“Оммавий маданият” тарғиботчиси бўлиб қолмайлик

0
16

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайлов­олди Платформасида ёшларни миллий маданият ва қадриятларни эъзозлаш руҳида тарбиялаш, халқимизга ёт ва ёш авлод онги учун зарарли бўлган “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан уларни муҳофаза қилиш, бу борада телевизион кўрсатув ва радиоэшиттиришлар уюштиришга кўмаклашишга қаратилган аниқ вазифалар белгиланган.

Партиянинг ушбу дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, ЎзМТДП Қашқадарё вилоят ва Қарши туман кенгашлари Қарши туман сервис ва тадбиркорлик коллежида “Ўқувчи-ёшлар маънавиятида бугунги намойиш этилаётган баъзи клип ва кинофильмлар, телесериалларнинг аҳамияти ёхуд “оммавий маданият” таъсиридан огоҳ бўлайлик” мавзусида тадбир ташкил этди. Унда партия фаоллари, устоз-мураббийлар, хотин-қизлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ёшлар қатнашди.

Тадбирда бугун фаолият олиб бораётган давлат ва нодавлат телеканаллар, улар орқали эфирга узатилаётган кўрсатув ва кинофильмлар, видеоклип ва телесериалларнинг томошабинлар, айниқса, ёшлар маънавиятига таъсири хусусида сўз борди. Қайд этилганидек, телеканаллар орқали намойиш этилаётган турли дастурларнинг мазмун-моҳияти, савияси, телетомошабинлар аудиториясига таъсири муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда аксарият ёшлар китобхонликка, маънавиятга чорловчи, тарбияга ундовчи кўрсатувларни эмас, балки хориж кинофильмлари, клип ва телесериалларни, ҳеч қандай маънавий озуқа бермайдиган, шунчаки, мазмунан саёз дастурларни томоша қилишаётир. Улар асосий вақтини ана шундай нарсаларга сарфлаётгани, бундай дастурлар аудиторияси тобора кенгайиб бораётгани ҳам бор гап.

— Оммавий ахборот воситалари кучли таъсирга эга, айниқса, телеканалларнинг аудиторияси жуда кенг, — деди Қарши туман сервис ва тадбиркорлик коллежи директори, ЎзМТДП фаоли Замира Маманазарова. — Бироқ телетомошабинлар орасида турли дунёқарашга эга, ҳатто онги тўла шаклланмаган навниҳол ўғил-қизлар борлигини эътибордан соқит қилмаслик керак. Бу эса ҳар битта телеканал, айниқса, хусусий телеканаллар мутасаддилари зиммасига жуда катта масъулият юклайди. Қолаверса, кўрсатув ва клиплар, кинофильмлар орасидан маънавий озуқа берадиган, миллийлигимизни, ўзлигимизни намо­йиш этувчи дастурларни танлай олишимиз, фарзандларимизни шунга ўргатишимиз лозим. Бу кўп жиҳатдан уларнинг ота-оналарига ҳам боғлиқ. Зеро, ҳар бир нарсанинг яхши ёки ёмон томони бўлганидек, телеканаллардаги намойишларнинг ҳам салбий ва ижобий, ёш авлод маънавий камолотига акс таъсир кўрсатадиган жиҳатлари мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди.

Тадбирда бугун кенг фойдаланилаётган Интернет тармоғи — турли сайт ва ижтимоий тармоқларнинг ёшлар маънавиятига таъсири масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ёшларнинг Интернет тармоғидан фойдаланиш кўникмасини ошириш, уларда фойдали ахборотларни танлай олиш кўникмасини шакллантириш борасида фикр-мулоҳаза ва таклифлар ўртага ташланди.

— Бугун “оммавий маданият”нинг салбий таъсири барчамизни ташвишга солиб турган муаммолардан бири, — деди ЎзМТДП Қарши туман кенгаши раиси Дилрабо Камолова. — У турли кўриниш ва шаклда кириб келмоқда. Айтайлик, фильм, мусиқа, клип, сериал, реклама, ҳатто айрим озиқ-овқат маҳсулотларидаги ёрлиқлар ҳам унинг тарғибот манбаи бўлиши мумкин. Телевидение орқали берилаётган айрим кўрсатув, реклама ҳамда киноларда ҳам айнан “оммавий маданият” кўринишларини билиб-билмай тарғиб этиш ҳолатлари мавжуд. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, умуман, ёш авлодда соғлом дунёқараш ва эътиқодни шакллантириш, улар орасида миллий ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этиш лозим. Чунки кенг билим ва тафаккурли, ҳуқуқий маданияти юксак кишига ҳеч қандай таҳдид хавф сола олмайди.

Тадбир иштирокчилари мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, бу каби тарғибот тадбирларини мунтазам ташкил этишга келишиб олдилар.

Акбарали ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгаши
бош мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг