Қуйи бўғин фаолиятини янада такомиллаштириш — долзарб вазифа: жойлардаги ўқув-семинарлар ана шундай мақсадга қаратилмоқда

0
13

Бошланғич партия ташкилоти партиянинг энг қуйи тузилмаси сифатида аҳолининг турли қатламлари билан бевосита иш олиб бориш, дастурий вазифаларни тарғиб-ташвиқ қилиш, партия сафини унинг мақсад ва ғояларини қўллаб-қувватлайдиган фаол аъзолар билан кенгайтиришда муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, аҳоли билан мунтазам мулоқот ўрнатиш, партия ташкилотлари ва гуруҳлари билан ҳамкорликда жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан таклиф-ташаббус­лар ишлаб чиқиш имконига ҳам эга.

Модомики шундай экан, ўз-ўзидан савол туғилади: мавжуд барча бошланғич ташкилот ҳам ўз ваколати доирасида иш олиб боряптими? Бугун ЎзМТДП ҳудудий ташкилотларининг партия гуруҳлари билан ҳамкорлиги қай даражада йўлга қўйилган? Жойларда партия электорати манфаатлари ҳимояси таъминланаяптими? Истиқболдаги вазифалар нималардан иборат? Бу каби савол-масалалар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташкилотлари томонидан ўтказилаётган “Бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини янги босқичга кўтаришдаги асосий вазифалар” мавзусидаги ўқув-семинарларда чуқур ўрганилмоқда ва таҳлил қилинмоқда.

ЎзМТДП Тошкент вилоят кенгаши ташкил этган семинарда партиянинг Бўстонлиқ, Қибрай туманлари ҳамда Чирчиқ шаҳар кенгашлари тизимидаги қуйи бўғин етакчилари ва фаоллари иштирок этди.

Тадбирда ЎзМТДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Маҳмуд Назаров асосий эътиборни бошланғич партия ташкилотларининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, партиянинг сайловолди Платформаси ижроси, ҳудудий партия ташкилотларининг партия гуруҳлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш каби мақсад-вазифаларга қаратди.

Таъкидланганидек, айни пайтда партиянинг аҳолига энг яқин бўғини ҳисобланган бошланғич партия ташкилотларининг турли жабҳада рўй бераётган ўзгаришлардан аҳолини хабардор қилиш, қабул қилинаётган қонун, фармон, қарор ва давлат дастурлари мазмун-моҳиятини тушунтириш, ЎзМТДП ғояларини кенг тарғиб қилишдаги фаолиятида жонланиш кузатилаётган бўлса-да,  лекин у ҳали етарли эмас.

Семинарда қуйи бўғинлар фаолиятини янги босқичга кўтариш, улар фаолиятида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, уларни бартараф этишнинг муҳим жиҳатлари хусусида таклиф-мулоҳазалар билдирилди. ЎзМТДП Тошкент вилоят кенгаши тизимидаги қуйи бўғинларнинг туман ва шаҳар партия ташкилотлари кесимидаги ўсиш динамикаси, дастурий вазифалар ижроси йўналишида амалга ошираётган ишлари чуқур таҳлил қилинди.

Шунингдек, сиёсий партиялар учун муҳим синов — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайловлар партиянинг барча даражадаги ташкилотлари, хусусан, қуйи бўғинлардан ҳам фаоллик ва ташаббус­корлик талаб этиши таъкидланди. Сайловларнинг қонуний, демократик тамойил­лар асосида ўтиши, электорат эътиборини қозониш, аъзолар сонини кўпайтириш кўп жиҳатдан фуқаролар фаоллигига боғлиқ. Аҳолининг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий маданияти, ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси юксалишида эса уларга энг яқин ҳисобланган қуйи бўғинлар муҳим ўрин тутади. Партия фаолиятининг долзарб вазифалари ижросини таъминлаш, ғояларини ҳаётга татбиқ этишда бошланғич партия ташкилотлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Афзал ХУДОЙБЕРГАНОВ,
“Ермулккадастр” давлат корхонасининг Бўстонлиқ туман
филиали қошидаги бошланғич партия ташкилоти етакчиси:

— Қуйи бўғинларнинг асосий вазифаси фақат бадал тўлаш ёки партия аъзолари сафини кенгайтиришдан иборат бўлиб қолмаслиги керак. Бугунги давр улардан аҳоли билан мунтазам алоқа ўрнатиш, партия ташкилотлари ва депутатлар билан биргаликда фаол иш олиб бориш, долзарб масалаларни маҳаллий Кенгашлар сессияларига олиб чиқиш учун таклифлар бериш, жойларда учраётган муаммо ва камчиликларни чуқур ўрганишни тақозо этмоқда. Бироқ очиқ тан олишимиз керак, бу борадаги фаолиятимизни қониқарли, деб бўлмайди. Семинарда фаолиятимизнинг ана шу жиҳатлари чуқур таҳлил қилинди, уни такомиллаштиришга доир таклиф-тавсиялар берилди. Турли ташкилот ва корхоналардаги қуйи бўғинлар иши билан яқиндан танишув, илғор тажрибалардан баҳрамандлик келгуси фаолиятимизда асқотиши шубҳасиз.

* * *

Қуйи бўғинларнинг маҳалла ёки қишлоқ фуқаролар йиғинлари, корхона, муассаса ва ташкилотлар қошида ташкил этилиши, албатта, бежиз эмас. Чунки улар аҳолига яқин бўлиб, шу жойдаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар, электоратни ўйлантираётган масалалардан яхши хабардор бўлади.

ЎзМТДП Янгиариқ туман кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган бошланғич партия ташкилотлари иш фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган семинарда ҳам шу хусусда сўз борди. Унда партия фаоллари, қуйи бўғин етакчилари, халқ депутатлари туман Кенгашига партиядан сайланган депутатлар иштирок этди.

— Айни пайтда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят  кенгаши тизимида 342 қуйи бўғин фаолият олиб бормоқда, — деди ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши раиси Ражаббой Рўзметов. — Ўқув-семинарларда уларнинг фаолияти танқидий таҳлил қилинмоқда, камчилик ва муаммолар рўй-рост айтилмоқда. Улар фаолиятини жонлантириш, бугунги шиддатли давр олдимизга қўяётган талабларга мос тарзда ишлаш, бўлғуси сайловларга муносиб тайёргарлик кўриш, партия дастурий мақсад-вазифаларини тарғиб этишда тарғиботнинг замонавий усулларидан фойдаланиш, аҳолининг ичига чуқурроқ кириб бориш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, юқори ташкилот ва депутатлик бирлашмаларига ҳаётий таклифлар бериш каби масалалар муҳокама қилинмоқда.

Семинар давомида бошланғич партия ташкилотлари етакчиларининг сиёсий, ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида интерфаол машғулотлар ўтказилди, партия ташкилотлари ва гуруҳлари билан мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйишга доир таклифлар ишлаб чиқилди. Қуйи бўғинлар фаолиятини таҳлил қилиш баробарида ёшларни диний экстремизм, “оммавий маданият”нинг таъсиридан асраш, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.

Семинарда шу ва бошқа масалалар бўйича иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари ўрганилди, камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Ойдин АЛИМАРДОНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири,
Алишер РАҲМОНОВ,
ЎзМТДП Хоразм вилоят
                                кенгаши етакчи мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг