Попда 40 та хонадон эгаси: ўз уй-жойига қонуний эгалик қилиш ҳуқуқини олди

0
7

Мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, аҳолининг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янгича тизим яратилгани жойларда одамларнинг мурожаатларини тинглаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилашга амалий ёрдам бериш, муаммоларини ижобий ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Тоғ ёнбағрида жойлашган Пардатурсун қишлоғи Наманган вилояти Поп тумани ҳудудидаги энг баҳаво, сўлим гўшалардан биридир. Ҳудуднинг катта қисмида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги “Пардатурсун” сиҳатгоҳи ўрин олган. Қишлоқ аҳолисини анчадан буён бир муаммо қийнаб келарди, яъни уларнинг ота-боболаридан мерос уй-жойларига ҳалигача қонуний эгалик қилиш ҳуқуқи мавжуд эмас, аҳоли яшаётган уйлар жойлашган ерлар сиҳатгоҳ ҳудудига қарашли эди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Нодиржон Мухторовнинг саъй-ҳаракати билан ҳудуд аҳолисининг узоқ йилдан буён ечим топмай келаётган мазкур муаммоси бартараф этилди.

— Депутатларнинг жойларга чиқиб аҳолини ташвишга солаётган масала-муаммоларини ўрганаётгани самарали кечмоқда, — дейди ЎзМТДП Поп туман кенгаши раиси Умидахон Сайфиддинова. — Очиғи, турли ташкилотларга мурожаат қилавериб чарчаган аҳоли умидини узиб бўлганди. Лекин унга партиямиздан Олий Мажлисга сайланган депутат Нодиржон Мухторов аралашуви билан ечим топилди. “Пардатурсун” сиҳатгоҳи ҳудудидаги 40 хонадон яшаётган жой туман ҳокимлиги заҳирасига қайтарилди. Депутат аҳоли билан учрашиб, уларга бу ҳақдаги қарорни ўқиб берганида, катта-ю кичик қувонганидан қарсак чалиб юборди, кексалар бугунги кунларимизга шукрона айтиб, халқ дарди билан яшовчи фидойи инсонларни алқаб, дуога қўл очдилар.

Аҳоли билан учрашувда Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султонов ҳам иштирок этди. Уй-жойларни ҳужжатлаштиришда ҳокимлик кўмак беришини таъкидлади.

Бугун жойларда халқ ишониб сайлаган ҳар бир депутат одамларнинг ташвиши билан яшаса, ўз ишига виждонан, масъулият билан ёндошса, натижа самарали бўлиши шубҳасиз. Бу эса, ўз навбатида, аҳоли ишончини қозониш, партия нуфузи ошишига хизмат қилади.

Дилноза АЗИЗОВА,
ЎзМТДП Наманган вилоят кенгаши
матбуот котиби

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг