Ечими йўқ муаммо бўлмайди, аммо… оёғи ердан узилган мутасаддилар 10 депутатлик сўровига жавоб қайтармади

0
13

Бугун жойларда партия вакиллари ва улардан сайланган депутатларнинг аҳоли билан доимий мулоқоти натижасида фуқароларнинг сиёсий партияларга ва депутатларга бўлган ишончи кундан-кун ортиб бормоқда. Буни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳудудий кенгашлари ва депутатлик бирлашмаларига келаётган аҳоли мурожаатларидан ҳам яққол билиш мумкин.

Шу йилнинг 16 апрель куни ЎзМТДП Сурхондарё вилоят кенгашига вилоят қон қуйиш станциясининг бир гуруҳ ходимларидан мурожаат келиб тушган. Унда Ўзбекистон Республикасининг “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги қонуни 22-моддасида қон билан ишлаш хизматининг қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш ва уларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва қон таҳлилларини текшириш жараёнларида қон билан алоқада бўлувчи тиббиёт ходимлари меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишларда банд бўлган шахслар жумласига киритилиб, уларга имтиёзлар берилгани, Ўзбекистон Респуб­ликаси Солиқ кодексининг 179-моддаси 10-бандида ушбу тоифадаги  тиббиёт ходимлари даромад солиғидан озод этилгани, аммо улар бу имкониятдан фойдалана олмаётганлиги баён этилган.

Партия вилоят кенгаши вакиллари ва халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Хушбоқ Муҳаммадиев мазкур мурожаатни ўрганиб, вилоят Давлат солиқ бош­қармасига депутатлик сўрови юборди. Натижада мурожаат ижобий ҳал этилиб, депутатлик сўрови орқали вилоят қон қуйиш станциясининг 36 ходими ўз ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланиш имконига эга бўлдилар.

Аммо афсуски, аҳоли мурожаатлари асосида юборилаётган депутатлик сўровига ўз вақтида жавоб қайтармайдиган ёки умуман эътибор қаратмайдиган мутасадди  ташкилот ёки идоралар ҳам йўқ эмас. Масалан, вилоят молия бошқармасига юборилган 4, вилоят халқ таълими бошқармасига юборилган 3 депутатлик сўрови эътиборсиз қолдирилди. Ҳолбуки, бу сўровлар шунчаки бўлмай, уларда одамларни ўйлантираётган, ташвишга солаётган талай муаммо кўтариб чиқилган эди.

Шу йилнинг 28 февраль куни халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи раҳбари Сайфулла Турсунов юқорида тилга олинган депутатлик сўровларига жавоб олиш мақсадида иккинчи бор хат чиқарди, хатда юборилган депутатлик сўровларига ўз вақтида жавоб берилмагани, бунинг учун амалдаги қонунчиликда жавобгарлик белгилангани эслатилди. Аммо шундан кейин ҳам мутасадди идора ёки ташкилотлардан бирорта жавоб олинмади.

Бундан ташқари, 2017 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Сурхондарё вилоят филиали ва соғлиқни сақлаш бошқармасига юборилган 3 сўров ҳам очиқ қолдирилган. Оёғи ердан узилган бундай мансабдорлар Президентимизнинг “Депутат сўрови — халқ сўрови, депутатга беписандлик — халққа беписандлик” деган сўзларини унутган кўринади. Акс ҳолда бундай ҳолат юз бермаган бўларди.

Наргиза ШАЙДУЛЛАЕВА,
ЎзМТДП Сурхондарё вилоят кенгаши
матбуот котиби

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг