Маънавий юксакликка чорловчи нур: партия ташкилотлари жойларда китоб сайллари ташкил этмоқда

0
12

Жамиятда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, ёшларда ғоявий, мафкуравий хуружларга қарши иммунитетни шакллантириш, ёшларнинг китоб ўқиш кўникмасини, мутолаа маданиятини юксалтириш юрт тараққиётига хизмат қиладиган муҳим омиллардан. Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори юртимиз маданий ҳаётида катта воқеа бўлди. Матбуот, ноширлик ва ахборот соҳасининг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида қатор қонун ва қонуности ҳужжати қабул қилинди.

Бу борадаги ислоҳотларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам муносиб ҳисса қўшишга интилмоқда.  Зеро, ЎзМТДП сайловолди Платформасида ёш авлодни китобга муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш, уларда матбаачилик маҳсулотларига қизиқишни кучайтириш, бу йўналишда ижодий ташкилотлар, нашриётлар ва таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш каби долзарб мақсадлар ўрин олган.

Китобхонлик тарғиботига бағишланди

ЎзМТДП Навоий вилоят кенгаши Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят бўлими, Навоий шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Тафаккур” ёшлар тарғибот маркази ҳамкорлигида ташкил этган “Китоб — менинг ҳаётим” шиори остидаги китоб сайли ёшлар фаоллигида ўтди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Абдулла Қодирий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази, вилоят ахборот-ресурс маркази, Навоий шаҳридаги китоб дўконлари ташкил этган китоб ва китоб маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.

Партия фаоллари, Навоий шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этган анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракцияси аъзоси Козим Тожиев, партия Навоий вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони раҳбари Фахриддин Ражабов, Навоий шаҳар ҳокимлиги бошқарма бошлиғи Амриддин Мирзаев мамлакатимизда халқимиз, айниқса, ёш авлод ўртасида оммавий китобхонлик маданиятини ошириш, юксак маънавиятли, интеллектуал салоҳиятли, ватанпарвар, баркамол шахсни тарбиялаш йўлида самарали ишлар қилинаётганини алоҳида таъкидладилар. Бу борада давлатимиз раҳбарининг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бў­йича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айниқса, маҳалла ёшлари орасида китоб ўқишни тарғиб этиш орқали уларда юксак маънавият, халқимизнинг тарихий анъаналари, маданий меросига чексиз ҳурмат, мамлакатимиз мустақилликка эришганлигининг буюк тарихий аҳамиятини теран англаш туйғуларини шакллантириш, таниқли олимлар, профессор-ўқитувчилар, маданият ва санъат намояндалари, маънавиятчилар билан маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида учрашувлар, маърузалар ва давра суҳбатлари ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, маҳалладаги ёшларнинг бўш вақтларини кутубхоналарда ўтказишни таъминлаш, маҳаллаларда замон талаб­ларига жавоб берадиган китоб дўконларини барпо этиш ва уларда китобларнинг арзонлаштирилган сотувларини ташкил қилиш, олис ҳудудларда сайёр китоб ярмаркаларини ўтказиш масалаларини ҳал этишга эътибор қаратилди.

— Мамлакатимизда маҳалла институтининг аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобхонликка бўлган қизиқишини ошириш, маънавий дунёқарашини кенгайтиришдаги ўрни ниҳоятда катта, — дейди “Тафаккур” ёшлар тарғибот маркази раҳбари Жонибек Шуҳратов. — Бу борадаги тарғибот ишлари кўламини кенгайтириш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар режасини тузганмиз. Хусусан, китобхонлик тарғиботини кучайтириш мақсадида ҳар ойда таниқли ижодкорлар, адабиёт ихлосмандлари ва ёшлар иштирокида навоийхонлик кечалари, янги китоблар тақдимотини ўтказишдек яхши анъана мавжуд. Шунингдек, марказ ходимлари  вилоят ташкилотлари ва маҳаллаларда кўчма кутубхоналар, “Ёш китобхон”, “Китобхон оила”, “Мен севган китоблар” каби мавзуларда интеллектуал викториналар, танловлар ташкил этишни режалаштирганмиз.

Китоб сайли доирасида она Ватан, китоб, тинчлик ва осойишталик мадҳ этилган шеърлар ўқилди, қўшиқлар ижро этилди. Ёшлар иштирокида китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган викторина танлови ташкил этилди. “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 12 нафар кам таъминланган оила фарзандларига партия вилоят ташкилоти томонидан китоблар совға қилинди.

Шу куни яна бир диққатга сазовор акция — асосий иштирокчилари ёшлар бўлган “Китоб тарғиботчилари” гуруҳидан иборат автобус ҳаракатланишига старт берилди. Улар Навоий шаҳридаги Меҳрибонлик уйи, Навоий давлат кончилик институти ҳузуридаги академик лицей ва 19-умумтаълим мактабида бўлдилар.

— Маънавий эҳтиёжни қондириш борасида китобнинг ўрни беқиёс, — дейди халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Дилбар Орзиева. — У хоҳ дарслик, хоҳ бадиий асар, хоҳ лирик достон кўринишида бўлсин, бизни илмга, ҳаётга, яхши инсон бўлишга ўргатади. Шу маънода бугунги тадбир ташкилотчиларининг Меҳрибонлик уйига бориши, тарбияланувчиларга китоблар совға қилингани ҳар томонлама ибратлидир.

Тадбирда китоб сайлидаги фаол иштироки учун бир қатор ташкилотларга ЎзМТДП Навоий вилоят кенгашининг ташаккурнома ва фахрий ёрлиқлари топширилди.

Маржона НОДИРҚУЛОВА,
ЎзМТДПнинг “Навоий ворислари” республика
кўрик-танлови совриндори:

— Халқимиз китобни азалдан қадрлаган, асраб-авайлаган. Амир Темур бобомиз “Китоб барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, деган бўлса, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари “Китоб — беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”, дея эътироф этган. Қуръони Каримнинг илк нозил бўлган оятида “Ўқи” деб амр қилингани ҳам бежиз эмас. Ота-боболаримиз илм ўрганиш, китоб ёзиш ва ўқиш борасида барча даврда бошқаларга ўрнак бўлган. Ўша давр зиёлиси учун Яссавий, Навоий, Фузулий, Бедил, Махтумқули, Машраб ғазалларини ёд билмаслик уят саналган. Хориждан келган олим ва савдогарлар юртимиздаги кутубхоналарни кўриб ҳайратланганлар.

ЎзМТДП ташкил этаётган бу каби китоб сайллари ёшларда аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш, келажак авлод тарбиясига мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтовчи китобхонлик маданиятини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Абдували БЎРИЕВ,
ЎзМТДП Навоий вилоят 
кенгаши матбуот котиби

Ёшлар камолида китобнинг ўрни

ЎзМТДП Сурхондарё вилоят ва Сариосиё туман кенгашлари ҳам туманда “Китоб — маънавият чироғи” шиори остида китоб фестивали ташкил этди.

Тадбир доирасида шоир-ёзувчилар, ёш ижодкорлар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари билан учрашув-мулоқотлар бўлиб ўтди. “Ёш китобхон”,  “Китобхон оила”, “Китоб – беминнат устоз”, “Китоб ўқишда фарзандларингизга ўрнак бўлинг!”, “Энг китобхон мактаб”, “Энг фаол кутубхоначи”, “Энг яхши китоб ярмаркасини ташкил этган тадбиркор” каби мавзуларда интеллектуал викторина, танлов, “Мен севган китоблар” мавзусида ижтимоий сўровнома ўтказилди.

Сариосиё туманидаги 68-умумтаълим мактабида фестиваль доирасида китоблар кўргазмаси намойиш этилди. Унда тумандаги барча умумтаълим мактаби ўзининг кутубхона фонди билан қатнашди.

— Таълим ва тарбияни ўзида мужассам этган китобхонлик инсонларнинг билимини юксалтиришга, маънавий камолотига хизмат қилади, — дейди ЎзМТДП вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони раҳбари Сайдулла Абдураимов. — Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида маънавий-маърифий соҳаларда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида бу борадаги вазият ҳам бутунлай ўзгарди. Шундай экан, китобхонлик ва мутолаага қизиқиш ҳар кунги юмушимиз бўлиб қолмоғи лозим. Токи, ёш авлод бундан ибрат олсин, келажагини илм ва маърифатда, деб билсин.  Фестиваль доирасида ташкил этилган семинарда мактаблар кутубхона фондлари таҳлил этилди, улар фаолиятини тубдан такомиллаштириш вазифаларини биргаликда кўриб чиқиш имконига эга бўлдик.

Ишонамизки, мазкур семинардан сўнг китоб фонди қониқарли бўлмаган мактаблар маъмурияти ўз иш фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиб, китобхонлар учун зарур шароит ва имкониятларни яратишга ҳаракат қилади. Ушбу жараёнда ёшларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини аждодлардан мерос умуминсоний ғояларга тўйинган, мағзи тўқ маълумотлар билан қондириш, уларни онг ва тафаккурни тарбияловчи адабиётга ошно этиш долзарб аҳамиятга эга. Бундан кўзланган асосий мақсад — ўғил-қизларнинг миллий адабиётимизга қизиқишини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш.

“Китоб — маънавият чироғи” шиори остидаги китоб фестивали китобхонлар ўртасида ижодий танлов ва шеър­хонлик кечаси билан якунланди. Сариосиё туманидаги 68-умумтаълим мактабининг болалар ижодий жамоаси ижросидаги концерт дастури, тарихий асарлар асосида тайёрланган саҳна кўринишлари тадбирга ўзгача завқ бағишлади.

Тадбир доирасида “Энг китобхон мактаб”, “Энг фаол кутубхоначи”, “Энг яхши китоб ярмаркасини ташкил этган тадбиркор” каби номинациялар бўйича ғолиблар ЎзМТДП вилоят кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Намоз ЖЎРАЕВ,
ЎзМТДП Сариосиё туман кенгаши раиси:

— Мамлакатимизда халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларнинг миллий адабиётимизга, китоб ўқишга бўлган меҳрини тобора ошириш масаласига доимий эътибор қаратилмоқда.

Бугунги китоб фестивалида ҳам китобнинг инсон ҳаёти ва жамият тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Ҳозирги кунда олис қишлоқлардаги мактабларда ҳам кутубхона бор. Давлатимиз томонидан мазкур кутубхоналар фонди бойитиб борилмоқда. Энди ўқувчиларнинг китобга қизиқишини янада ошириш, уларда мутолаа маданиятини юксалтириш керак. Фестиваль давомида ёшларда китобхонликка интилиш кучлилигини кўрдик. Айниқса, уюшмаган ёшларнинг тадбирга жалб этилгани катта ютуғимиз бўлди.

Тадбир доирасида ўтказилган амалий семинарда китобхонлик масалалари, ахборот-ресурс марказлари фаолияти таҳлил этилди. Мактаб ўқувчиларининг кутубхоналарга ташрифи таҳлилига бағишланган  тақдимотлари барчага манзур бўлди.

Наргиза ШАЙДУЛЛАЕВА,
ЎзМТДП Сурхондарё вилоят
кенгаши матбуот котиби

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг