“Биз ёшлар энергетик ичимликларга қаршимиз!” ЎзМТДП ташкилотлари ана шундай шиор остида акция ўтказди

0
19

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан қувват берувчи (энергетик) ичимликларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири, унинг истеъмоли ва ишлаб чиқарилишини тартибга солишга оид акция ташкил этилди. Партиянинг Марказий, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, Сурхондарё, Наманган вилоят ҳамда бир қатор шаҳар ва туман кенгашлари “Энергетик ичимликларнинг салбий оқибатлари” ва “Биз ёшлар энергетик ичимликларга қаршимиз!” шиори остида ўтказган ушбу акция доирасида ёшлар ўртасида энергетик ичимликлар истеъмоли қай даражада эканлиги хусусида ижтимоий сўровнома ўтказилди, мутахассис шифокорлар қувватбахш ичимликларнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунтириш­лар берди. Бундан ташқари, энергетик ичимликларнинг таъсирини баҳолаш мақсадида кўнгиллилар иштирокида тиббий текширувлар ўтказилди.

Газетамизнинг аввалги сонларида бир неча бор энергетик ичимликларнинг зарари, уларнинг истеъмолини тақиқлаш, вояга етмаганларга сотилишининг ҳамда бундай қувват берувчи ичимликларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилинишининг олдини олиш, фуқаролар соғлиғини сақлаш, айниқса, ёшларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида мақолалар берган эдик. Хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари ёшлар ўртасида қувват улашувчи ичимликларнинг зарарли оқибатларини кенг тарғиб-ташвиқ қилаётгани, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ушбу турдаги ичимликлар муомаласига оид қатъий меъёрлар ўрнатилаётгани хусусида тўхталиб ўтган эдик. Дарҳақиқат, мазкур қонун лойиҳада энергетик ичимлик­ларни ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш, ёши ва жинсидан қатъи назар, барча шахсларга бепул тарқатишни маън этиш кўзда тутилмоқда. Ушбу турдаги ичимликларнинг рекламаси ва савдосини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари бинолари, жамоат жойлари, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари ҳамда спорт, ижтимоий ва маданий тадбирларда аудио, визуал ва мултимедиа воситалари, матн, кўргазмали қўлланмалар, баннерлардан фойдаланган ҳолда амалга оширишни чеклаш ҳамда белгиланган тартибни бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш каби масалалар ўз аксини топгани эътиборлидир.

Марказий ва ҳудудий партия ташкилотлари ташкил этган акция шу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янада кенгайтириш, тарғиботни кучайтиришга қаратилди.
ЎзМТДП Марказий кенгаши ўтказган акция доирасида кўнгилли фуқаро Халил Жулдибоевда тиббий текширув ўтказилди. Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникасида терапевт, кардиолог кўриги ташкил этилди ва ундан қон анализлари олинди. ЭКГ, қон таҳлили текширувлари ва қон босими ўлчанганида, ҳаммаси меъёрида экани қайд этилди.

Синов тариқасида фуқаро энергетик ичимликни истеъмол қилгандан сўнг бир оз муддат ўтгач, шифокорлар қайта текширувлар олиб борди. Натижа эса салбий: Халил Жулдибоевда қон босими ошгани, юрак фаолияти тезлашгани, қанд миқдори кутилганидан юқори кўрсаткичда экани маълум бўлди.

Худди шунингдек, Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган акция доирасида икки нафар кўнгилли ёш тиббий кўрикдан ўтказилди.

— Энергетик ичимликлар бир қарашда витаминга бой фойдали ичимликдек туюлади, аммо унинг таркибидаги шакар ва психотроп модда — кофеин моддаси (!) борлиги ҳам қарамлик, ҳам тана зўриқишига олиб келади, — дейди Наманган вилояти наркология диспансери бош шифокори Жамолиддин Шералиев. — Бунинг оқибатида инсон организмида турли жараёнлар — жиззакилик, уйқусизлик, нерв-асаб тизимининг ишдан чиқиши каби салбий оқибатлар бошланади, инсон танаси жуда оғир ҳолатга тушиб қолади. Жаҳон соғлиқни сақлфаш ташкилоти ҳам қувватни оширувчи ичимликларнинг салбий таъсирлари мавжудлиги ҳақида огоҳлантирган. Тобора оммалашаётган бу ичимлик одамларда юрак хуружи, ваҳима, кўриш қобилияти суса­йиши, ақлий нуқсонлар, бош оғриши ва мигрень, бетоқатланиш, асабийлашиш, инсулинга боғлиқ бўлмаган қандли диабет, қон босими ва бошқа касалликларни келтириб чиқармоқда. Шу боис бу каби ичимликларни истеъмол қилишдан аввал унинг оқибатларини унутмаслик лозим.

Дарҳақиқат, фойдасидан зарари кўп ичимликнинг вақтинчалик “қувват улашиши”, аслида эса инсон саломатлигига ниҳоятда хавф туғдириши ЎзМТДП томонидан ўтказилган акция доирасидаги тиббий текширувлар ва синов тариқасидаги ташхисларда ўз аксини топди…

АҚШлик тадқиқотчилар гуруҳи энергетик ичимликлар таркибида кофеин моддаси бўлган бошқа ичимликларга қараганда кўп маротаба хавфли эканини аниқладилар. Мутахассислар энергетик ичимликлар юракдаги QT интервали (юракнинг электрик систоласи)ни ўртача 2 соатда 10 миллисонияга оширади, деган хулосага келдилар. “Агар миллисонияларда ўлчанадиган ушбу вақт оралиғи ҳаддан ташқари узун ёки калта бўлса, юрак уришида жиддий ўзгариш­лар юз беради. Бу эса, ўз навбатида, ҳаёт учун хавфли бўлган аритмияга олиб келиши мумкин”, дея таъкидлайди олимлар.

Қувватни “қарзга” берувчи бу ичимлик­ларнинг таркибида кофеиннинг юқори миқдорда бўлиши бора-бора юрак саломатлигига таъсир қилади. У, айниқса, юрак уришининг қисқаришига олиб келар экан. Жаҳон миқёсида бу ичимликдан болалар кўп зарар кўрмоқда. Спорт билан шуғулланмай, жисмоний фаол бўлмай туриб бу ичимликдан кунига 250 миллилитрдан ортиқ ичиш юрак фаолиятининг ишдан чиқишига сабаб бўлади. Тана қувват ичимлиги орқали озиқланадиган юқори миқдордаги кофеинга ўрганиб қолгач, унга эҳтиёж сезилиши билан бош оғрий бош­лайди ва тобора кучаяди. Бу гўё гиёҳванд моддага ўрганиб қолишга ўхшайди. Бундан ташқари, ортиқча кофеин инсон миясида безовталикни келтириб чиқаради. Яъни энергетик ичимликка муккасидан кетиш юқори даражадаги саросимага сабаб бўлади.

Қолаверса, энергетик ичимлик таркиби шакарга ҳам бой. Бу ошқозоности безининг инсулин ишлаб чиқарувчи тўқималарини зарарлайди ва ўлдиради. Оқибатда инсулинга боғлиқ бўлмаган қандли диабетни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, меъёридан ортиқ энергетик ичимлик овқат ҳазм қилишни қийинлаштириб, кўнгилни айнитади. Ичимлик тананинг сувсизланишига, тишларнинг емирилишига, тери касалликларини келтириб чиқаришга ҳам сабаб бўлади.

Юқорида қайд этилганидек, мамлакатимизда қувват улашувчи ичимликлар истеъмоли ва савдосини тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинмоқда. Кимдир унинг тақиқланишини маъқулласа, яна бир тоифа фуқаролар бу турдаги ичимликлар фойдали эканлигини бонг уришмоқда.

Хўш, бу борада халқаро тажрибада қандай амалиёт мавжуд?

Таркибида кофеин миқдори юқори бўлган қувват берувчи ичимликлар рекламаси, маркировкаси, сотилиши ва истеъмол қилиниши чеклови бўйича халқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, айни вақтда қатор давлатларда, жумладан, Америка Қўшма Штатларининг Вашингтон, Кентукки ва Мичиган штатларида, Бирлашган Араб Амирликлари, Дания, Исландия, Колумбия, Қувайт, Латвия, Литва, Мексика, Норвегия, Саудия Арабистони, Туркия, Уругвай, Франция ва Россия Федерациясининг 38 та субъектида бу каби ичимликларни вояга етмаганлар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, асаб ёки юрак касаллик­лари мавжуд беморларга сотиш қатъиян ман этилган. Қозоғистонда фақат 16 ёшга етганларга бундай турдаги ичимликларни сотишга рухсат берилган.

Ҳозирги кунда Бирлашган Араб Амирликларида қувват берувчи ичимликларни сотиш мумкин бўлган истеъмолчилар ёшини 18 дан 20 гача ошириш масаласи муҳокама этиляпти. Францияда (у ерда йилига 60 миллион литр қувват берувчи ичимликлар истеъмол қилинади) истеъмол қилишни чеклаш мақсадида 2013 йил 1 октябрдан бу ичимликнинг ҳар бир литрига 1 евро миқдорида солиқ солиш тўғрисида қонун қабул қилинган. Латвияда энергетик ичимликларни сотиш бўйича қонунчилик ҳужжатларини бузган шахсларга нисбатан 175, Литвада эса 400 евро миқдорида жарима белгиланган.

Ўзбекистонда эса ЎзМТДП фракцияси аъзолари ташаб­буси билан ишлаб чиқилган янги қонун лойиҳаси билан “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Унга кўра, истеъмолчи 18 ёшга тўлмаган бўлса, унга қувват берувчи ичимликлар сотилмайди. Агар сотилса ёки сотиб олса, маъмурий жавобгарликга тортилади. Шунингдек, қонун лойиҳасида 18 ёшга тўлмаганлар орасида энергетик ичимликларнинг ҳар қандай тарғиботини маън қилиш, тиббиёт, спорт, таълим муассасалари, йўловчи ташиш транспортлари, жамоат жойларида, шу билан бирга, кундузги соат 7 дан тунги соат 22 га қадар электрон шаклдаги энергетик ичимликларни реклама қилишни тақиқлаш бўйича тегишли меъёрлар ўз аксини топган.

Бир сўз билан айтганда, вақтинча қувват улашадиган ичимликлардан воз кечиб, соғлом турмуш тарзини танлаш ҳар бир инсоннинг ўз иродаси ва хоҳишига боғлиқ. Бир муддатлик хушкайфият ва қувватга тўлишнинг қарзини бир умрга тўлашдан ўзимизни тия олайлик.

 Муҳтарама КОМИЛОВА,
 “Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг