Асосий мақсад — одамларни ҳаётдан рози қилиш

0
57

Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ҳамкорлигида Наманган шаҳрида ўтказилан медиа-тур Президентимизнинг Халқ қабулхонаси ва Давлат хизматлари маркази фаолиятини кенг тарғиб этишга қаратилди.

Меда-тур иштирокчилари “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш бўйича олиб борилаётган ишлар, давлат хизматлари марказида аҳоли учун яратилган қулайлик ва замонавий шарт-шароитлар билан танишдилар.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири вазифасини бажарувчиси Неъматулла Абдуллаев, Давлат хизматлари агентлиги жамоатчилик ва
оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Зокирова, мазкур агентликнинг Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Дилмурод Исмоилов оммавий ахборот воситалари ходимларига соҳада юз бераётган ўзгаришлар ва янгиланишлар ҳақида маълумот бердилар.

Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази директори Акрамжон Акрамовнинг қайд этишича, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг аксариятида фуқаролар мурожаати бўйича қўйилаётган масалаларга масъулият билан ёндашилмоқда. Марказ мутахассислари сайёр хизмат кўрсатишни йўлга қўйгани ҳам аҳолига қўшимча қулайликдир. Маҳалла, бозор ва йирик савдо мажмуаларида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларига ёрдам берилаётир. Хусусан, ҳозирга қадар 24 маҳалла фуқаролар йиғинида ана шундай тадбирлар юқори савияда ташкил этилди. Буларнинг барчаси давлат хизматлари кўрсатишнинг инновацияга асосланган миллий тизими муваффақиятли жорий этилаётгани ифодасидир. Одамлар энг зарур хизматлар жамланган бу идора фаолиятидан мамнун.

Вилоятда “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойилини ҳаётга кенг татбиқ этишда, албатта, унга мутасадди ташкилотнинг моддий-техник базаси ва яратилган имконият, шарт-шароит муҳим ўрин тутади. Наманган шаҳар давлат хизматлари марказига “Карбонам” масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги фойдаланилмай турган тўрт қаватли бино ажратилиб, 15 миллиард сўмлик реконструкция ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди, замонавий алоқа ва коммуникация воситалари билан таъминланди.

Шунингдек, 12 та туман ва шаҳар давлат хизматлари марказлари “Дамас” автомашиналари ҳамда 1 дона “Исузу” автобуси билан таъминлангани марказнинг олис қишлоқларда, маҳаллаларда аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш, фуқароларга сайёр давлат хизматларини кўрсатиш ва сайёр қабуллар ўтказиш вазифаларини бажаришида муҳим омил бўлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев шу йил май ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида мазкур марказда ҳам бўлиб, бу ерда фуқаролар ва хизматчилар учун яратилган шароитларга юқори баҳо бераркан, “Биз бу хизматни нима учун ташкил қилдик? Адолат бузилмаслиги, коррупция бўлмаслиги, одамлар қийналмаслиги учун. Ушбу муассаса давлат хизматлари марказлари фаолиятини ташкил этишнинг Наманган тажрибаси, одамлар билан мулоқотнинг янги намунаси бўлади. Энг катта ютуғимиз бундай идораларда энди фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади”, деб таъкидлаган эди.

Президентимизнинг ташрифида белгилаб берилган вазифалар ва тегишли кўрсатмалар асосида давлат хизматлари марказида тизимли ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Хусусан, аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида синов тариқасида жорий йилнинг 1 июнидан қўшимча тарзда 31 та йўналишда давлат хизматлари кўрсатиш жорий этилди.

Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида аҳолига қулайлик яратиш, узундан-узоқ навбатда туриш, ортиқча вақт сарф қилишнинг олдини олиш мақсадида муқобил тарзда Наманган шаҳар давлат хизматлари марказига қиймати 32 минг еврога тенг бўлган бир дона кўчма мобиль қурилма ўрнатилди. Энди мазкур қурилма ёрдамида биометрик паспортни расмийлаштириш ва олиш имконияти йўлга қўйилди. Яқин вақт ичида тақдим этилаётган хизматлар турини юзтага етказиш режалаштирилган. Айни жараёнда мамлакатимизда илк маротаба Тошкент давлат юридик университетига кириш ҳужжатларини қабул қилиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, архив хизмати, электр, газ, ичимлик суви ҳисоб­лагичи ўрнатишга рухсат бериш ва бошқа кўплаб оммабоп амалиётлар ҳам жорий этилади.

Илгари тадбиркорликни йўлга қўймоқчи, бирор фирма ёки корхона очмоқчи бўлган одам ҳужжат тўғрилаш жараёнида сарсон-саргардон бўларди. Нотариус, архив ёки кадастр идорасидан, газ, электр, сув таъминоти ташкилотидан ёки маҳалладан оддий бир маълумотнома олиш учун ҳам баъзан кун бўйи навбатда туришга тўғри келарди. Ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишининг паст даражада экани ва қоғоз ҳужжатлар айланмасининг сақланиб қолгани асоссиз молиявий харажатларга, фуқароларнинг ортиқча кутиб қолиши ва навбатлар юзага келишига, бу эса баъзан коррупция ва бюрократия ҳолатларига олиб келаётганди. Давлат хизматлари маркази эса бунга энди чек қўяди.

Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази фаолияти билан танишиш жараёнида, бу ерда юридик ва жисмоний шахсларга ортиқча вақт сарфламай, сарсонгарчилик ва асаббузарликларсиз белгиланган давлат хизматларидан фойдаланиш учун барча қулайлик муҳайё этилганига амин бўлдик. Масалан, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш яқин вақтга қадар фақат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқармасининг рўйхатлаш-имтиҳон олиш бўлимида амалга оширилиб, бу жараёнга баъзи ҳолларда бир ойгача вақт кетар эди. Энди бу амалиёт ҳам давлат хизматлари қаторидан жой олди. Гувоҳномасини алмаштирмоқчи бўлган киши марказдаги мутахассисга эски нусхадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда фуқаролик паспортини топширган ҳолда белгиланган тўловни шу ернинг ўзидаги банк шохобчасида амалга ошириши кифоя. Суратга ҳам шу ерда тушиш мумкин. Хуллас, “ID” кўринишдаги янги гувоҳнома тўлиқ электронлаштирилган тизим орқали 5 дақиқа ичида тайёрлаб берилади.

— Давлат хизматлари марказининг очилгани оғиримизни енгил, мушкулимизни янада осон қилди, — дейди кўз олдимизда беш дақиқага қолмай янги ҳайдовчилик гувоҳномасини олган Наманган шаҳридаги Юқори Ғивон маҳалласи Ниёзали Имомов кўчаси 2-уйда яшовчи Ғуломжон Абдураҳмонов. — Бир пасда қўлимга ҳужжат олишимни тасаввур ҳам қилмагандим. Тўғриси, авваллари “право” олиш ёки янгилаш учун соатлаб навбат кутишга, тиббий кўрик ва имтиҳондан ўтишга мажбур бўлардик. Эндиликда эса паспорт ва эски намунадаги гувоҳномани олиб келишнинг ўзи етади. Аҳоли учун бундай қулайлик ва замонавий шарт-шароитлар яратилганидан миннатдормиз.

Бошқа жойларда бўлгани сингари Наманган шаҳрида ҳам болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш бўйича етарлича муаммо тўпланиб қолган эди. Яқин-яқингача ота-оналар ҳали боғча, ҳали халқ таълими бўлимига қатнар, узоқ вақт навбатда турар эди. Энди бу юмуш ҳам марказнинг ўзида бир пасда битаётир.

— Болаларимизни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш катта  муаммога айланаётганди, — дейди Наманган шаҳридаги “Мингчинор” МФЙда яшовчи фуқаро Дилфуза Ҳайдарова. — Мактабгача таълим муассасаси билан халқ таълими ўртасида овора-ю сарсон эдик. Давлат хизматлари марказига келиб, бу юмушнинг бир зумда бажарилишидан бошимиз осмонга етди. Марказ вакиллари ота-оналарнинг бу борадаги мурожаати рўйхатга киритилиб, йўлланма олиш учун навбат электрон усулда олиб борилишини тушунтиришди. Керакли ҳужжатларни тақдим этиб,  фарзандим Малика Юнусовани ҳудудимиздаги 2-мактабгача таълим муассасасига йўлланма асосида жойладик.

Ҳа, бугунги кунда Наманган шаҳар давлат хизматлари марказида 17 нафар малакали мутахассис замонавий ахборот технологиялари воситасида 600 мингдан зиёд аҳолига ижтимоий-иқтисодий, маиший ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан боғлиқ муаммо ва масалаларда тезкорлик билан ёрдам кўрсатмоқда. Марказ фаолиятининг ўзига хос жиҳати шундаки, бу ерда фуқаро кун бўйи навбат кутиб қолмайди. Биргина жамғариб бориладиган пенсия тизимига рўйхатга туришни оладиган бўлсак, илгаригидек банкка боришга ҳожат қолмади. Бу масала марказда узоғи билан бир соатда ечилади. Солиқ тўловчининг идентификация рақамини олиш ҳам содда усулда, қисқа фурсатда ҳал этилади.

Маълум қилинишича, Наманган шаҳар ва туманлар давлат хизматлари марказларига жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра жисмоний ва юридик шахслар томонидан 65 та хизмат тури бўйича жами 84 минг 814 мурожаат келиб тушган. Бугун фуқаролар ушбу масканга ер участкаси кадастри, кўчмас мулк объектига эгалик ҳуқуқини тиклаш, коммунал хизмат, ҳатто, оилавий турмуш муаммолари хусусида ишонч билан мурожаат қилмоқда. Чунончи, ўтган қисқа вақтда 4 минг 721 ариза қабул қилиниб, аксариятининг ижроси таъминланди. Улар орасида, айниқса, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш бўйича 1 минг 296 мурожаат ижобий ҳал қилинганини қайд этиш жоиз.

Илгари тадбиркорликни бошламоқчи бўлган одам ойлаб сарсон бўларди. Сабаби тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш учун жуда кўп ҳужжат, қоғозбозлик талаб қилинарди. Уларни тўғрилаш учун турли-туман идораларга қатнаш, соатлаб навбат кутишга тўғри келарди. Бундан кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлиб, ишни бошламай туриб ташлаб кетарди. Бугун давлат хизматлари марказида бу манзаранинг тамомила аксини кўрасиз. Кўз ўнгимизда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги фуқаро Иброҳим Ибрагимов марказ мутахассисига мурожаат қилди. Фуқаролик паспортидан кўчирма тақдим этди. Автомобиль бутловчи қисмлари савдоси билан шуғулланиш истагида бўлган ёш ишбилармонга юридик шахс­ни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома 30 дақиқа ичида расмийлаштириб берилди. Эндиликда Иброҳим каби ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлганлар олдингидек идорама-идора ҳужжат тўғрилаб юришмайди, икки кун вақт сарфламайди. Давлат хизматлари маркази тадбиркорга бир зумда қанот бўлади.

Эътиборлиси, марказда электрон навбат тизими жорий этилган бўлиб, кунига ўртача 800 дан ортиқ фуқаро ва тадбиркорга 80 дан зиёд турдаги давлат хизмати кўрсатилади. Бу ерда Халқ қабулхонаси, нотариус, ФҲДЁ, паспорт бўлимлари, суғурта, кадастр, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, тез тиббий ёрдам хизматлари, банк шохобчаси жойлашган. Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида биринчи қаватда болалар майдончаси, кафе ишлаб турибди.

Медиа-тур доирасида журналистлар Учқўрғон туманидаги Халқ қабулхонаси ва сектор раҳбарлари иштирокида ташкил этилган сайёр қабулда ҳам иштирок этдилар. Оммавий ахборот воситалари ходимлари юзма-юз мулоқот жараёнида кун тартибидаги масала юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олиш имкониятига эга бўлди.

Сайёр қабул жараёнида туман ҳокими Азимжон Ваҳобов, туман прокурори Комилжон Алимов, туман ИИБ бошлиғи Ғайрат Раҳматуллаев, туман Давлат солиқ инспекцияси раҳбари Акрамжон Нажмиддинов фуқаролар  кўтарган бир қатор масалаларни ижобий ҳал этди. Масалан, кам таъминланган оила соҳиби Олимжон Жавлоновнинг арзон уй-жойга бўлган эҳтиёжи, Турсуной Абдуллаеванинг ер участкаси кадастр ҳужжатларини тиклаш, 12 йил коллежда ишлаб штатлар қисқариши туфайли ишсиз қолган кутубхоначи Турғуной Азизованинг ишга жойлашиш бўйича мурожаатларига жойида ечим топилди.

Бир сўз билан айтганда, Халқ қабулхоналари қисқа муддатда одамларнинг қанчадан қанча муаммосига ечим топиб, давлат ва аҳоли ўртасида ўзига хос кўприкка айланди. Энди Халқ қабулхоналари билан бир жойда фаолият олиб борадиган давлат хизматлари марказларида жисмоний ва юридик шахс­ларга тез, қулай, шаффоф тарзда давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, энг аввало, халқимиз учун қулай шарт-шароит яратишдан иборат.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг