“Соҳил ёқалаб чопаётган олапар” — саҳнада

0
7

Чинакам адабиёт миллат ва сарҳад танламайди, бинобарин, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини кўзга кўринмаган ҳолда мустаҳкамлаб бораверади. Улуғ адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланаётган шу кунларда Ўзбек Миллий академик драма театрида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек мусиқали драма театри жамоаси меҳмон бўлди. Унда театр ижодий жамоаси ёзувчининг “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар” қиссаси асосида саҳналаштирилган спектаклни намойиш этди.

… Мовий кўк янглиғ бепоён денгиз — пўртаналар, мавжлар, туман. Ва ногоҳ ўзингизни тубсиз уммон бўйида ўтиргандек ҳис қиласиз. Хира денгиз узра бир кема чайқалиб-чайқалиб суза бошлайди. Кемада тўрт жон тек қотган: Ўрхон бобо, Милхун, Эмрайин ва мурғак Кириск. Улар шу лаҳзада ҳаёт ва ҳалокат орасида муваққат қолган. Замин мувозанатига дарз кетган…

Чингиз Айтматовнинг “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар” қиссасини Эрнест Хеменгуейнинг “Чол ва денгиз” асарига менгзаш мумкин. Бу асарларнинг бир-биридан фарқи шундаки, “Чол ва денгиз”да мағрибга хос инсон индивиди улуғланса, “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар”да шарқона жамоавийлик тушунчаси теран мазмун касб этган.

Маълумки, Шарқда қадимдан жамоавийлик устувор бўлган. Бу ерларда одамлар ҳеч қачон якка яшамаган. Оғир табиий шароит, турли хил мушкулликлар Шарқ ишиларини аксинча бирлаштирган, бирдамликка чорлаган. Шу боис, Шарқ халқлари табиатида ўзаро ҳурмат, меҳр, инсонийлик, яхши-ёмон кунларда бирга бўлиш, тўй-маросимларни жамоа бўлиб ўтказиш урф-одатга айланган. “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар” қиссасида ана шундай инсоний фазилатлар сингдирилган.

Асар бир қарашда саҳнага мос эмасдек. Лекин компь­ютер технологияларидан оқилона фойдаланилгани, масофавий нурли тасвир узатувчи қурилмалар воситасида саҳнага денгиз руҳи олиб кирилди. Содда декорация билан тикланган саҳна юзасида мовий денгиз намоён бўлади. Бундай технофаол усуллардан фойдаланиш орқали театр саҳнасининг янги имкониятлари очилган.

— Асарда янги авлод келажаги учун ўзини қурбон қилишдек мардонаворлик фазилати улуғланади, — дейди саҳналаштирувчи режиссёр, “Дўстлик” ордени соҳиби Тожимуҳаммад Исроилов. — Асарни саҳнага олиб чиқиш, ички ва ташқи ҳаракатни таъминлашда, унда илгари сурилган асосий ғояни сақлаб қолишга интилдик. Жамоа ушбу мақсад йўлида якдил ишлади. Албатта, ишимизга баҳони томошабин беради.

Донишманд адибнинг навбатдаги асари шу тариқа театр саҳнасида қайта жонланди. Саҳна асари ҳар бир томошабинни чуқур ўйга толдириши, арзимас қийинчиликка дуч келиб, тушкунликка тушиб қоладиган кишиларга чинакам ўрнак бўлиши, бугунги тинч ва осуда кунларимизга шукрона келтиришга ундаши шубҳасиз.

Ислом ИБОДУЛЛАЕВ,
журналист

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг