Янги бино фойдаланишга топширилди

0
7

Республика болалар ижтимоий мослашув маркази (РБИММ)нинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, ақлий ва жисмоний нуқсони бўлган, сурункали хасталиклар билан оғриган, ота-она қарамоғисиз қолган, нотинч ва кам таъминланган оилалар, шунингдек, ихтисослаштирилган мактаб-интернат болаларининг жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун олиб бораётган қатор амалий ишлари, саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовор. Тизимда олиб борилаётган лойиҳалар болаларни ижтимоий ҳимоялашнинг инновацион усулларини қўллаш, уларнинг жамиятга муваффақиятли интеграциясини амалга ошириш имконини беради.

Марказ ҳузурида 2007 йилда ташкил этилган ахборот-консалтинг хизмати жисмоний ва руҳий ривожланишида турли оғишлар билан мурожаат қилган болаларга коррекцион ёрдам кўрсатиш, уларни таълим муассасаларига йўналтиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Бу ерда болаларнинг муайян жисмоний ва интеллектуал қобилиятини ривожлантирувчи, уларнинг ҳолатида ижобий ўзгариш­ларни шакллантирувчи реабилитацион муолажалар самарали олиб борилмоқда.

— Мамлакатимизда ҳеч бир ўғил-қиз меҳр-муҳаббат ва эътибордан четда эмас, — дейди Республика болалар ижтимоий мослашув маркази мутахассиси Сарвиноз Раҳимова. — Бугунги кунда марказимизда замонавий ахборот-коммуникация ва педагогик технологиялар асосида жиҳозланган хоналарда болаларнинг визуал, эшитиш ва англаш қобилиятларини яхшилаш, марказий асаб тизимининг функцияларини фаоллаштириш юзасидан самарали машғулотлар олиб борилмоқда. Жисмоний тарбия залидаги даволовчи тренажёрлар таянч-ҳаракат тизимида муаммоси бўлган болалар учун хизмат қилмоқда. Бу каби соғломлаштириш машғулотлари орқали, педагог-психологларнинг саъй-ҳаракати сабаб имконияти чекланган болажон ҳам шодон кулмоқда, эртанги кунга ишонч, умид кўзи билан боқмоқда.

1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан марказда ўтказилган тадбирда шулар ҳақида гап борди.

Тадбирда марказга қатнаётган имконияти чекланган болалар ота-онаси ва яқинлари билан иштирок этди. Турли томошалар, қўшиқ, шеър, кўнгилочар танловлардан иборат байрам шодиёнаси иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди. Мусобақа ва кўнгилочар ўйинлар болаларга бир олам қувонч бағишлади.

Бу йилги байрам марказ учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки капитал таъмирланиб, дунё стандартлари асосида жиҳозланган ахборот-консалтинг хизмати биноси фойдаланиш учун топширилди. Бинонинг қисқа муддат ичида буткул янги қиёфа касб этган хона ва заллари нафақат имконияти чекланган болажонларга, балки уларнинг ота-оналарига ҳам қатор қулайликлар тақдим этади. Энди арт-терапия, қум, эртак, мусиқа терапия хоналари, сенсор хонасига қўшимча равишда янги — Монтессори, табиат билан ҳамнафасликни тарғиб қилиш хоналари ишга туширилади.

Нигора НИШОНБОЕВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг