Депутатлардан янада фаоллик талаб этилади

0
14

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши “Депутатлар фаолияти самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари: муаммо ва ечимлар” мавзусида ўқув-семинар ташкил этди. Унда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари вакиллари, ЎзМТДП вилоят кенгаши ходимлари, партия фаоллари ҳамда журналистлар иштирок этди. Семинарда партия ташкилотлари ва гуруҳлари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш, маҳаллий Кенгаш депутатларининг электорат манфаатларини ифода этишга қаратилган ташаббускорлигини ошириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Семинарда ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Баҳодир Шаропов партия ташкилотлари ва гуруҳлари фаолиятини жонлантириш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган масалаларга эътибор қаратди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ишини янада кучайтириш, уларнинг электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ташаббус­лари самарадорлигини ошириш устувор вазифа эканлигини таъкидлади.

Тадбирда қайд этилганидек, шу йилнинг ўтган 5 ойи давомида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари 45 та, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари 175 та депутатлик сўровини амалга оширган. Мутасадди ташкилотларга юборилган сўровларнинг айримлари жавобсиз қолган, баъзи сўровларга “ҳал қилиб берамиз” қабилида жавоб қайтарилган.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ҳудудларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнидан хабардор бўлиб, ўз электоратини ўйлантираётган масалалар юзасидан доимий равишда мониторинг олиб боришлари ҳамда маҳаллий Кенгаш сессияларида ташаббус билан чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришишлари лозим. Бироқ ЎзМТДПдан сайланган депутатларнинг бу борадаги фаолиятини қониқарли деб бўлмайди. Кенгаш сессияларига ҳамда доимий комиссия йиғилишларига масалалар, таклифлар олиб чиқишда оқсоқликка йўл қўйилаётганлиги таъкидланди. Айрим туман Кенгашларидаги депутатлар биронта ҳам депутатлик сўрови юборилмаганлиги танқид қилинди. Шунингдек, ўқув-семинарда депутатлар ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасини очиб, фаолияти ҳақида сайловчиларни хабардор қилиб бориши, аҳоли билан электрон мулоқотни йўлга қўйиши лозимлиги таъкидланди. Аммо бугун бу борадаги фаолиятни ҳам қониқарли деб бўлмайди.

— Мамлакатимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавий қадриятларимизни, халқимизнинг урф-одат ва анъаналарини, бой тарихий меросини асраб-авайлаш ҳамда бо­йитиш, миллий тикланиш ғояси асосида халқни Ватан тараққиётига, демок­ратик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришга қаратилган яратувчилик ва ижодкорлик фаолиятига сафарбар этиш Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг устувор вазифаларидан саналади, — деди ўқув-семинарда маъруза қилган Олий Мажлис Қонунчилик паталасидаги ЎзМТДП фракцияси аъзоси Алишер Ҳамроев. — Ушбу дастурий мақсадлар ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгаш депутатларининг фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда сиёсий партия ва уларнинг депутатлик бирлашмалари ўртасида ғоялар, дастурлар ва электорат манфаатлари учун ўзаро кураш, соғлом рақобат кучайиб бормоқда. Бу эса юксак билимлиликни, ташаббускор бўлишни, масъулиятни чуқур ҳис этишни талаб этади. Шу боис халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг партия дастурий вазифалари ижросини таъминлашдаги ташаббускорлигини кучайтириш, депутатлар ва партия ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мус­таҳкамлаш зарур.

Семинар якунида партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ҳамкорлигини кучайтириш, партия гуруҳлари ташаббускорлигини ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Исомиддин КАРИМОВ,
халқ депутатлари Ургут туман Кенгашига
ЎзМТДПдан сайланган депутат:

— Ўқув-семинарда депутатлар фаолияти самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Мавжуд муаммолар ечими бўйича аниқ кўрсатма ҳамда тавсиялар берилди. Бугун давр биздан ташаббус ва фидойиликни талаб қилмоқда. Модомики шундай экан, буни барча депутатлар, партия фаоллари чуқур англаб, шу йўлда сидқидилдан меҳнат қилиши, фидойиллик кўрсатиши, ўз ваколатларидан унумли фойдаланишлари лозим. Ўқув-семинар фаолиятимизга танқидий назар солиш, истиқболда қилиниши лозим бўлган вазифаларимизни белгилаб олишга имкон берди.

Садриддин ҚУРБОНОВ,
халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашига
ЎзМТДПдан сайланган депутат:

— Партиямиз ғояларини сайловчиларга етказиш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, улар ишончи ва эътиборини қозонишда партия ташкилотлари билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. ЎзМТДП электорати бўлган ҳунармандлар, фан, маориф, маданият соҳаси вакилларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган муаммоларни бартараф этиш фаолиятимиз асосига айланиши лозим. Ўқув-семинарда таъкидланганидек, бугунги давр биздан ҳудудларни ривожлантириш бўйича секторлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш, улар билан биргаликда амалий ишлар олиб бориш, ҳудудларни ободонлаштириш, йўл қурилиши, аҳоли бандлигини таъминлаш, жойларда янги иш ўринларини яратишга кўмакдош бўлишимизни талаб этаяпти.

Ориф ХОЛИҚУЛОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг