Боққа кўрк, соғлиққа фойда

0
10

Мамлакатимизда тутнинг балхи, хасак, оқ, шоҳтут каби бир неча нави ўсади. Оқтут меваси ва барги таркибида киши организмига фойдали бўлган жуда кўп органик кислота, витамин ва микроэлементлар мавжуд.

Тут қадимдан юқори нафас йўллари хасталиклари, йўтал ва шамоллашга қарши даво ўрнида ишлатилган. Машҳур табиб Ҳусайн Шерозий “Тут одам танасида тоза қон пайдо қилади, мияга қувват беради, аъзолардаги тиқинларни очади, жигар ва талоқнинг иш фаолиятини яхшилайди, пешоб ҳайдовчи ҳамдир”, дея таъриф берган.

Абу Али ибн Сино “Нордон тут оғиз ва томоқ шишларини қайтаради, унинг барги томоқнинг икки томонидан чиққан шишларга фойдалидир. Нордон тут баргининг суви билан оғиз чайилса, тиш оғриғига даво бўлади. Тутнинг ҳамма хилини овқатдан олдин ейиш керак, шунда улардан меъдага зарар етмайди” деб ёзган.

Буюк табиб оқтут баргини ангина, қуритилмаган барги ширасини эса тиш оғриғида тавсия қилган. Мева шираси билан оғиз ва томоқдаги шишларни, ичбуруғ касаллигини даволаган ҳамда пешоб ҳайдовчи дори сифатида ишлатган.

Халқ табобатида оқтутдан иситма чиққанда, ичак касалликларида, қонни тозалашда фойдаланилади. Тут пўстлоғи (қайнатмаси ва кунжут ёғида тайёрланган суртма дори) яраларни даволашда, балғам кўчирувчи дори сифатида қўлланилади. Баргининг қайнатмаси шамоллаш ва иситмалаб қолганда, ҳароратни пасайтириш хусусиятига эга.

Камқонлик, қандли диабетда янги тут меваси яхшилаб эзиб, қориштирилади. Ундан бир стакан қайнаган сувга икки ошқошиқ солинади. Термосда тўрт соат тиндирилади. Кунига тўрт маҳал, овқатланишдан олдин 1/4 стакандан ичилади.

Юрак хасталигида ҳар куни 4-5 маҳал, овқатлангандан сўнг 250-300 грамм тут ейилади. 3-4 ҳафтадан сўнг шифоси сезила бошлайди. Ошқозон бузилганда, меъда ва ичак касаллик­ларида икки ошқошиқ майдаланган тут бир стакан қайнаган сувда тўрт соат тиндирилгач, сузиб олинади. Кунига 3-4 маҳал, овқатланишдан олдин 1/4 стакандан ичилади (ич кетганда хом тут қайнатмаси ҳам яхши фойда беради). Тиш касалликларида оғизни тут шарбати билан чайиш фойдалидир.

Ушбу меванинг яна бир нави — шоҳтут таркибида қанд, органик кислоталар, пектин мавжуд. Абу Али ибн Сино шоҳтут билан оғиз, томоқдаги шишлар, ичбуруғни даволаган. Халқ табобатида шоҳтутни чилонжийда билан қўшиб, дифтерия (бўғма) ва қизилча касалликлари даволанади. Оғиз бўшлиғида яралар пайдо бўлса, шоҳтут қайнатмаси билан чайиш фойдали. Шоҳтут озуқа ўрнини босолмайди, аммо иштаҳани очиб, иситмани тушириш хусусиятига эга.

Шаҳзод Ғаффоров

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг