхонлик йўқ ҳисоби. Айтайлик, ота тадбиркор (раҳмат, фаолияти янада ривожлансин, топгани баракали бўлсин!), кечқурун уйига келади ва овқатланар-овқатланмас дарров телефонига ёпишади. Она фермер бўлиб кетган бўлиши мумкин (қандини урсин!), у ҳам ўз юмуши  билан бўлиб хонасига кириб кетади, ё телевизор кўради. Ўз-ўзидан аёнки, оилавий суҳбатлар деярли йўқ. Илгари бобо-бувилар бошчилигида қандай маърифий суҳбатлар бўларди…

Бундан тўрт йил бурун бир лойиҳани бошладик: у “Худойберди бобо меҳмонда”, деб номланади. Асосан 2-5-синф болалари билан ишладик. Шу болаларнинг сўз бойлигини ўргандим. Уларда ўртача 1100-1200 га яқин сўз бойлиги бор экан. Кунларнинг бирида ўзимча таниқли адабиётшунос Иброҳим Ғафуровга мақтангим келди. Мен ҳам чакана иш қилмаяпман, болалар сўз бойлигини ўргандим, қабилида. “Қанча экан”, деб сўради. “1100 атрофида”, дедим. У киши: “Худойберди ака, агар 700 тага етса, сизни чин дилдан табриклаган бўлар эдим. Болаларда сўз бойлиги йўқ. Мактабни битиргунигача 13 та дарслик ўқийди, улардан фақат атамалар, нари борса сўзларни ўрганади. Бошқа ҳеч нарса йўқ”, деди. У буни оғриқ ва армон билан айтди. Кейинроқ у киши бу борада юз фоиз ҳақ эканига амин бўлдим.

Бизнинг сўз бойлигимиз эртак, ривоят ва мақолларда сақланмоқда. Биргина дўстликка бағишланган 400 та мақол бор экан. Болаларга тинмай китоб ўқинглар, дейман. Онда-сонда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуфнинг китобларини ўқиб қўйишади, холос. Айни шу маънода давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 13 сентябрида қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори кўпчиликнинг дилидаги қарор бўлди. Китоб ўқиган ёшларга пул мукофоти, ҳатто енгил автомобиль бериляпти. Бу, тез орада ўз натижасини беришига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

— Худойберди ака, сиз ўзбек болалар прозасини юксак даражага кўтарган адибсиз, уни жаҳон миқёсига олиб чиқдингиз. Болалар адабиётида роман, қиссаларнинг пайдо бўлиши ҳам бевосита сизнинг номингиз билан боғлиқ. Лекин назаримда бугун болалар прозаси оқсаб қолаётгандек…

— Сизнинг бу фикрингизни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Мамлакатимизда бугун 118 та нашриёт бор экан. Уларнинг асл вазифаси — китоб чоп этиш. Лекин болалар учун китоб йўқ. Нашриётлар ёппасига чет эл эртакларини таржима қилиб босяпти. Қайси нашриётга борманг, қайси дўконга кирманг инглиз, француз, немис, ҳинд тилларидан таржима қилинган эртакларга дуч келасиз. Ҳозир уларнинг бутун фаолияти таржима асарлардан иборат бўлиб қолмоқда. Ўзбек болалар ёзувчиларининг асарлари онда-сонда босиляпти. Шу ўринда бир гап: 2014 йилда Ёзувчилар уюшмасида болалар адабиёти бўлимининг ҳисоботини тингладик. Шеърият қисмида аҳвол яхши. Лекин бир йил давомида фақат тўртта насрий асар босилибди. Улар ҳам аслида олдинги йилларда нашр қилинган асарлар. Фоизга чақилганида 98 фоизи шеърият, 2 фоизи насрий асарлардан иборат экан. Кейинги йил ҳисоботида эса насрий асар сифатида учта китобни кўрсатишди. Уларни бир-бирига қўшсангиз қалинлиги бир сантиметрга бормайди. Буни ҳатто фоизга ҳам чақиб бўлмайди. Бошқа китоб топилмади, деди ҳисобот берганлар. Таржима эртаклар бор, лекин ўзимизнинг ёзувчиларники йўқ. Қанчалик оғир бўлмасин, тан олишга мажбурмиз: ўзбек болалар адабиёти сўниб қолди.

2018 йил 5 апрелда Президентимизнинг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори чиққанидан сўнг уюшмада катта йиғилиш бўлди. (Қарангки, уюшма ташкил этилганидан бери ўзининг биносига эга бўлмаган, ҳамиша кимнингдир қанотида бўлган). Янги муҳташам бинони ҳавас билан томоша қилдик. Йиғилишга болалар ёзувчилари кўп келса керак десам, саноқли ижодкорни кўрдим. Ушбу фармонда мавжуд камчиликлар очиқ-ойдин айтилди. Биринчидан, болалар адабиётига эътибор камайиб кетган. Иккинчидан, адабиёт билан шуғулланаётганларга меҳр-муҳаббат камайган. Учинчидан, моддий имкониятлар паса­йиб кетган. Тўртинчидан, ижодкорларнинг аксарияти уйсиз, жойсиз. Бешинчидан, ёзилган китобларни тарғиб қилиш ишлари суст. Президент бу фармон билан бугунги адабиётимизга, жумладан болалар адабиётига адолатли баҳо берди.

Агар янги китоб кам ёзилаётган бўлса, унинг ўрнига ҳеч иккиланмай классик адабиётимизни — Зафар Диёр, Қуддус Муҳаммадий, Пўлат Мўмин, Қудрат Ҳикмат, Илёс Муслим, Толиб Йўлдош асарларини чоп этиш керак. Нашриётларда ўтирганлар эса асосан нарса алмашади: “Гулхан”никини мен босаяпман, меникини сен босасан.  Чунки маблағ кам, борини эса бегона қилгилари келмайди. Ўзлариникини алмашаверади, айлантираверади.  Бугунги болалар адабиётининг оқсашига асосий сабаб ҳам шу: улар ўзларини “классик” санаб, мумтоз адабиётни тан олмайди. Улар билан бир куни ҳатто жанжаллашиб ҳам қолдим, икки-уч саҳифа қилиб Қудрат Ҳикматнинг ёзганларини боссанг бўларди-ку, дедим. Унақа шеърни ҳали ҳеч ким ёзолгани йўқ. Ёки Пўлат Мўмин асарларини чоп этиш мумкин-ку?! Такрор бўлса-да, яна айтаман: бундай ҳолат болалар адабиётини сўндирди, холос. Бугунги Ёзувчилар уюшмасида болалар адабиёти бўйича вакил йўқ. Илгари алоҳида бўлим, алоҳида шу соҳанинг вакиллари бор эди, ахир!

Шу ўринда, бир ривоят келтирмоқчиман. Бир киши жуда яхши боғбон, боғ яратган инсон экан. Уни боғидан олиб кончи қилиб тайинлашибди. Касби дарахтлар тагига сув қуйиш эмасми, конга тинмай сув қуйиб уни сувга буткул тўлдириб қў­йибди. Бутун иш расво бўлибди. Бир кончи бор экан, уни боғбон қилишибди. Унинг вазифаси ковлаш эмасми, дарахт тагини ковлайвериб, ҳаммасини қуритибди. Худди шунинг каби болалар адабиётига ҳам бегонани эмас, унинг устаси — вакилини масъул қилиб қўйиш керак. У фақат ҳисобот тайёрлаш учун ўтирмаслиги лозим.

— Асарларингиз асосида кино ҳам ишланган. Шу борада муносабатингизни билмоқчи эдик, умуман, бундай киноасарлардан кўнг­лингиз тўладими?

— Режиссёр “шу асарингизни кино қиламан”, деб келганида сценарийсини кўриб бериш шарти билан рози бўлганман. Лекин мени фақат унинг премьераси куни чақиришди. Уни кўрганим сари ўрнимдан туриб кетяпман: ич-ичимда “Бу менинг Ҳошимжоним эмас-ку, менинг Ҳошимжоним шўх-шаддод бўлиши билан бирга қалби яхшиликка, гўзалликка лиммо-лим бола эди. Менинг Ҳошимжоним қор ёққанча ялангоёқ юрадиган, кўйлагида 10 та ямоғи бор бола эди-ку”, деб нидо қиламан. Кинода эса… қўлига фақат сўнгги русумдаги телефон беришмабди, холос — уни замонавий болага айлантириб қўйишибди. Хуллас, унда ўзимнинг Ҳошимжонимни кўрмадим. Киностудияда ўтирган директорлар, режиссёрлар менга: “Ҳамиша шундай бўлган, одатда ёзувчининг асаридан бир боб олинади, унга режиссёрнинг ҳам қараши қўшилади. Агар шундай қилинмаса асар кино бўлолмайди”, дейишди. Бир неча мисоллар келтиришди. Улар 14 киши, мен бир ўзим — тортишдик. Эркин Аъзам ҳам ўша ерда эди. У: “Худойберди ака, бизнинг фожиамиз ҳам шунда, булар ҳаммаси тайёр бўлганидан кейин бизга айтишади, иш тайёр бўлиб қолган, бу гал рози бўлинг, кейингиларида бамаслаҳат ишлаймиз”, деди. Хуллас, кино экранларга чиқди: асарни ўқиганлар, ундан завқ олганлар уни кўриб, фарёд чекди. Шундан сўнг “Ўзбекистон” телеканалида бир соат муҳокама қилинди. Китоб ўқиганлар бир томон, кино ишлаганлар бир томон. Катта баҳс-мунозара бўлди. Ҳатто кино ишлаганларнинг ўзларидан бири Жанни Родаридек буюк ижодкор баҳо берган асар шошилиб, бузиб кино қилинганини тан олди. Китобхонларнинг 90 фоизи кинодан норозимиз, бироз сабр қилиш керак эди, деган фикрни билдирди. Шунга қарамай фильм намойиш қилинмоқда. Мос­ква­даги танловда мукофотланди, Латвияда соврин олди (улар китобни ўқимаган-да!), яқинда Хитойга юборишди.

— Бугун Президентимиз миллий матбуот олдига янги вазифалар қўйяпти, оммавий ахборот воситаларидан давр шиддатига мос равишда фаолият олиб боришни талаб қил­япти. Айни шу мақсадда яқинда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникация университети ташкил этилди. Юқорида ҳам айтиб ўтилди, 15 йил даврий нашрларда фаолият юритган, фельетонлари билан машҳур бўлган ижодкор сифатида, айтингчи, сизнингча, бугунги
матбуот қандай бўлиши лозим?

— Бундан тўрт-беш йил аввал бир газетада танқидий мақола босилганида унинг ёпилишига бир баҳя қолганди… Холис ва ҳақиқий танқид ёзишга кенг йўл очиб бериш керак. Биз фельетон ёзганимизда, яширмайман, республика раҳбари Шароф Рашидовнинг ҳимоясида эканимизни билардик. Ўша пайтда учта обком котиби журналистнинг фельетони натижасида ишдан олинган. Биз ҳақиқий маънодаги “тўртинчи ҳокимият” эдик. Кейинчалик шундай давр бўлдики, танқидий фикр айтгани қўрқиб қолдик. Матбуотда холис танқидий фикр буткул йўқолиб кетди. Мақтов, ёлғон, қаллоблик яшади, рост гапни айтолмадик. Айтганлар эса чет элларга қочиб кетишга ёки қамалишга маҳкум эди. Энди давр ва шароит буткул ўзгарди. Бугунги давр матбуотдан дадилликни, очиқликни, рост гапни талаб қиляпти. Миллат ва шахс ўзини англайдиган вақт келди…

“Milliy tiklanish” мухбири
Мухторбек АБДУЛЛАЕВ ёзиб олди

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг