Наврўз боғи миллий анъаналаримизни тарғиб этади

0
11

Бугун пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида барпо этилаётган “Наврўз” маданият ва истироҳат боғи майдони катта қурилиш майдонига айланган. Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2017 йил  7 августдаги “Тошкент шаҳрида “Нав­рўз” боғини қуриш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан амалга оширилмоқда. “Турон банк” акциядорлик тижорат банки  “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 10 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратган. Боғни қуриш бўйича лойиҳа иштирокчиларига қатор солиқ имтиёзлари тақдим этилган.

… Анҳор бўйидаги бу боғда бунёд этилаётган барча иншоот маънавиятимиз, миллий қадриятларимизни теран ифода қилади. Хусусан, боғда Наврўз байрами тантаналари, маданий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган амфитеатр, қадимий ҳовли ва устахоналар, айвону чойхоналар ва миллий анъаналаримиз акс этган этнографик шаҳарча қурилиши назарда тутилгани эътиборга молик.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Наврўз” боғида маданият ва қадриятларимизнинг барча жиҳатлари намоён бўлади. Бу боғ ана шу бой миллий меросимизни тараннум этади. Бу ерга сайёҳлар ҳам иштиёқ билан келиши, ўзини худди ўзбек маҳалласида юргандек ҳис қилиши зарур. Ҳар бир бино, ўтказиладиган ҳар бир тадбир ўсиб келаётган ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ўзлигини англашга ҳисса қўшиши лозим.

Дарҳақиқат, “Наврўз” боғи бетакрор, ўзига хос боғ бўлиши, у маҳаллий аҳоли ва чет элликларга халқимиз ҳаёти, маданияти ва урф-одатлари ҳақида ҳикоя қилиши шубҳасиз. Аҳамиятли жиҳати шундаки, янги боғ замонавий этнопарк услубида қурилади ва шу билан бир вақтда унда темурийлар давридаги ўзбек боғдорчилик анъаналаридан намуналар ҳам акс эттирилади. Боғ очиқ ҳавода жойлашган ҳақиқий музей сифатида келувчиларда катта қизиқиш уйғота олиши аниқ.

Айни кунларда боғнинг қурилиш майдонида ишлар авжида.

— Пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳар бир юртдошимизда фахр-ифтихор билан бирга, ҳаётга, яхши яшашга бўлган иштиёқни оширмоқда, — дейди боғ директори Қодир Рихсиев. — Давлатимиз раҳбарининг “Тошкент шаҳрида “Наврўз” боғини қуриш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида қизғин иш бошланган ушбу ҳудуд ҳам яқин орада энг гавжум ва серфайз гўшага айланади. Мазкур боғ учун 32 гектар ер ажратилган бўлиб, бу ерда 6 минг кишилик усти очилиб ёпиладиган амфитеатр, диаметри 72 метрлик чархпалак, ҳар бир вилоят аҳолисининг ўзига хос урф-одатлари, аждодларимизнинг яшаш тарзи, миллий ҳунармандчилик, пазандачилик анъаналарини акс эттирувчи уйлар барпо этилмоқда.

Бу ерга келган юртдошларимиз, хорижий меҳмонлар ва сайёҳлар халқимизнинг маданий мероси, фольклори, этнографияси, кийиниш маданияти, санъати билан танишиш, ҳар бир ҳудуднинг лаззатли таомларидан татиб кўриш имкониятига эга бўлади. Ҳунармандчилик расталари эса ўз тарихига эга ҳар бир ҳунар турини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади. Истироҳат боғи марказига қуёш шаклида Наврўз рамзи ўрнатилади. Режадаги ишлар қаторида “Наврўз” боғидан Анҳор канали узра учта пиёдалар кўпригини бун­ёд этиш мўлжалланган. Боғ “Анҳор-Локомотив” парки билан ёнма-ён жойлашган. Одамлар бу кўприклардан амфитеатрга кириб келиши, Анҳор канали бўйлаб сайр қилишлари мумкин. Мажмуада оммавий сайллар, концертлар ташкил этиш учун барча шароит яратилади. Мустақиллик, Наврўз каби улуғ байрамларимиз мазкур боғда ўтказилиши режалаштирилмоқда. Маж­муа 2019 йили тўлиқ қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилади.

Айни пайтда қурилиш-бун­ёдкорлик ишлари қизғин кечаётган мазкур боғ ҳудудини ободонлаштириш, манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтқазиш, анҳор бўйида қайиқлар бекати бунёд этиш, мажмуада аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришга хизмат қиладиган саҳна асарлари намойиш этишни ташкиллаштириш масалалари ҳам кўзда тутилган. Пойтахтимиз ҳудуди миллийлик ва замонавийлик руҳини ўзида мужассам этган яна бир боғ билан кўркам тус олади.

Бу каби ташаббус ва лойиҳалар халқаро экспертлар эътиборидан ҳам четда қолаётгани йўқ. Бу борада Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш уюшмаси президенти Фредерик Бопертюм-Брессан шундай дейди: “Ўзбекистон ўзининг дипломатик фаолияти ҳамда маданий таъсирини жадал кенгайтиришга интилмоқда. Халқаро амалиётда бундай сиёсат ”майин куч” деб юритилади. Шу пайтгача мазкур механизм мамлакатга халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини тортиш ва унинг жаҳон майдонидаги обрўсини мустаҳкамлаш йўлида қўлланилмас эди. Аммо бугунги кунда Ўзбекистон раҳбарияти “майин куч” имкониятларидан кенг фойдаланмоқдаки, бу минтақанинг бошқа мамлакатлари учун ҳам ўрнак бўлиши мумкин. Умуман олганда, Ўзбекистон ўз маданияти ва тарихини тарғиб этишда ноёб механизмни қўлламоқда”.

Экспертнинг ушбу фикрини бежиз эсламадик. Чунки “Наврўз” боғи шунчаки дам олиш ва истироҳат маскани эмас, балки халқимизнинг миллий маданияти, бой тарихи, қадриятлари, урф-одатларини кўз-кўз қиладиган мажмуа сифатида ҳам юртдошларимиз, ҳам хорижий сайёҳ ва меҳмонларни миллий анъаналаримиздан воқиф этади.

Инсон манфаати ҳар нарсадан устун турадиган жамиятда ривожланиш, интилиш, ижобий ўзгаришлар бўй кўрсатаверади. Халқимиз мана шундай янгиликларни доимо кучли иштиёқ билан қарши олади. Ўйлаймизки, пойтахтимиз марказида қад ростлаётган “Наврўз” маданият ва истироҳат боғи кўп йиллар давомида элнинг яхши кунлари, байрамларига хизмат қилиб, ўз жозибаси ила дунё аҳли эътибори ва эътирофига сазовор бўлади.

Гулҳаё НУРМЕТОВА,
журналист

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг