Зиё маскани дарвозаси барча учун очиқ

0
13

Мамлакатимизда фуқароларнинг кутубхона хизматларидан фойдаланишдаги имкониятлари чексиз. Хусусан, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами — ногиронлиги бўлган шасхларнинг мавжуд ахборот-кутубхоналардан бемалол фойдаланишлари учун кенг шароит яратилган.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида ана шу масалалар хусусида сўз борди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли ташкилот ва идоралар ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ногиронлиги бўлган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган, — деди Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Илҳом Абдуллаев. — Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ушбу тоифадаги инсонларнинг жамиятга ижтимоий мослашуви, жамоат транспорти ҳамда инфратузилма биноларидан ҳеч қандай тўсиқларсиз фойдаланиши бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилаётир. Шу билан бирга мамлакатимизда ногиронлиги бор инсонларнинг ахборот олишга бўлган эҳтиёжларини, ахборот ресурслари ва Интернет тармоғидаги электрон хизматлардан тўлақонли фойдаланиши бўйича шароитлар яхшиланиб бораётганлигини алоҳида эътироф этиш зарур. Хусусан, ногиронлиги бор шахсларни қамраб оладиган ягона электрон тизимнинг яратилганлиги уларга самарали ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатилишини таъминлайди.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, бугун ахборот-кутубхона муассасаларида имконияти чекланган шахслар учун ахборот кутубхона хизматлари спектрларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, ахборот-кутубхоналардаги ўқув залларида мазкур тоифадаги фуқаролар ахборот ресурслардан бемалол фойдаланиши учун ихтисос­лаштирилган жойлар ташкил этилган, эшитиш қобилияти паст ва кўзи ожиз китобхонлар учун давлат тилида махсус компьютер дастурлари яратилган. Шунингдек, ўзбек тилидаги сўз ва атамаларни алоҳида изоҳлайдиган овозли луғатларни яратиш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.

— Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида жисмоний имконияти чекланган фойдаланувчиларга қулай шароитлар яратилган, — дейди кутубхона бўлим бошлиғи Қундузой Нуримова. — Масалан, ногиронлар аравачаларида келувчиларга қулайлик яратиш мақсадида эшик остоналари текис ва равон қурилган. Махсус лифтлар мавжуд ва улар аравачада юрувчиларга қулай тарзда ўрнатилган. Шунингдек, масканимизда кўзи ожиз фойдаланувчилар учун брайл ёзувига мўлжалланган клавиатурали 8 та махсус компьютер, “Jaws” дастури ва тифлофлешплеерлар ҳамда бўртма нуқтали ёзув кўринишида чоп этиш учун 1 та махсус принтер каби техник жиҳозлар уларга хизмат кўрсатмоқда.

Давра суҳбатида ногиронлиги бор шахсларнинг ахборот ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари Интернет сайтларида махсус хизматлар (овозли эшиттириш ва шрифтларни катталаштириш) жорий этилгани уларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яққол ифодаси сифатида қайд этилди.

Шу билан бир қаторда давра суҳбати иштирокчилари томонидан ногиронлиги бор шахсларнинг ахборот-кутубхона муассасаларига мурожаатлари жараёнида вужудга келаётган тўсиқлар танқидий таҳлил қилинди. Масалан, баъзи марказ ва кутубхоналарда мазкур шахсларнинг ахборот ресурсларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёжлари тўла қондирилмаётганлиги, оддий инфраструктура элементларининг (пандуслар, автотранспорт учун махсус тўхташ жойлари, лифтларда овоз эшиттириш, электрон ахборот табло ва бошқалар) йўқлигига алоҳида урғу берилди.

Тадбирда соҳадаги муаммолар муҳокама этилди, бу борада иштирокчиларнинг таклиф-мулоҳазалари тингланди. Ногиронлиги бор фуқароларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг ахборот-кутубхоналардан қулай тарзда фойдалана олишини ташкил қилиш, соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Нурбек ЙЎЛДОШЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг