Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмаяпти

0
6

Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган эзгу ғоя асосида жойларда фуқаролар билан доимий мулоқотлар ташкил этилаётир, уларни қийнаётган муаммоларга ўз вақтида ижобий ечим топилаётир. Айни шу мақсадда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва унинг жойлардаги ташкилотлари қошида ташкил этилган Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш секторлари ҳам аҳоли мурожаатларини тинглаш, уларни қийнаётган муаммо ва эҳтиёжлардан бохабар бўлиш ҳамда ўз вақтида бартараф этишга интилмоқда. Хусусан, партия Андижон вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг бу борада олиб бораётган ишлари эътиборга молик.

— Мамлакатимизда фуқаролар билан мулоқотнинг янгича тизими — халқ қабулхоналари институтининг ташкил этилгани давлат идоралари ва аҳоли ўртасидаги мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш, очиқликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди ЎзМТДП Андижон вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассиси Одилжон Ботиров.

— Аҳоли билан партия ташкилотлари ва депутатларимиз ўртасида доимий мулоқот ўрнатилмоқда, уларнинг дарду ташвишлари, муаммолари ўрганиб борилмоқда. Фуқаролардан келаётган ҳар бир ариза, шикоят ва таклиф чуқур ўрганилиб, уларга ижобий ечим топишга интиляпмиз. Масалан, шу йилнинг ўтган беш ойи давомида фуқаролардан партия ташкилотларига келиб тушган 185 мурожаатнинг 134 таси ёки 73 фоизи ижобий ҳал этилди. Бирорта мурожаат эътибордан четда қолмаяпти. Қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларига йўналтирилиб, тегиш­ли мутасаддиларга депутатлик сўровлари юборилмоқда.

Олтинкўл тумани “Узун кўча” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Шаҳло Жалилова ўзи ва турмуш ўртоғининг бандлигини таъминлаш ва вояга етмаган фарзанди учун болалар нафақасини олишда амалий ёрдам сўраб ЎзМТДП Андижон вилоят кенгашига мурожаат қилди. Мурожаат депутатлар томонидан ўрганиб чиқилганидан сўнг Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Олтинкўл тумани бўлинмаси мутасаддиларига депутатлик сўрови юборилди. Натижада Шаҳло Жалилова ва унинг турмуш ўртоғи ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди, вояга етмаган фарзанди учун болалар нафақаси тайинланди.

Хонобод шаҳар “Мустақиллик” МФЙда яшовчи Шоҳида Рустамова мутахассислиги бўйича иш билан таъминланишида амалий ёрдам сўраб партия Хонобод шаҳар кенгашига мурожаат қилди. Мазкур мурожаат юзасидан Хонобод шаҳар Бандликка кўмак­лашиш марказига хат чиқарилганидан сўнг фуқаро иш билан таъминланди.

— Анчадан буён мутахассислигим бўйича иш қидираётгандим. Ҳеч имкони бўлмаганидан сўнг ЎзМТДП Хонобод шаҳар кенгашидан амалий ёрдам сўрадим, — дейди Шоҳида Рус­тамова. — Мурожаатим тезда кўриб чиқилди. Орадан кўп ўтмай партия ташкилоти кўмагида ҳудудимиздаги “ЛЭНС Текстил” корхонасига ишга қабул қилиндим. Бундан жуда хурсандман.

Хўжаобод тумани “Хидирша” МФЙда яшовчи Гавҳарой Жаҳонгирова ҳам анча вақтдан буён иш қидираётганди. У амалий ёрдам сўраб шу туман партия кенгашига мурожаат қилди. Натижада, депутатлар кўмагида тумандаги “Барчиной текстил” корхонасига ишга жойлашди.

Бўз туманининг “Гузар” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Қўзибой Эргашевдан туман партия кенгашига маҳаллада ишсиз юрган ёшларнинг иш билан бандлигини таъминлашда амалий ёрдам сўралган мурожаат келиб тушди. Фуқаронинг мурожаати депутатлар томонидан ўрганилиб, туман миқёсида амалга оширилаётган йирик лойиҳа — “Сайёра фаввораси” корхонаси тез кунларда ишга тушиши ва ёшларни ана шу корхонага ишга жойлаштириш мумкинлиги маълум қилинди. Унга қадар эса маҳалла ёшлари партиянинг “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида тикув-текстил йўналишида малакасини ошириш бўйича ўқув курсига жалб этилди. Бу эса ёшларнинг билим кўникмаси ошишида айни муддао.

Мамлакатимиз аҳолиси йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, аҳолининг кундалик эҳтиёжларидан бири — табиий газга бўлган эҳтиёжини ҳам ошираётир. Айниқса, аҳоли энг зич жойлашган Андижон вилоятида фуқароларнинг газ таъминоти билан боғлиқ муаммолари, хусусан, янги оилалар, маҳаллаларда табиий газ тармоғига уланиш, бир неча йил аввал ўша пайтдаги хонадонлар ва аҳоли сонига мўлжаллаб тортилган газ қувурларидаги босим бугунги кун талабларига жавоб бермаётгани сабабли бу борада тез-тез мурожаат келиб тушмоқда.

Асака туманининг Мирзо Улуғбек номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар маҳалланинг тўртта кўчасини табиий газ тармоғига улаш бўйича амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ушбу мурожаатга асосан халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутатлар томонидан Асака туман ҳокимлиги ва “Ўзтрансгаз” акционерлик жамиятининг туман филиали мутасаддиларига депутатлик сўрови юборилди. Натижада ушбу ҳудуднинг табиий газ тармоғига уланиш масаласи маҳаллий дастурга киритиладиган бўлди.

Айнан шундай мурожаат вилоятнинг Избос­кан тумани Амир Темур номидаги МФЙ Ғалаба кўчаси 1-уйда истиқомат қилувчи Гулжаҳон Тожибоева томонидан ҳам келиб тушди.

— Яхши ниятлар билан янги уй-жой қуриб кўчиб ўтдик, — дейди Гулжаҳон Тожибоева. — Хонадонимизни табиий газ тармоғига улашда амалий ёрдам сўраб ЎзМТДП Андижон вилоят кенгашига мурожаат қилдим. Мурожаатим ижобий ҳал этилди. Партия депутатлари “Ўзтрансгаз” акционерлик жамиятининг Избос­кан туман филиали мутасаддиларига депутатлик сўрови юборди. Натижада уйимиз табиий газ қувурларига уланди.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Энг муҳими, аҳоли жойларда ЎзМТДП ташкилотлари ва депутатлар кўмагига ишониб, уларга мурожаат қилаётир. Бунда ЎзМТДП ҳудудий ташкилотларининг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш секторлари муносиб улуш қўшмоқда.

Нурбек ЙЎЛДОШЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг