Давлат бюджети ижроси: ЎзМТДП дастурий вазифалари нуқтаи назаридан кўриб чиқилди

0
9

Шу йилнинг 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Респуб­ликаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилги ҳамда 2018 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқдилар.

Тақдим этилган ҳисоботлар қуйи палатанинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида, сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг мажлисларида дастлабки тарзда кўриб чиқилган эди.

Жумладан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида депутатлар Давлат бюджети ижросини партия дастурий вазифалари, электорат манфаатлари нуқтаи назардан кўриб чиқиб, ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.

Фракция раҳбари Сарвар Отамуратов бошқарган фракция йиғилишида депутатлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини тубдан ривож­лантириш бўйича олиб борилган чора-тадбирлар натижасида иқтисодиётни барқарор, мувозанатлаштирилган ҳолда ривожлантирилиши ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланганига эътибор қаратдилар. Ўтган йили валюта сиёсатини либераллаштириш ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни яратиш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилаётганлиги таъкидланди. Буларнинг натижасида 2017 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 5,3 фоиз, саноат ишлаб чиқариш ҳажми
7, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги 2, хизматлар 8,9 ҳамда қурилиш 5,6 фоизга ўсиши таъминланганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, тушумлар барқарорлигига эришилганлиги ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш орқали Давлат бюджети 337,3 миллиард сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилган.

Фракция аъзолари 2017 йилда иқтисодиётни янги асосда ташкил этиш ва янада эркинлаштириш, диверсификация қилиш ва таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришга энг замонавий, илғор технологияларни жорий этиш орқали уни модернизациялаш миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳияти ва рақобатбар­дошлигини оширишга хизмат қилаётганлигини алоҳида таъкидладилар. Бу эса, ўз нав­батида, иқтисoдиётнинг юқори ўсиш суръaтлaри вa мaк­рoиқтисoдий барқарорликни таъминлашга замин яратди.

Шу билан бирга, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни муҳокама қилиш давомида фракция аъзолари Давлат бюджети даромадларининг шаклланиши ва харажатларининг сарфланиши ҳолатини ҳам таҳлил қилдилар. Қайд этилганидек, 2018 йилнинг биринчи чораги давомида Давлат бюджети даромадлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38,2 фоизга ўсган ва белгиланган режа ортиғи билан, яъни 115,1 фоизга бажарилди.

2018 йил биринчи чоракда Давлат бюджетининг барча даражаларида мутаносибликни таъминлаш, саноат ва хизматлар кўрсатиш соҳасини жадал ри­вожлантириш ҳисобига маҳаллий бюджетлар даромад базасини мус­таҳкамлаш, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати томонидан белгиланган вазифаларни бажариш мамлакат бош молиявий ҳужжати ижросининг устувор йўналишлари бўлди.

Ҳисобот даврида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолиниб, ушбу йўналишга Давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 54,5 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Хусусан, ижтимоий харажатларнинг асосий қисми ёки 52,7 фоизи таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига йўналтирилгани депутатлар томонидан алоҳида эътироф этилди. Бунда таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштиришга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, шунингдек, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртлари ходимларининг иш ҳақи ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Биргина мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчилар сонининг ортиши, озиқ-овқат нархининг кўтарилиши сабабли ушбу муассасалар учун Давлат бюджетидан 2018 йил учун қўшимча 163,2 миллиард  сўм маблағ ажратилгани, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар самарасида мактабгача таълим муассасаларининг болаларни қамраб олганлик даражаси ўртача 32,8 фоизни ташкил қилаётгани эътироф этилди.

Йиғилишда таъкидландики, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурини ижро этиш мақсадида йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун ҳам муайян маблағлар кўзда тутилган. Уларнинг натижадорлиги ва самарадорлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш, бунда парламент аъзоларининг фаоллигини янада кучайтириш лозим.

Фракция аъзолари Давлат бюджетининг ўтган йилги ва жорий йил биринчи чорагидаги ижросини муҳокама қилар экан, партия дастурий вазифаларига мос равишда маданий мерос объектларини сақлаш, инвентаризациядан ўтказиш, давлат рўйхатига олиш, таъмирлаш ва қайта тиклаш ишлари ҳамда туризм соҳасига йўналтирилаётган бюджет маблағларига алоҳида эътибор қаратдилар. Таъкидланганидек, маданий мерос объектлари учун аввалги йилларда 23,5 миллиард сўмгача маблағ ажратилган бўлса, фракция таклифи билан ушбу сумма 29 миллиардни ташкил қилмоқда. Аммо депутатлар 2018 йилнинг дастлабки чорагида бу йўналиш учун атиги 5 миллиард сўм кўзда тутилгани, у ҳам маҳаллий бюджетлар зимммасига юклатилганига эътироз билдиришди. Чунки парламентга тақдим этилган Давлат бюджети лойиҳасида маданий мерос объектлари учун маҳаллий бюджетдан эмас, Давлат бюджетидан маб­лағ ажратиш кўзда тутилган эди.

Бундан ташқари, фракция аъзолари туризм соҳасини ривожлантиришга доир бир қатор вазифалар кўзда тутилганини қайд этиб, хусусан, соҳа объектларини барпо этиш ишлари ўз муддатидан кечикаётганига эътибор қаратди. Тегишли идора ва ташкилотлар масъулиятини ошириш, Давлат бюджетида назарда тутилган бу каби ишларнинг ўз муддатида ижросини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда фракция фаолиятига оид яна бир қатор масалалар муҳокама қилиниб, кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Фракция йиғилишида мамлакатимиз бош молиявий ҳужжати ижросини кўриб чиқиш мобайнида ҳудудлардаги ўрганишларимиздан келиб чиқиб, ўз таклифларимиз, фикр-мулоҳазаларимизни билдирдик. Давлат бюджети даромадлари ошиб, маҳаллий бюджетлар мустақиллиги таъминланиб бораётган бир пайтда ҳудудларда ҳамон йўл-транспорт, таълим, тиббиёт соҳаларида, аҳолини газ ва электр энергияси билан таъминлаш борасида камчиликлар, талай муаммолар кузатиляпти. Бундан ташқари, аҳолининг бандлик даражасини ошириш мақсадида уларни жамоатчилик ишларига пуллик асосда жалб этиш тизими йўлга қўйилди. Аммо ушбу мақсадларга йўналтирилган маблағларнинг 30 фоизигина сарф қилинган холос. Бу каби ҳолатларни бартараф этиш, ажратилаётган бюджет маблағлари самарадорлигини таъминлашга, маҳаллий бюджетлар даромадини ошириш борасида жойларда мавжуд имконият ва резервларни тўла ишлатишга эътиборни янада кучайтириш лозим.

Элдор ТУЛЯКОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилнинг 7 июндаги маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини шакллантиришдаги масъулиятини оширишга қаратилган фармон ва қарорларининг ижроси натижасида ўтган йилда маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисми прогнозга нисбатан 104,9 фоизга бажарилган. Маҳаллий бюджетлар мустақиллиги таъминлангани натижасида уларнинг даромадлари йилдан йилга ошиб бормоқда. Масалан, 2017 йилнинг биринчи чорагида маҳаллий бюджетлар даромади 157 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, бу йилнинг биринчи чорагида эса 874 миллиард сўмга етган.

Парламент аъзолари томонидан жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш ҳамда назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш жараёнида ҳудудларда ижтимоий инфратузилмани  ривожлантириш борасида ҳали ечимини кутаётган масалалар талай экани аниқланмоқда. Бунинг учун маҳаллий бюджетлар даромади маблағларини айнан шу масалаларни ҳал этишга йўналтириш лозим бўлади.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

 

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг