Болаларга эътибор — келажакка пойдевор

0
10

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб “Болаларга ғамхўрлик — оилавий анъана, маънавий қадриятларнинг муҳим манбаи” мавзуида шу йилнинг 11-16 май кунлари Москвада Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида футбол бўйича ўтказилган I жаҳон чемпионатида Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб, олтин медалларни қўлга киритган ёшлар билан учрашув ташкил этди.

Тадбирда партия Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов юртимизда навқирон авлодга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталиб, ёш футболчиларни бу муҳим ғалаба билан қутлади.

— Мамлакатимизда эртамиз эгаларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган, — деди партия етакчиси. — Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси иштирокчиси сифатида унинг барча банди ва унда кўзда тутилган талабларга оғишмай амал қилиб келмоқда. Мамлакатимизда болалар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайдиган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Ёш спортчиларимиз қўлга киритган ушбу ғалаба, энг аввало, юртимизда фарзандларимизга, қолаверса болалар спортига кўрсатилаётган эътибор самарасидир. Бу каби ютуқлар, албатта, бардавом бўлиши тарафдоримиз. Бугунги кунда мамлакатимизда болаларимиз учун барча шароит муҳайё этилган. Улар кенг ва чуқур билим олиши, бир неча хорижий тилни ўрганиши мумкин. Бу борада Ўзбекис­тон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ҳар томонлама кўмак беришга тайёр. Зеро, партиямизнинг сайлов­олди Платформасида юртимизда жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни камол топтириш ва тарбиялаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Маълумки, бу йил илк маротаба Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида жаҳон чемпионати ташкил этилди. Бунгача эса у ҳар йили халқаро турнир мақомида ташкил этилар эди. Дастлабки жаҳон чемпиони шарафига Ўзбекистон вакиллари эришгани барчани хушнуд этди. Айнан мана шу чемпионатдан бошлаб мазкур турнир худди катта футболдаги каби ҳар 4 йилда бир маротаба, жаҳон чемпионати ўтказиладиган давлатда ва чемпионат олдидан ташкил этилишига келишилгани эътиборга молик. Бу ғалаба мамлакатимизда Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болалар тақдирига бефарқ қаралмаётгани, уларнинг спорт билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилаётганидан дарак беради.

— Жамоанинг асосини пойтах­ти­мизнинг  Юнусобод туманидаги 23-Меҳрибонлик уйининг тарбияланувчилари ташкил этади, — дейди терма жамоа мураббийи Жамшид Асадов. — Турнир кутилмаган жиҳатлари билан ёдда қолди. Чемпионатда қатнашишимиз атиги бир ой вақт қолгандагина аниқ бўлганди. Бундай қисқа вақтда жамоани ҳар тарафлама тайёрлаш осон кечмади. Бунинг устига, Москвага жўнаб кетишимиздан уч кун олдин жамоамизнинг асосий ўйинчиларидан бири Эдгар Шамшилов кутилмаган жароҳат олиб сафдан чиқди. Лекин болаларда ўзига бўлган ишончни уйғота олдик. Шунинг учун жамоамизнинг аҳиллиги, ҳамма ўз вазифасини сидқидилдан бажаргани чемпионликнинг асосий омили бўлди, деб ўйлайман.

— Уч йилдан бери муассасамизда ташкил этилган футбол жамоасида шуғулланиб келаман, — деди жамоа сардори Эдгар Шамшилов. — Жаҳон чемпионати олдидан бир нечта мусобақа ва ўртоқлик ўйинларида ўз кучимизни синадик. Кейин Россияда ташкил қилинган Меҳрибонлик уйлари ўртасидаги жаҳон чемпионатига таклиф олдик. Аммо машғулотлар давомида кутилмаган жароҳат олдим ва мусобақада қатнаша олмадим. Бошида бироз хафа бўлганим рост, кейин эса йигитларимизнинг ғалаба қозонганини кўриб жуда хурсанд бўлдим. Турнир ташкилотчилари менга ҳам алоҳида олтин медаль бериб юборишгани, айниқса, кутилмаган совға бўлди. Ғалабамиз — мамлакатимизда биз каби ёшларга берилаётган эътиборнинг натижаси. Келажакда юртимга содиқ фарзанд бўлиб, унинг ривожига ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман.

Йиғилишда юртимизда болалар спортини ривожлантириш, улар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг ўз дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда болаларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг руҳий-маънавий дунёсини бойитиш, ҳар томонлама баркамол ва жисмонан соғлом авлодни тарбиялашга кўмаклашиб келаётгани қайд этилди.

Тадбир сўнггида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан чемпион жамоа аъзоларига партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

*  *  *

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ҳамкорлигида Юнусобод тумани Беғубор маҳалласида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланиб ўтказилган тадбир “Болалар — бахт чечаклари” деб номланди. Унда ЎзМТДП Тошкент шаҳар ва Юнусобод туман кенгаши ходимлари, депутатлар, ёзувчи ва шоирлар, маҳалла фаоллари ҳамда болалар иштирок этди.

Тадбир аввалида ёзувчи ва шоирлар мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор, болалар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳамда улар учун яратилаётган бадиий асарлар хусусида тўхталиб ўтдилар. Байрамга келган болажонларга “Бир болага — бир китоб” акцияси доирасида китоблар улашилди.

— Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Тошкент шаҳрининг барча туманида “Бир болага — бир китоб” акцияси ташкил этилди, — деди халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Улуғбек Мусаев. — Тумандаги Беғубор, Халқобод маҳаллалари ва Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти қошидаги бошланғич партия ташкилотларида болалар ва катталар учун кутубхоналар фаолияти йўлга қўйилди.

Байрам доирасида ёш мусаввирларнинг ижод намуналари намо­йиш қилинди. Расмларда келажагимиз эгаларининг беғубор нигоҳи, ўзига хос қарашлари акс этган. Бўлғуси моҳир чеварлар тайёрлаган турли кашта, бисер, безак ва буюмлар йиғилганлар эътиборини қозонди. Болалар ўртасида шахмат ва шашка бў­йича мусобақа ўтказилди. Жажжи болажонлар ушбу байрамнинг нафақат меҳмони, балки ўзларининг дилтортар куй-қўшиқлари, дилрабо рақслари билан барчага қувонч улашди.

Тадбир якунида “Энг яхши оила суратини акс эттирган рассом”, “Энг яхши табиат суратини акс эттирган рассом” ва “Энг яхши эртак қаҳрамонини акс эттирган рассом” йўналишларида ғолиблар аниқланди. Шеърият йўналиши ҳамда шахмат ва шашка мусобақалари ғолиблари ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир доирасида маҳаллада истиқомат қилувчи 300 нафардан ортиқ болалар ота-оналари иштирокида бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Юнусобод туманидаги Беғубор, Халқабод маҳаллаларида уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган тўгараклар фаолияти билан танишилди.

Нурбек ЙЎЛДОШЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг