Қадимий Ахсикент — “Осмон остидаги кўргазма”

0
16

Мамлакатимизда моддий маданий мерос объектлари, хусусан табаррук қадамжоларни, Ўзбекистон шаҳарларининг тарихий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш, тарихий ва меъморий ёдгорликларни бутун инсоният учун қимматли осориатиқалар сифатида асраб-авайлаш ва қайта таъмирлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Наманган шаҳрида “Ўзбек давлатчилиги тарихида Ахсикент шаҳрининг ўрни” мавзуида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуман ҳам дунёга тамаддунига улкан ҳисса қўшган миллий-маданий ёдгорликлар, тарихий обидалар ва осори-атиқаларни асраб-авайлаш ҳамда уни кенг тадқиқ этишнинг долзаб масалаларига бағишланди.

Вилоят ҳокимлиги, Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик-қурилиш, муҳандислик-технология институти, “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси ҳамкорлигида такшил этилган конференцияда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, депутатлар, юртимиз олимлари билан бирга АҚШ, Хитой, Япония, Италия, Қозоғистон давлатларидан келган археология соҳаси мутахассислари, талаба ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Конференцияда сўзга чиққан Наманган вилоят ҳокими, санатор Хайрулло Бозоров, Наманган давлат университети ректори Абдусалом Умаров, тарих фанлари доктори, профессор Абдулҳамид Анорбоев ва бошқалар юртимиз бой тарихи, узоқ ўтмишимиз сир-асрорларидан дарак бериб турувчи обидаларимиз, археологик ёдгорликлари дунё илм аҳлининг катта қизиқиш ва эътиборига сазовор бўлаётганини таъкидлади.

Эътироф этиш жоиз, ўзининг икки минг йиллик тарихига эга бўлган Наманган замини туризм ўчоқлари, тарихий ёдгорликлари, моддий маданий мерос объектларига бой бўлган муқаддас замин сифатида ном қозонган. Бу диёрдаги машҳур Ахсикент, Мунчоқтепа, Айритом, Муғтепа каби меъморий ёдгорликлар ўтмишда ушбу ҳудудда ўзига хос цивилизация ва бой маданият ривожланганидан далолат беради.

Хусусан, узоқ минг йиллар мозийга бориб тақаладиган Ахсикент замини остида тарихимизнинг ҳали очилмаган не-не сир-асролари яширинган. Тарихий аҳамиятга эга мазкур археологик маскан кўп йиллар давомида эътибордан четда қолган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг 2017 йил июль ойида Наманган вилоятига қилган ташрифидан кейин тарихий ёдгорикни ўрганишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилиб, бу борада вазифалар белгилаб берилганди. Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларидан келиб чиққан ҳолда қадимги Фарғона водийсининг пойтахти бўлган Ахсикент шаҳри тарихини ўрганиш борасида илмий тадқиқотлар, археологик изланишлар изчил давом эттирилмоқда.

2017 йил 16 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида “Ахсикент” археология объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори имзоланди. Мазкур қарори ижроси асосида Тўрақўрғон туманида Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган давлат унитар корхонаси шаклидаги “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси ўз олдига қўйган вазифалар ижросига киришди.

— Муғқалъа ва Ахсикент каби тарихий ёдкгорликлар, бундан икки минг йиллар аввал пишиқ ғиштдан бунёд этилган Косон-Ахсикент ер ости сув тармоғи аждодларимизнинг улкан ақл-заковати, юксак маданияти, вилоятнинг узоқ йиллик тарихидан дарак беради, — дейди Наманган муҳандислик-технология институти ректори, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи раҳбари Одилжон Маматкаримов. — Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди Платформасида халқимизнинг тарихий-маданий мероси ва маданий ёдгорликлари умумжаҳон аҳамиятига молик эканлигини эътироф этиб, шаҳарларимизнинг миллий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш, архитектура ёдгорликларини асраб-авайлаш, қайта таъмирлашга кўмаклашиш асосий вазифа сифатида белгилаб олинган.

Қайд этиш даркор, бундан уч йил олдин, яъни 2015 йил 26 май куни халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи ташаббуси билан вилоят Кенгаши сессияси муҳокамасига “Наманган вилоятидаги моддий маданий мерос объектларининг сақланиши ва улардан фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги масала олиб чиқилиб, қарор қабул қилинишига эришилган эди. Унда “Ахсикент” шаҳристони атрофини ободонлаштириш, унга борадиган йўлда инглиз тилидаги ахборот стендлари ўрнатиш ҳамда мазкур масканда очиқ осмон остидаги музей ташкил этиш вазифаси юклатилган эди.

Мамлакатимизда миллий маданий ёдгорликлар, тарихий обидалар ва осори-атиқаларни асраб-авайлаб келгуси авлодларга етказиш, ёшлар тарбиясида уларнинг аҳамияти ва мазмун-моҳиятидан самарали фойдаланиш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар доирасида узоқ йиллар мобайнида эътибордан четда қолган Ахсикент археологик ёдгорлигини ҳам юзага чиқаришга киришилди. Бу жараёнда фаол иштирок этиб келаётган партиямиз фаоллари ҳамда депутатлар ҳукумат қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Конференцияда хориждан ташриф буюрган ва юртимизда илмий-амалий ишлар олиб бораётган тарихчи олимлар, профессорлардан Токио санъат университети профессори Сёго Куме, Хитойнинг Сиан провинцияси Норт университети қошидаги “Ипак йўли” археологик академияси раҳбари Ванг Жиян Цин, хитойлик археолог, докторант Лин Лингмей, АҚШнинг Кентуки Мюррей университети ўқитувчиси Илиз Бритэнлар эса олиб бораётган тадқиқот фаолиятлари билан батафсил тўхталиб ўтди.

Ахсикент ёдгорлигини “Осмон остидаги кўргазма”га тайёрлаш, унинг бой тарихини кенг ҳамкорликда ўрганиш, ёдгорлик атрофида туризм соҳасини ривожлантириш, ҳудудни муҳофазага олиш бунинг учун махсус ҳимоя ускуналаридан фойдаланиш масалалари, археологик ҳудудда янги объектларни очиш бўйича қатор маърузалар тингланди.

Тадбир иштирокчилари учун кўҳна Ахсикент харобалари бўйлаб саёҳат уюштирилди. Кўламли қазилма ишлари, илмий ўрганишлар билан яқиндан танишган чет эллик тарихчи олимлар бу ерда бундан кейинги илмий-амалий ўрганишлар, қазилма ишларида кенг ҳамкорликни йўлга қўйишни таъкидлаб ўтишди.

— Ўзбекистон ва Қирғизистонда қадимги чорвачилик ва деҳқончилик мавзусида илмий тадқиқот олиб бораман, — дейди Токио университети профессори Шого Куме. — Бироқ ҳали Ахсикент археологик ҳудудини ўрганишга имконият бўлгани йўқ. Наманган вилоятидаги анжуманда қатнашишдан мақсадим бу тарихий замин тўғрисидаги билимларимни янада бойитиш, кейинчалик уни тадқиқ этиш ишларида ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик қилишдир.

Маълумот ўрнида, қадимий шаҳар харобаси бўлмиш Ахсикент ёдгорлиги  Тўрақўрғон тумани Шаҳанд қишлоғида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган. Тарихий манбаларда айтилишича, Ахсикат шаҳри милоддан аввалги III-II асрларда вужудга келган, IX-X асрларда Фарғона водийсининг пойтахти ҳисобланган. 1621 йилда юз берган зилзила оқибатида вайрон бўлган. Ахсикатни археологик жиҳатдан ўрганиш ишлари XIX аср охирлари XX аср бошларидан бошланган.

— Ахсикент мамлакатимиз сайёҳлик йўналишининг энг қайноқ манзилларидан бири бўлиши мумкин, — дейди “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси раҳбари, тарих фанлари номзоди, доцент, ЎзМТДП фаоли Тоҳиржон Қозоқов. — Ахсикентда ўзбек давлатчилиги тарихидан сўзловчи ноёб топилмалар бор. Бунинг учун, аввало, бу кўҳна замин бағрида яширинган осори-атиқаларни юзага чиқариш, илмий тадқиқ қилиш, бу ерда илмий-маданий туризм ривожланиши учун зарур шароитлар яратилиши керак. Бу борада эса жуда кенг ҳамкорликда илмий-амалий ишларнинг олиб борилаётгани нафақат бизнинг балки келажак авлодни ҳам шонли тарихимиздан бохабар қилиб боришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қолаверса, бу тарихий масканда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали ўрнатилиб, турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган меъморий ансамбль ташкил этиш, меҳмонхоналар барпо этиш, Ахсикентни очиқ осмон остидаги музейга айлантириб, халқаро сайёҳлик йўналишларига киритиш кўзда тутилган.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг