Халқ розилиги — олий мақсад

0
21

Санжарали Имомов Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партия­сидан халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгашига депутат сифатида 29-Бешқўрғон сайлов округидан сайланган. Сайланганига ҳали кўп бўлганига қарамай аҳоли дарду ташвишини ўзиникидан кам билмаган депутат қисқа муддат ичида амалга оширган ишлари билан кўпчиликнинг тилига тушди — қатъият ва шижоат билан халқ манфаати йўлида янги ва замонавий ташаббусларни дадил илгари суриб, сайловчиларга берган ваъдаларини бажариш йўлида тиним билмайди.

ЎзМТДП Чилонзор тумани кенгашига “Бешқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Унда кўчаларнинг асфальт қопламалари яроқсиз ҳолга келиб қолгани, йўл белгиларини ўрнатиш ва баъзиларини қайтадан бўяш кераклиги ҳамда кўча ёриткичларини ўрнатиш юзасидан ёрдам сўралган эди. Шунингдек, мурожаатда юқоридаги муаммолар сабабли йўл-транспорт ҳодисалари юзага келаётгани, маҳалла энг йирик савдо мажмуаларидан бири — “Чилонзор буюм савдо комплекси” АЖга туташ ҳудудда жойлашгани боис, ҳатто ички кўчаларда ҳам транспорт серқатновлиги, бунинг натижасида ички йўллар тез-тез таъмирга муҳтож бўлиб қолаётгани баён қилинган.

Халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгаши депутати Санжарали Имомов мазкур мурожаатни тегишли тартибда ўрганиб чиқиб, туман ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимига депутатлик сўрови юборди. Натижада қисқа вақт ичида мазкур ҳудуд кўчаларидаги йўл белгилари қайта кўриб чиқилди, баъзи жойларда янгидан ўрнатилди. Карвонсарой ва Чорбоғ кўчаларида жами 26 та ёритиш устунлари ва 71 та чироқ янгиланди, асосий кўчаларнинг пиёдалар ўтиш йўлаклари бўялди. Йўлларнинг таъмирталаб қисмлари жорий таъмирдан чиқарилди.

Санжарали Имомов депутат сифатида сайлов участкаси ҳудудидаги мактаб, оилавий поликлиника, маҳалла идораси каби ижтимоий инфратузилма объектлари фаолияти билан яқиндан танишди, уларнинг ҳолатини ўрганди, мавжуд муаммоларни бартараф этишга кўмак­лашди.

— Бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев­нинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда, — дейди “Бешқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шоакмал Шопўлатов. — Маҳалламиз идораси яқинда тўлиқ таъмирдан чиқарилган эди. Депутат Санжарали Имомов маҳалла идораси шароити билан яқиндан танишганидан сўнг мажлислар зали учун 100 ўринли стол-стул жамланмаси ва уч дона кондиционер совға қилди. Маҳалла идорасида аҳоли билан доимий равишда учрашувлар ўтказиш мақсадида қабулхона ташкил этилган. Маҳалла фуқароларининг депутат билан юзма-юз мулоқоти давомида кўплаб катта-кичик масалаларга ечим топилаётир. Қолаверса, у аҳолининг ночор қатламини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни канда қилмайди.

Дарҳақиқат, халқ вакили ўтган қисқа фурсат ичида ҳудуддаги турли масалаларда аҳоли вакилларига кўмакдош бўлди. Маҳалладаги 270-умумтаълим мактабига 60 ўринга мўлжалланган стол-стул жамланмаси, ўқув анжомлари, кондиционер ҳамда телевизор совға қилди. Ўқувчиларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун мактабга бокс ва қўл жанги, шахмат-шашка каби спорт турлари инвентарларини олиб берди.

Бундан ташқари, маҳалла ҳудудидаги 33-оилавий поликлиника ҳам депутат кўмагида зарур жиҳозлар билан таъминланди. Гап шундаки, поликлиника бош шифокори Абдукарим Муродов партия Чилонзор туман кенгашига тиббиёт муассасаси учун зарур жиҳозлар олинишида кўмак сўраб мурожаат қилганди. Мурожаатни ўрганиб чиққан Санжарали Имомов кўп ўтмай ҳомийлар кўмагида мазкур оилавий поликлиникага кондиционер, сув иситиш, нусха кўчириш қурилмалари ҳамда тиббий асбоб-ускуналар келтирилишига эришди.

— Маҳалламизда болалар майдончаси мавжуд эмас эди, — дейди туманнинг 1-Чорбоғ кўчаси 5-уйда яшовчи Мансур Рустамов. — Бу муаммо бў­йича ЎзМТДП Чилонзор тумани кенгашига мурожаат қилдик. Мурожаатимиз беиз кетмади. Яқинда маҳалланинг фойдаланилмай келаётган ҳудудида халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Санжарали Имомов ташаббуси билан янги болалар майдончаси қурилиб, 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига байрам совғаси сифатида фойдаланишга топширилди. Энди ушбу майдончада маҳалламизда истиқомат қилувчи оилалар фарзандлари спорт билан шуғулланиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказиши мумкин. Зеро, болалар — бизнинг келажагимиз. Агар ана шу келажак пойдеворини тўғри қўйсак, кўзлаган эзгу мақсадларимизга етишимиз шубҳасиз. Навқирон авлод мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришларни ҳозирданоқ ҳис этишлари керак, шунда уларнинг қалбидан жой оладиган она Ватан туйғуси ҳеч қачон сўнмайди.

Сирасини айтганда, депутат билан юзма-юз учрашувимиз қийин кечди: биз учун дарров бўш вақт топа олмади. Қўнғироқлашганимизда гоҳ ўз корхонасида, гоҳ маҳаллада, баъзан бирор бир ташкилотда муҳим иш, аниқроғи, одамлар ташвиши билан юрганига гувоҳ бўлдик. Унинг бу каби хайрли ишларидан яна кўп мисол келтириш мумкин. Аммо Санжарали Имомов юрт равнақи, маҳалла аҳлининг муносиб яшаш шарои­ти учун қилган савобли ишларини кўз-кўз қилишни хоҳламайди. Фаол ва ташаббускор депутат “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин”, деган ақидага амал қилади. Бу каби жонкуяр депутатларимиз сони қанча кўпайса, аҳолининг партиямизга бўлган ишончи ҳам шунча ортиб боради.

Нурбек ЙЎЛДОШЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг