Мактабгача таълим муассасалари: ота-она бугун уларнинг қай бирини танлаяпти?

0
38

Халқимизда бола бошидан, деган пурмаъно гап бор. Шунинг учун мамлакатимизда таълим-тарбиянинг илк бўғини бўлган мактабгача таълим муассасаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу болажонларнинг соғлом, чуқур билимли бўлиб камолга етишига, келажагимиз учун муносиб ворисларни улғайтиришга хизмат қилади.

Президентимизнинг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мактаб­гача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

…Қўшним Нафисахон куни бўйи ишда, фарзанди боғчада бўлади. Бироқ у ҳар куни ишдан вақтли чиқиб кетишга мажбур экан. Айтишича, фарзандининг гуруҳ тарбиячиси кеч қолган (аслида соат 17:30 дан кеч қолмас экан) ота-оналарга яхши муомала қилмас, ҳатто баъзи пайтлари болаларни бошқа гуруҳ тарбиячиларига ташлаб кетган ҳолатлар ҳам бўлган.

Қизиқ ҳолат: ота-она фарзандини мактабгача таълим масканидан 18:00 га қадар олиб кетиши керак, аксарият идора ва ташкилотларда ҳам иш шу вақтда тугайди. Эр ва хотиннинг иккаласи ҳам ишласа, фарзандни эса боғчадан оладиган бошқа одам бўлмаса, нима қилиш керак?

Дарҳақиқат, сўнгги пайтларда мактабгача таълим муассасалари билан боғлиқ бу каби  муаммолар Интернет ва ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланди. Жойларда боғчалар танқислиги, улардаги турли-туман “йиғди-йиғди”лар, ночор аҳволга келиб қолган моддий-техник база, болаларга нисбатан қўпол муносабат, тарбиячилар учун ҳар байрамда кутилмаган “сюрпризлар”, болаларнинг туғилган кунини боғчада тантанали ва  дабдаба билан нишонлаш, гуруҳдаги ҳар бир болага совғалар улашиш, тарбиячиларнинг ўз эҳтиёжларини ота-оналарнинг “саховати” эвазига қондириши — буларнинг бари бир кунда пайдо бўлмагани ва ўз ечимини кутаётгани айни ҳақиқат. “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони соҳада йиллар давомида тўпланган ана шундай муаммо ва масалаларга ҳуқуқий асос ва ечим вазифасини ўтамоқда. Уларни бартараф этиш, тизимни тубдан такомиллаштириш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.

— Бугунги кунда мазкур соҳа тубдан ислоҳ қилинмоқда, — дейди Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Тўра Тўраев. — Мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун давлат бюджетидан 21 миллиард сўм маблағ ажратилди. Глобал ҳамкорлик гранти — беғараз техник кўмакдан фойдаланган ҳолда 2018 йилда МТМлар учун жами 2 миллион 453 минг АҚШ долларлик товар ва хизматлар етказиб берилиши режалаштирилган.

Шу йилдан 10-15 нафар фермерга мактабгача таълим муассасаларига сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини арзон нархларда етказиб бериш бириктирилди, болалар боғчаларига тайёр сифатли иссиқ овқат етказиб берадиган давлат корхонаси ташкил этилиб, “Кетринг” хизматини йўлга қўйиш механизми ишлаб чиқилди.

Мавзу доирасида “Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган Дастур” ҳамда респуб­ликамизда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси”нинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишдик.

Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Давр болалари” номли 106-МТМга борганимизда болажонларнинг шодон кулгуси, тарбиячиларнинг жонкуярлигини кўриб, кўнглимиздаги эски ҳадик тумандек тарқаб кетди. Бу ердаги ўзаро самимият, аҳиллик, меҳрга йўғрилган муҳит батамом бошқача эди.

Боғча ошхонаси тоза, саранжом-саришта. Иккита музлаткичда сут маҳсулотлари алоҳида, гўшт маҳсулотлари ва овқатлардан олинган намуналар, яъни синамалар алоҳида сақланмоқда. Синамалар болаларнинг саломатлиги хавфсизлиги нуқтаи назарига биноан назоратчига тақдим этиш учун олиб қўйилар экан.

Сўнг гуруҳлар томон йўл олдик. Ҳар бир гуруҳ ўз логотипи, шиори, имижига эга. Масалан, “Капалак” гуруҳига киришингиз билан кўзингиз капалаклар тасвирига тушади. Ҳар бир меъёрий ҳужжат ҳам “капалак” остига яширинган. Ёрқин, ранг-баранг “капалак”лар болаларда эртаклар оламига тушиб қолгандек тасаввур уйғотади. Ҳар бир гуруҳда болажонлар мароқли машғулот билан банд. Тарбиячиларнинг иш дафтари билан танишиш жараёнида улар учун кўп қулайлик яратилганига амин бўлдик: илгари конспект, машғулот ишланмаси ва яна бир талай иш дафтари алоҳида-алоҳида юритилган бўлса, бугун улар биттага жамланган.

— Президентимиз қарори билан мактаб­гача таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи оширилгач, тарбиячиларимиз янада иштиёқ, масъулият ва фидойилик билан меҳнат қилмоқда, — дейди ушбу муассаса мудираси Шаҳло Валиева. — Муҳими, давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлиги иш сифатини оширишга хизмат қилаётир. Демак, эътибор ва рағбат болажонларнинг чексиз қувончи, ота-
оналарнинг фарзандларидан кўнгли тўқ, хотиржам бўлишига имкон яратмоқда.

Қай бири афзал?

Тизимдаги энг оғриқли муаммо  — мамлакатимиздаги  барча болалар мактабгача таълим муассасасига тўла қамраб олинмагани. Ҳозир бу кўрсаткич 30 фоизни ташкил этмоқда, холос. Айни пайтда мазкур муаммони ҳал этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Жумладан, рес­публикамизнинг турли ҳудудларида мактабгача таълимнинг муқобил шакллари, яъни қисқа муддатли гуруҳлар жорий этилган. Бунга, асосан, 5-7 ёшли болалар жалб этилаётир.

Ўрганишлар бугунги кунда кўпчилик ота-она нодавлат (хусусий) мактабгача таълим муассасасини маъқул билаётганини кўрсатмоқда. Уларда ўқитиш услуби кенг қамровли, ҳам имкониятлари юқори. Хусусий боғчалардаги малакали ва инновацион ўқитиш услубига эга ўқитувчилар, ўзбек тилидан ташқари, инглиз ва  рус тилларида олиб бориладиган ўқув машғулотлари, боланинг ўзлаштириш даражаси ҳақида ота-оналарга мунтазам бериладиган ҳисоботлар кимга ҳам ёқмайди дейсиз. Бироқ тўлов пули ҳам шунга яраша бўлмоқда. Буни эса ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтармаяпти.

— Фарзандимизни хусусий боғчага бермоқчи эдик, аммо оиламиз бюджети учун анча қимматлик қилар экан, — дейди янгийўллик Ҳабибулло Тошбеков. — Яқинда иккинчи фарзандимиз ҳам боғча ёшига етади. Бу боғча харажатларимиз икки баробарга кўпаяди, дегани. Биз ҳам фарзандларимиз шароити аъло хусусий боғчаларда таълим-тарбия олишини жуда истаймиз…

Пойтахтимиздаги “Star Kids International” номли нодавлат мактабгача таълим муассаси фаолияти билан танишганимизда, уларда яратилган шарт-шароит, имконият ҳар қандай ота-онанинг ақлини шошириб қўядиган даражада йўлга қўйил­ганига амин бўлдик. “Star Kids International” нодавлат таълим муассасасида машғулотлар юқори малакали маҳаллий педагог­лар томонидан “Болажон” ва “Монтессори” ўқитиш дастурлари асосида инглиз ва рус тилларида ташкил этилган. Мазкур мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчилар 10-12 кишилик кичик гуруҳларга бўлиниб, машғулотлар қатъий белгиланган чораклик режа-дастур асосида олиб борилади. Ҳар бир боланинг ўзлаштириш даражаси ота-онасига ҳисобот шаклида тақдим этилади.

Болаларнинг овқатланиш рационига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Улар кунига беш маҳал, калориялар мутаносиблиги таъминланган ҳолда овқатлантирилади. Боғчада инглиз ва рус тилларини мукаммал ўргатишга йўналтирилган машғулотлардан ташқари, болаларнинг қизиқиш­ларини инобатга олган ҳолда, санъат, мусиқа, рақс, шахмат ва каратэ тўгараклари ҳам ташкил этилган.

Бундан ташқари, эртак қаҳрамонлари иштирокидаги ўйинлар, пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига уюштириладиган саёҳатлар, қолаверса, ички ишлар ходимлари иштирокидаги ёнғин хавфсизлиги ва йўл қоидалари бўйича машғулотлар ҳам боғча таълим дастурининг ажралмас қисмига айланган. Гапнинг индаллосини айтганда, муассасада мавжуд бой моддий-техник таъминот, болаларни жон дилидан севувчи кўп сонли юқори малакали ўқитувчи ва ходимлар гуруҳи шакллантирилган, хорижда синовдан ўтган самарали ўқитиш методларининг қўлланилиши туфайли юқори сифатли таълим-тарбия жараёни яратилган.

Бироқ нархи ҳам шунга яраша: 1 миллион 800 минг сўм. Очиғи, бу тўлов суммаси бироз қиммат эмасмикан, деб ўйладик. Бироқ “Mikki Maus”, “Вундеркинд” каби бошқа нодавлат МТМлар билан боғланганимизда ҳам нархлар 1-2 миллион сўм атрофида эканлиги маълум бўлди.

Ўрганишлар жараёнида давлат ва нодавлат МТМлари ўзининг ўқув услуби, таълим ва тарбия шаклининг ранг-баранглиги, яратилган шарт-шароитлари билан бир-биридан фарқ қилишини кузатдик. Шундай бўлиши ҳам табиий, аслида. Чунки давлат боғчаларида тўлов пули бир бола учун 155 минг, икки ва ундан ортиқ болали оилалар учун 110 минг этиб белгиланган. Демак, шарт-шароит ҳам шунга яраша. Хусусий боғчаларда бу кўрсаткич 800 минг сўмдан 2 миллион 200 минг сўмгача.

Болага “босим” ўтказмайлик

Маълумки, бугун мактабгача таълим муассасаларида такомиллаштирилган мактабгача таълимга қў­йиладиган давлат талаблари асосида ишлаб чиқилган  “Болажон” таянч дастури самарали қўлланилмоқда. Дастурнинг мақсад-вазифаси мактаб­гача ёшдаги ҳар бир болани мактаб таълимига сифатли тайёрлаш, одобли, ақлли, хушмуомала, ўзига ишонган, мустақил фикрлайдиган, миллий ва умуммиллий қадриятларни қадрлайдиган, жисмонан соғлом этиб тарбиялашдан иборат. Ушбу дастур асосида болаларнинг нутқини ўстириш, ўқиш ва саводга тайёрлаш, математик тасаввурини шакллантириш каби бир қатор меъёрий талаблар амалга оширилади. Болаларнинг ёш хусусиятига қараб уларни атроф-муҳит билан таништириш, илк математик тасаввурини шакллантириш, нутқ ўстириш, бадиий адабиёт билан таништириш, аппликация, қуриш-ясаш, жисмоний тарбия, мусиқа каби йўналишларда белгиланган йиллик дастурни кўриб, очиғи, жуда ҳайратландик. Кичик гуруҳларни қўя турайлик, 5-6 ёшлиларга мўлжалланган бўлимлар билан танишиш чоғида улар учун белгиланган меъёр боланинг ёш хусусиятига оғирлик қилмасмикан, деган хаёлга борасиз. Масалан, табиат билан танишув бўлимида сувнинг буғга ва буғнинг сувга айланиши, сувнинг музга ва музнинг сувга айланиши каби амалий тажрибалардан ҳатто,  бошланғич таълим ўқувчисининг ҳам боши қотиб қолиши тайин.

Ёки бўлмаса илк математик тасаввурни шакллантириш бўлимида белгиланган режага мувофиқ, бутунни тўртта тенг бўлакка бўлиш ва таққослаш, шар, куб, цилиндрни билиш ва конус билан танишиш, бутун қисмдан катта, қисм бутундан кичик, кўпбурчакнинг бурчаклари ва томонларини ўрганиш каби қатор масала киритилганки, буларни боғча тарбияланувчиси ўзлаштиришига шубҳа қиласиз.

— Боғча ёшидаги бола учун атроф-муҳит билан боғлиқ ҳар бир жараён, албатта, қизиқ. У ҳар бир жараёнга, ҳолатга ўз муносабатини билдиргиси келади, — дейди педагог-психолог Дурдона Раҳмонова. — Шундай экан бола билан унинг “тили”да суҳбатлашиш, борлиққа нисбатан ўз муносабатини билдира олиши учун имкон бериш керак. Бунда, албатта, унинг риторикасини, диққатини ўйин орқали ривожлантириш айни муддао. Аммо бугунги кунда мактабгача таълим муассасалари дастурида белгиланган меъёрлар боғча боласи учун оғирлик қилади. Аввало, унинг ёш хусусияти, феъл-атвори, тана тузилиши, мия фаолияти, хуллас, анатомик-физиологик хусусиятлари инобатга олиниши керак. Ортиқча юкламаларсиз ўйин орқали таълим-тарбия бериш болакайни уринтириб қўймайди. Аксинча янада фаол, эркин бўлишига замин яратади ва бола боғчага боришдан зада бўлмайди.

Айни ҳолатда эса бизнинг назаримизда, боғча боласидан билимдонлик керагидан ортиқ талаб қилиняпти. Хориж тажрибасидан ҳам маълумки, боғча ёшидаги болалар риторикаси фақат ўйин орқали ривожланади. Корея тажрибасида ҳам ўйин бирламчи ўрин тутади. Уларда ҳамма жараён ўйин орқали болаларга сингдирилади. Бола ўйин орқали ривожланади. Бизнинг мактабгача таълим муассасаларида эса бола ўқиш-ёзиш, расм чизиш, мусиқий таълим, математик билимлар, хуллас, таълимнинг кўплаб турларини ҳаминқадар ўзлаштирмоқда. Боғча ёшидаги болалар математик амаллар бажармоқда, бемалол икки ва ундан ортиқ тилда гаплашмоқда ҳам.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, билимдон боғча тарбияланувчиси мактабга чиқиб зерикиб қолмайдими? Хусусий мактабгача таълим муассасалари дастуридан ўрин олган бир нечта машғулот кетма-кетлиги, тўгараклар сонининг кўплиги ҳам болага жисмоний жиҳатдан  оғирлик қилмайдими? Баъзи ота-оналар борки, мактабгача таълим муассасаларининг ушбу “ҳиммати”дан ҳам кўнгли тўлмай фарзандларини “Почемучка”, “Знайка” номли нодавлат таълим муассасаларига қўшимча дарсларга олиб бориш ҳолатлари учраб туради. Шу ўринда фарзанд­ларимизнинг етук ва баркамол шахс бўлиб вояга етишида боғча тарбияси қанчалик катта аҳамиятга эга эканини билган ҳолда, керагидан ортиқ юклама болага зарар келтириши мумкинлигини эътибордан соқит қилмаслик ҳам керак.

Соғлом авлод тарбиясида тўғри овқатланиш ҳам муҳим саналади. Хусусий боғчаларда овқатланиш тартиби кунига 5-6 маҳал этиб белгиланган. Тўғри, уларда диетологлар назорати остида таомнома тузилиб, боланинг ёш хусусияти инобатга олинган ҳолда таомлар берилади. Аммо пицца, стейк, кабоб сингари юқори калорияли таомлар берилиши қанчалик тўғри? Боланинг ҳазм қилиш тизими, организми жуда нозик бўлиб, катталарникидан тубдан фарқ қилади. Бундай кетма-кетлик ёш организмни “босим” билан ишлашга мажбурламайдими? Шундай экан, хусусий боғчаларда мавжуд имкониятларни ҳам тўғри маънода сарҳисоб қилиш керак. Демак, мактабгача таълим тизимида ҳали қилишимиз керак бўлган вазифалар талай.

Мухтасар айтганда, Президентимиз томонидан болаларни мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш, уларни интеллектуал ва жисмоний жиҳатдан ривожланган этиб тарбиялаш бўйича замонавий тизим яратиб берилди. Тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида бу борада ишлар бошлаб юборилди. Зеро, фарзанд — оила бахти, жамият эртаси. Унга қандай сармоя сарф этилса, келажакда даромад ҳам шунга яраша бўлади. Мактаб ёшига етгунга қадар болага асосий тарбия, аввало, оилада, сўнг мактабгача таълим муассасасида ўргатилади. Хоҳ давлат, хоҳ хусусий мактабгача таълим муассасаси бўлсин, боланинг келажагини белгилаб берадиган, билим ва қадриятларни баркамол авлод қалбига сингдиришда муҳим аҳамиятга эга маскан бўлиб қолаверади. Ана шу даврда болани тўғри парваришлаш ва унга тўғри тарбия бериш жуда муҳим. Бунда, албатта, жонкуяр тарбиячининг ўрни беқиёс. Унинг болаларга бўлган меҳри, касбига садоқати ва фидойилиги эртамиз эгаларининг жамиятда муносиб ўрин тутишида мустаҳкам пойдевордир. Зеро, фикри теран ва ўзига ишончи баланд болагина улғайганида бахтли келажакни барпо эта олади. Биз катталарнинг асосий вазифамиз эса фарзандларимизга бу учун муносиб шароит ва имконият яратиб беришдан иборатдир.

Нигора НИШОНБОЕВА,
Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг