ШҲТ саммити бошланди

0
3

ШҲТ саммити бошланди

Циндао шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг ўн саккизинчи мажлиси бошланди.
 
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар берди
Давлат раҳбарлари дастлаб тор доирада учрашув ўтказди.
714fc6bd-e390-b199-db0d-f8ed41bda31f.jpg
Мажлисни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин очди.
Саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Хитойнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги даврида самарали ишлар амалга оширилганини қайд этди.
«Кўркам Циндао шаҳрида ўтаётган ушбу саммит “Шанхай саккизлиги” раҳбарларининг илк учрашуви сифатида тарихда қолади. Бу чуқур маънога эга, чунки айнан “8” рақами хитой халқида омад ва тараққиётни англатади.
Ташкилотимиз қисқа даврда бир ярим миллиард одамга кўпайди, унинг иқтисодий ва интеллектуал салоҳияти салмоқли даражада кенгайди», деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари ШҲТнинг минтақавий ва глобал сиёсатни шакллантириш, Евроосиё қитъаси хавфсизлиги ва барқарор тараққиётини таъминлашнинг муҳим механизми сифатидаги роли кучайиб бораётганини таъкидлади. Ҳиндистон ва Покистондек қудратли давлатларнинг ШҲТ фаолиятида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қатнашиши кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар яратишини қайд этди.
Ташкилотнинг асосий мақсадларига эришиш Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва фаровонлигига бевосита боғлиқ. Ўзбекистон Президентининг ташаббуси ва сиёсий иродаси билан қисқа вақтда бу минтақадаги ўткир муаммолар, жумладан, чегара, савдо, транспорт ва сувдан фойдаланиш масалалари ҳал этилди.
Минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шартларидан яна бири Афғонистонда тинчликка эришиш, унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш бўлиб қолмоқда. Бу масала ҳам Ўзбекистон раҳбариятининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Яқинда Тошкентда ўтказилган Афғонистон бўйича халқаро конференция ҳам можарони тинчлик йўли билан ҳал этиш йўлида муҳим мулоқот майдони бўлди.
«Афғонистондаги тинчлик – минтақадаги барқарорлик ва тараққиёт омили эканлигини жуда яхши англаймиз. Ишончим комил, “ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи доирасида биз мазкур мамлакатнинг тинч тараққиётини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшишга қодирмиз» деди Шавкат Мирзиёев.
Мажлисда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Президентимиз бу улкан минтақада савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт ва логистика имкониятларини ошириш, маданий-гуманитар муносабатларни мустаҳкамлаш, ёшларни экстремизм ғояларидан ҳимоялаш ва бошқа долзарб масалалар бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.
ЎзА

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг