Сергелида ўзгаришлар палласи

0
6

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Сергели тумани ҳокими Нозим Ҳусанов шу йилнинг биринчи чорагида туманда амалга оширилган ишлар ва келгусида бажариладиган чора-тадбирлар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига атрофлича ахборот берди.

Бугун тумандаги 39 маҳаллада 207,1 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида 2018-2021 йилларда йирик 78 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, ушбу истиқболли лойиҳалар учун қарийб 4 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Жумладан, ҳудудга мавжуд режаларга қўшимча тарзда умумий суммаси 362 миллион долларлик мақсадли хорижий инвестиция киритилиши ҳамда 55,2 миллион долларлик миллий маҳсулотни чет элга тўғридан-тўғри экспортга чиқариш натижасида 10 мингдан зиёд иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

— Сергели пойтахтимизнинг аҳолиси энг гавжум туманларидан бири, — дейди Сергели тумани ҳокими Нозим Ҳусанов. — Бу эса ҳудудда ишлаб чиқариш саноат зоналарини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш, катта ва кичик бизнесга кенг имконият яратиш ва фуқароларни ижтимоий ҳимоялашни талаб этади. Шунинг учун шу кеча-кундуз ва келгусида бажарилиши лозим бўлган мавжуд чора-тадбирларнинг мухтасар “йўл харитаси”ни ишлаб чиқдик.

Тадбирда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қурилиш ишлари, чакана савдо айланмаси, хизматлар соҳаси, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улушига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. “Обод маҳалла” дастури асосида Сергели туманида қайта қурилиши режалаштирилган маҳаллаларнинг айни кундаги ҳолати ҳақида ҳам маълумот берилди.

Сергели туманида “Замонавий маҳалла” марказлари қурилиши бўйича 32 маҳалла режага киритилган бўлиб, ҳозирда шундан 28 таси тўлиқ фойдаланишга топширилган, қолган икки маҳалла ҳам фойдаланишга топширилиш арафасида. Режага кирмаган маҳаллаларда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. “Ўзгариш” ва “Дарё бўйи” маҳаллалари “Обод маҳалла” дастурига мувофиқ тубдан янгиланади. Шунингдек, чет эллик инвесторларнинг тенг шерик­лик асосида Сергели туманида тез орада замонавий хизмат кўрсатиш бинолари, меҳмонхоналар, йирик сайилгоҳлар ва аҳоли дам олиш масканлари барпо этиши кўзда тутилган.

Тадбирда журналистларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

Ислом ИБОДУЛЛАЕВ,
Журналист

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг