Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади: Давлат хизматлари кўрсатиш тизими қулай, арзон ва тезкор

0
34

Бугун мамлакатимизда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” тамойили асосида фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, улар учун қулай шарт-шароит­лар яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Президентимизнинг Халқ қабулхоналари ва Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги, шаҳар ва туманларда унинг марказлари ташкил этилганлиги ҳам фуқароларга тезкор ва қулай, сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлашга қаратилган.

Аввалги “ягона дарча” марказлари фақат тадбиркорларга хизмат кўрсатган бўлса, давлат хизматлари марказлари аҳолига ҳам турли енгилликлар тақдим этмоқда. Уларнинг Халқ қабулхоналари билан бир жойда фаолият олиб бориши фуқаролар муаммоларини жойида ҳал қилиш, жисмоний ва юридик шахсларга тез, қулай, шаффоф хизмат кўрсатишда қўл келмоқда. Энди фуқаронинг ва юридик шахс вакилининг тегишли ҳужжатни расмийлаштириши учун у ёки бу идорага вақт сарфлаб қатнашига ҳожат йўқ. Барча ҳужжатлар электрон тизим орқали ҳаракатланади. Бу давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” деган муҳим тамойилни жорий этиш имконини беради.

Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишда асосий эътибор навбатда туришларни кескин камайтириш, сансоларликнинг олдини олиш, халқнинг давлат идораларидан рози бўлишига қаратилмоқда.

Кундалик ҳаётда ҳар биримиз дуч келадиган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш, болани мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш, ҳужжатларни расмийлаштириш каби масалалар эндиликда давлат хизматлари марказлари зиммасига юклатилди. Бу нафақат сарф-харажатларни, балки инсон учун қимматли бўлган вақтни тежаш, ундан унумли фойдаланиш имконини яратмоқда.

— Ҳар бир инсон ҳаёти давомида, жамиятнинг у ёки бу соҳаси билан боғлиқ ҳаракатида давлат органлари билан дуч келиши муқаррар.

Шу боис одамлар оғирини енгил қилиш, уларга “давлат-фуқаро” муносабатларида қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан давлат хизматлари кўрсатишнинг янги концепцияси илгари сурилди, –— дейди Агентлик директори Халилилло Тўрахўжаев. — Давлат хизматлари марказларининг асосий вазифаларидан бири аҳолининг узоғини яқин, оғирини енгил қилишдир. Агентлигимиз ўз зиммасига юклатилган ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этиш, давлат хизматлари ягона реестрини шакллантириш, мазкур соҳада давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат хизматлари кўрсатишнинг инновацион шакллари ва услубларини жорий этишни ташкил қилиш каби вазифаларни амалга ошириб келмоқда. Янги, замонавий мобиль воситалар жойларда, айниқса, узоқ ҳудудларда фуқаро ва тадбиркорларимизга давлат хизматларини кўрсатишда қулайлик яратаётир.

Президентимизнинг 2018 йил 11 апрелдаги “Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда аҳоли ва юридик шахсларга давлат хизмати кўрсатиш кўлами ва сифатини янада ошириш, замон талаблари даражасига олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур қарорга биноан 2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб давлат хизматлари марказлари томонидан тажриба тариқасида 70-100 турдаги талаб юқори бўлган давлат хизматлари кўрсатиш назарда тутилган. Таъкидлаш жоиз, жорий йил 1 июнга қадар республикамиз бўйлаб жойлашган давлат хизматлари марказларида аҳолига инновацион технологиялар ва замон талабларига мос равишда 50 турдаги хизматлар кўрсатиб келинган бўлса, 1 июндан бошлаб яна 31 турдаги хизматлар қўшилди. Хусусан, фуқароларга ва тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида Наманган, Нукус, Андижон, Термиз, Когон, Зарафшон, Шаҳрисабз, Қўқон шаҳарлари, Дўстлик, Пастдарғом, Сирдарё, Чирчиқ, Хонқа туманлари, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туман давлат хизматлари марказларида туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари орқали тажриба тариқасида янги турдаги давлат хизматлари кўрсатиш жорий қилинди. Эндиликда давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига жами 80 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

Дарҳақиқат, давлат хизматлари марказлари бугун дори воситалари чакана савдоси билан шуғулланиш учун рухсатнома олиш, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш, ипотека тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш, тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини лицензиялаш, электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсат бериш ва бошқа соҳалар юзасидан давлат хизматларини кўрсатиб келаётир. 1 июндан бошлаб яна янги турдаги хизматлар — туғилганликни, ўлимни қайд этиш, ФҲДЁ органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш, такрорий гувоҳномалар бериш, фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувини тиклаш, унга ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш, Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириш учун ҳужжатларни топшириш, нотариат органлари томонидан архив ҳужжатларини, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларининг янги намуналарини бериш, содда усулда, қисқа фурсатда амалга оширилади. Шунингдек, меҳнат органларида фуқароларни ишсиз сифатида рўйхатга олиш, ишсизлик нафақасини тайинлаш, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш учун ариза бериш, туризм, ветеринария фаолиятларини амалга ошириш учун лицензия бериш, жисмоний шахс —  солиқ тўловчининг солиқ ва бошқа тўловлардан қарзи бор-йўқлиги ҳақида маълумотнома бериш, электр энергияси, табиий газ, сувни ҳисобга олиш (ҳисоблагич) ускунасини ўрнатиш, ечиш ва қиёс­лашга ариза топшириш каби бир қатор хизматлар аҳоли вакилларига енгиллик ва қулайлик яратади. Масалан, Тошкент давлат юридик университетига ҳужжат топшириш учун абитуриентлар мамлакатимизнинг олис ва чекка ҳудудларидан вақт ва пул сарфлаб, овора бўлиб юришмайди — ўз ҳудудидаги давлат хизматлари марказлари орқали ҳужжатларини топшириши мумкин.

— Бу йил қизим Тошкент давлат юридик университетига кириш учун ҳужжат топширмоқчи, — дейди қорақалпоғистонлик Айнура Раджапова. — Энди буни давлат хизматлари марказлари орқали ҳам амалга ошириш мумкинлигини эшитиб, хурсанд бўлдим. Чунки узоқ йўлга қизимнинг бир ўзини юбора олмаймиз, бирга бориб келиш эса ҳам вақт, ҳам ортиқча харажат дегани. Энди бунга ҳожат қолмади. Нукус шаҳридаги давлат хизматлари маркази орқали университетга ҳужжат топширамиз. Очиғи, аввал ушбу марказлар фаолияти ҳақида эшитиб, билиб юрардим. Аммо ўзимнинг ишим тушмагунга қадар уларнинг аҳамиятини тўла англаб етмаган эканман. Аслида давлат хизматлари маркази фуқароларнинг оғирини енгил, мушкулини осон, узоғини яқин қилишга, қолаверса, узоқ навбат кутишлар, сарсону оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилар экан. Юртимизда фуқаролар учун яратилаётган қулайликлар, замонавий шарт-шароит, давлат органлари ва мутасаддилар халққа беминнат хизмат қилаётгани ҳар бир ватандошимизни беҳад қувонтирмоқда.

Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги саъй-ҳаракатларнинг самарадорлигини оширишда, албатта, ҳудудларда фаолият кўрсатаётган давлат хизматлари марказлари фаолиятидан аҳолини кенгроқ хабардор қилиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки фуқаролар бу борадаги фаолиятдан тўла хабардор бўлган тақдирдагина тақдим этилаётган хизматлардан унумли фойдаланади. Давлат хизматлари агентлиги ва марказлари ушбу йўналишда ҳам муайян ишларни олиб бормоқда.

Агентлик директори Халилилло Тўрахўжаевнинг таъкидлашича, марказлар фаолияти ҳақида аҳолига янада кенгроқ тушунча бериш мақсадида вилоят, туман ва шаҳарларнинг аҳоли гавжум ҳудудлари, бозорлар, савдо мажмуалари, шунингдек, реклама устунларига давлат хизматлари, уларнинг турлари ва механизмини ифода этган баннерлар жойлаштирилган. Асосий ғояси бўлган “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” шиори остида юзлаб плакатлар, буклет ва кўргазмали тарғибот материаллари тарқатилган.

Давлат хизматлари марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, зарур ахборот коммуникация технологиялари, хизмат машиналари билан таъминлаш борасидаги ишлар уларнинг фаолият самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлаётир. Бу барча, айниқса, олис қишлоқ ва ҳудудларда яшовчилар учун қулай. Давлат хизматлари сервисининг юқори сифати, тезкорлиги, шаффофлиги, қулайлиги ва фойдаланиш имконияти, мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўйилмаслиги аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Қолаверса, идоралараро ҳамкорлик, энг аввало, давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжат ва ахборотларни тезкорлик билан олишни таъминловчи электрон ҳамкорликнинг таъминланаётгани турли йўналишдаги хизматларни тезкор амалга оширишда аҳоли вакилларига қулайлик яратмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугун жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этилаётган давлат хизматлари халқнинг оғирини енгил қилишга қаратилмоқда. Илгари фуқаролар битта маълумотнома олиш учун ҳам турли идоралар эшигида соатлаб, кунлаб, ҳатто ойлаб сарсон-саргардон бўлиши мумкин эди. Энди эса намунали хизмат кўрсатиш тизими ана шундай оворагарчиликларга барҳам беради. Буларнинг барчаси одамларнинг рози бўлиб яшашига асос бўлиши табиий.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг