Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолияти ўрганилмоқда

0
11

Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастурида болалар мусиқа ва санъат мактаб­ларини қуриш ва ҳудудий жиҳатдан мақбул жойлаштириш бўйича бошланган ишларни мантиқий давом эттириш, болалар ижодий салоҳиятини ошириш, мусиқа ва санъатга нисбатан меҳр-муҳаббат уйғотиш, бу борада тўпланган жаҳон тажрибаси ва меросини ўрганиш учун шарт-шароит яратиш каби мақсад вазифалар белгиланган.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида мамлакатимизда болаларнинг руҳий-маънавий дунёси ва маданий савиясини ўстиришда нафақат миллий, балки жаҳон мусиқа санъатини ҳам чуқур ўрганиш ва ютуқларини ўзлаштириш, халқаро нуфузли танловлар ва фестивалларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, маданият муассасалари, “Баркамол авлод” болалар марказлари, мусиқа ва санъат мактабларини ривожлантиришга кўмаклашиш маънавий ва маърифий соҳадаги устувор вазифалардан бири саналади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Жиззах вилоят кенгаши, туман (шаҳар) кенгашлари ходимлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатларидан иборат ишчи гуруҳлар вилоятдаги барча болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолияти ва уларда “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти қарорининг ижросини ўрганди.

Бугунги кунда Жиззах вилоятида 15 та болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 12 таси 2010-2016 йиллар оралиғида янги қурилган, қолган 3 таси капитал реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилган.

Мазкур мактаблар жами 2 минг 550 ўқувчига мўлжалланган бўлиб, айни пайтда 3 минг 489 ўқувчи таҳсил олмоқда. Мирзачўл ва Зафарободдан ташқари барча туманда ўқувчилар белгиланган миқдордан ортиқ қабул қилингани аниқланди.

Бугунги кунда вилоятдаги жами мактаб ўқувчиларининг 1,7 фоизи мусиқа ва санъат мактабларига қамраб олинган. Улар орасида кам таъминланган оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳам бор.

Зомин, Пахтакор ва Ғаллаорол туманларида белгиланган йўналишларнинг барчаси бўйича сабоқ берилаётган бўлса, мутахассис ва педагог кадрларнинг етишмасиги натижасида Арнасой, Мирзачўл, Бахмал ва Зарбдор туманларида айрим йўналишлар таълим жараёнига киритилмаган.

Мавжуд болалар мусиқа ва санъат мактабларида жами 456 ўқитувчи таълим бермоқда. Уларнинг 102 нафари олий, қолган 354 нафари ўрта-махсус маълумотга эга. Бу эса мазкур мактабларга олий маълумотли малакали кадрларни жалб қилиш зарурлигини тақозо этади. Ўрта-махсус маълумотга эга ўқитувчиларнинг аксарияти вилоятдаги Жиззах санъат коллежини битирган ўқувчилардан иборат.

Ўрганишлар жараёнида ўқитувчиларнинг малака ошириши борасида ҳам сусткашликка йўл қўйилаётгани аниқланди — сўнгги уч йил мобайнида жами ўқитувчининг 73 нафари малака оширган, холос.  Фақат Жиззах шаҳар, Арнасой ва Пахтакор туманларидаги мактабларда малака ошириш тизимида  ижобий ҳолат кузатилаётир — ўқитувчилар Р.Глиэр номидаги Респуб­лика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ҳамда Жиззах давлат педагогика институтида малака оширган. Айрим ҳудудлардаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида малака ошириш тизими яхши йўлга қўйилмаган. Бу ҳолатни мазкур мактаблар маъмурияти болалар мусиқа ва санъат мактаблари Халқ таълими вазирлигидан Маданият вазирлигига ўтказилгани, бу эса моддий-техник база, малака ошириш сингари тизимларга салбий таъсир этганлиги билан изоҳлашди. Педагог ходимларнинг малака ошириш жараёнларида замонавий технологиялар асосида ўқитиш, янги мусиқий асбоблар билан таништириш, амалий ишлар олиб боришда янгиликлар талабга жавоб бермаслигини ҳам таъкидладилар.

— Ўрганишлар жараёнида Жиззах шаҳрида санъатга иштиёқманд  болалар кўплиги ва ҳудуддаги иккита мусиқа мактаби уларни тўла қамраб олиш  имкониятига эга эмаслиги аниқланди, — деди ЎзМТДП Жиззах шаҳар кенгаши раиси Нигора Мухторова. — Бу эса мавжуд мусиқа ва санъат мактаблари учун қўшимча ўқув бинолари ёки янги мактаб қуришга эҳтиёж мавжудлигини кўрсатади. Вилоятдаги мусиқа ва санъат мактабларининг барчасига хос бўлган яна бир муаммо шундан иборатки, таълим муассасаларида хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган методик қўлланмалар мавжуд эмас, маҳаллий ва хорижий композиторлар ижодига оид нота тўпламлари, дарсликлар, ўқув қўлланмалар, мультимедиа шаклидаги ўқув адабиётлари ва кўргазмали қуроллар етишмайди, мавжуд адабиётларнинг аксарият қисми эски ва яроқсиз ҳолга келиб қолган. Бу эса ҳар йили давлат бюджетидан умумтаълим мактаб­лари дарсликлари учун ажратилаётган маблағлар доирасида болалар мусиқа ва санъат мактабларига керак бўладиган дарсликлар сони ва турини ҳам эътиборга олишни талаб этади.

Бундан ташқари, мактаблар учун ўрнатилган бадал пули миқдори ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак. Чунки бу туман ва шаҳарларнинг марказида жойлашган аҳоли учун  мақбул нарх ҳисобланиши мумкин, аммо чекка туман ва қишлоқлардаги ота-оналарга қийинчилик туғдирмоқда. Мактабга бориб-келиш харажати, фарзанди учун чолғу асбобларини ўзлари сотиб олаётган оиланинг молиявий ҳолатига таъсир қилаётир.

Ана шулардан келиб чиққан ҳолда узоқ ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудлардан мактабга қатнаётган ўқувчилар учун бепул автобус қатновини йўлга қўйиш ёки имтиёзли нарх белгилаш таклифи билдирилди.

Шу ўринда вилоятдаги айрим мусиқа ва санъат мактабларида илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда янги ўқув дастурлари ва ўқитиш методикалари ишлаб чиқилганлиги ҳамда мукаммал ўқув-педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Дарс машғулотлари “устоз-шогирд” анъаналари асосида, ахборот-коммуникация технологиялари, электрон доскалардан унумли фойдаланган ҳолда ўтилмоқда. Мазкур мактабларнинг ўқувчилари ва ўқитувчилари халқаро ва республика миқёсида ташкил этилган кўрик-танловлар, фестиваллар, кўргазма ва концертларда иштирок этиб яхши натижаларни қўлга киритган. Масалан, 2016-2017 йиллар давомида 8 ўқувчи халқаро, 9 ўқувчи республика миқёсида ўтказилган танловларда иштирок этган ва фахрли ўринларни эгаллаган, 2009 йилдан буён мактабларнинг 16 нафар ўқитувчи ва жўрновозлари тармоқ ва давлат мукофотлари билан тақдирланган.

Ўрганишлар жараёнида байрам ва тадбирларда ҳудуддаги корхона, муассаса ва ташкилотлар ёхуд туманларда концерт дастурларини уюштириш ва саҳналаштириш борасида профессионал композиторларнинг амалий ёрдами зарурлиги маълум бўлди. Мактаблардаги ошхоналар ҳолатини қайта кўриб чиқиш, пуфлама чолғу асбоблари билан таъминланишга доир муаммоларни бартараф этиш, мавжуд тиббиёт хоналарини дори воситалари ва жиҳозлар билан таъминлаш, ҳамшира штати ҳамда ойда бир маротаба ўқувчи ва ўқитувчилар учун тиббий кўриклар ташкил этиш кераклиги аниқланди. Мактаблар тасарруфидаги концерт залларига эътибор қаратиш, ўрта-махсус маълумотга эга бўлган ўқитувчи ва ходимларни қайта тайёрловдан ўтказиш, малакасини ошириш, уларга олий маълумот олиши учун шароит яратиш зарурлиги маълум бўлди.

ЎзМТДП Жиззах вилоят кенгаши
 маълумотлари асосида
 “Milliy tiklanish” мухбири
Дилфуза МАҲКАМОВА тайёрлади.

 * * *

Самарқанд вилоятида 29 та болалар мусиқа ва санъат мактаби  фаолият кўрсатиб, уларда тарбияланаётган 6 минг 864 ўғил-қизларга 1 минг 145 педагог-мураббий санъат сирларини ўргатиб келмоқда. Мазкур мактаб­ларда ташкил этилган мусиқа, рақс, чолғу асбоблари сингари йўналишлар ва вокал болалар ижодий жамоаларининг сони эса 40 дан зиёд.

Бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги 3-болалар мусиқа ва санъат мактабида 455 нафар ўқувчига 12 та йўналиш бўйича сабоқ берилмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят ва шаҳар кенгаши фаоллари, маданият бошқармаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд шаҳар бўлими масъул ходимлари муассасада ўқувчилар учун яратилган шароитларни ўрганди. Ўрганиш жараёнида аниқланишича, ҳар бир синф хонаси белгиланган мусиқий йўналишда замон талабларига мос ҳолга келтирилган, бу эса  сифатли таълим учун муҳим аҳамиятга эга.

Аммо мустаҳкам моддий-техник базага эга бўлган мусиқа мактабида кадрлар масаласида муаммолар мавжудлиги, яъни, ўқитувчиларнинг асосий қисмини ўрта-махсус маълумотли педагоглар ташкил этиши, олий маълумотли ўқитувчилар етишмаслиги аниқланди.

— Ўзбекистон давлат консерваториясини шу йил тамомлаётган 145 нафар самарқандлик талаба билан суҳбатлашиб, уларни ўз мутахассисликлари бўйича мактабимизга ишга таклиф қилдик, — дейди муассаса раҳбари Исмоил Хусаинов. — Афсуски, улардан бор-йўғи 3 нафари Самарқандга қайтишини, қолгани пойтахтда қолиб ишлашини билдирди. Ваҳоланки, шаҳар ва туманлардаги аксарият болалар мусиқа ва санъат мактабларида олий маълумотли соҳа мутахассисларига эҳтиёж катта. Депутатлар шу масалани атрофлича ўрганиб, унинг ечими бўйича белгиланган тартибда тегишли вазирликларга таклиф киритса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Партия фаоллари ўрганиш давомида ўқитувчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳам фикрларини эшитди, муаммоларини тинглади. Масалалар ечими бўйича эса депутатларга тегишли тартибда таклифлар берилди.

Жамшид ХУШВАҚТОВ,
ЎзМТДП Самарқанд шаҳар
кенгаши раиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг