Алишер Навоий мероси — бебаҳо хазина

0
3

Маълумки, ўтган йили Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан Халқ таълими вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёт университети, Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Навоий ворислари” республика кўрик-танлови ташкил этилган эди. Куни кеча ана шу танловнинг якунлари ва хулосалари, 2018 йилда ўтказишнинг асосий шартлари бўйича ахборот бериш мақсадида видео-мулоқот бўлиб ўтди. Унда ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят кенгашлари вакиллари, депутатлар, олимлар ҳамда ёшлар иштирок этди.

Видео-мулоқотда партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова юртимизда ёшларнинг адабиётга, китобхонлик, хусусан, Алишер Навоий ижодига, унинг шеърият оламига бўлган қизиқиши кундан-кун ортиб бораётганини таъкидлади.

—     Мамлакатимизда китобга, маърифатга юксак даражада эътибор қаратилаётир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бугунги китобхонга ҳатто енгил автомобиль совға қилинмоқда, — деди Ф.Муҳаммаджонова. — ЎзМТДП ёшларни китобга, хусусан, шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ижодига бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида “Навий ворис­лари” кўрик-танловини ташкил қилди. Лойиҳанинг дастлабки натижалари шуни кўрсатмоқдаки, ҳудудларда Навоий меросини чуқур ўрганган, истеъдодли ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Кўрик-танловнинг бу йилги босқичларини ҳам юқори савияда ўтказишга алоҳида тайёргарлик кўрилаяпти. Мақсадимиз ёшларни китобхонликка, буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўқиб-ўрганишга жалб этишдан иборат.

Видео-мулоқотда бу йилги танлов шартлари ҳам эълон қилинди. Унга кўра, иштирокчилар тўртта:  энг кўп ғазал ёд олиш, берилган ғазални бехато ва ифодали ўқиш, ғазаллар матнининг насрий (ёзма шарҳи) маъносини тушунтириш ҳамда қийин сўзларни изоҳлаш йўналишлари бўйича беллашади.

Тадбирда кўрик-танловнинг илк ғолиблари — Бухоро вилоятидан Ситора Исоқова, навоийлик Маржона Нодирқулова ҳамда фарғоналик Хосиятхон Сирожиддинова лойиҳа таассуротлари билан ўртоқлашди. Навоий ғазалларидан ўқиб, маъноларини шарҳлаб берди. Ҳазрат Навоийнинг 457 та ғазали ва бутун бошли “Лисонут-тайр” достонини ёд олган Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 30-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шаҳзодахон Раҳмонова ҳамда ғазалларни рус ва инглиз тилларида равон, ифодали тарзда ўқиб берган андижонлик Нозанинхон Саидхонова чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Алишер Навоийнинг бой адабий мероси ёшларни ҳамиша она Ватанга муҳаббат руҳида тарбия­лайди, одамийлик ва меҳнатсеварликка чорлайди. Модомики, шундай экан, бу улкан маънавий меросни мунтазам ўқиш, чуқур ўрганиш ва уқиш лозим. ЎзМТДПнинг ушбу ло­йиҳаси ана шундай эзгу мақсадга қаратилган.

Н.НОРМУРОДОВ

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг