Президентимиз “Наримтекс” корхонасига борди

0
6

Президентимиз “Наримтекс” корхонасига борди

Марғилон шаҳридаги “Наримтекс” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифати ва ўзига хос дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда.
“Наримтекс” корхонаси замонавий технологиялар асосида жиҳозланган. Бу ерда экспорт ҳажмини янада ошириш борасида доимий изланишлар олиб борилмоқда.
Корхона ташкил этилган 2008 йилда оддий тикув машиналарида хотин-қизлар кийимлари тикиларди. Мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган кенг имтиёз ва преференциялар корхонанинг янада ривожланиш имкониятини кенгайтирди. 2012-2015 йилларда Хитой билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш жараёни модернизация қилинган. Замонавий бичиш-тўқиш, безак бериш ҳамда тикув машиналари келтириб ўрнатилган. Натижада корхона пальто, куртка, костюм, пиджак каби сифатли маҳсулотлари билан истеъмол бозорида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлди, янги иш ўринлари яратилди.
Ўтган йили корхонада 632 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинган. Жорий йилда бу кўрсаткични 801 минг долларга етказиш мўлжалланмоқда.
Президентимиз ишлаб чиқариш жараёни билан танишиб, тикувчи аёллар билан мулоқотда бўлди.
– Хотин-қизларимизнинг ҳаётга муносиб бўлишида кийиниш маданиятининг ўрни катта. Либоси ўзига ёқса, ярашса, аёл кишининг кайфияти яхши бўлади. Бундай чиройли ва бежирим, миллий менталитетимизга мос кийимлар кийган хотин-қизларнинг дунёқараши ҳам кенг бўлади. Бу йўналишни ривожлантириш учун ҳамма шароитларни яратиб беришга тайёрмиз. Чунки аёлларни рози қилиш давлатимизнинг энг катта сиёсати-, деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз ички ва жаҳон бозорида ўрин топиш учун маҳсулот ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жалб этиш, ишчи-хизматчиларнинг малакасини доимий ошириб бориш зарурлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари шу ерда вилоятни иқтисодий ривожлантириш дастурлари, жумладан, Марғилон, Фарғона, Қувасой ва Қўқон шаҳарлари ҳамда Данғара туманида ташкил этиладиган кичик саноат зоналарида амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишди.
05dc43e4-7e24-a99d-702b-aa586bc58fcf.jpg
8fecbcf6-c6c2-d2ac-387c-dd2a9ac7d734.jpg
83accd67-06c8-aa80-f2c5-683ddeef4ec6.jpg
d7f41bbd-6b65-c7a4-9a61-b651eedc1299.jpg
defa05ea-5aee-3342-0125-1058e4e7d833.jpg
З. Жонибеков, ЎзА

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг