Зиёли адиб эди…

0
8

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли адиб Ашурали Жўраевнинг “Одил Ёқубов хазинасидан” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда шоир-ёзувчилар, талабалар, Одил Ёқубовнинг оила аъзолари ва ихлосмандлари иштирок этди.

Тадбирда бугун мамлакатимизда, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, фарзандларимиз бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун мутолаани уларнинг доимий машғулотига айлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. “Одил Ёқубов хазинасидан” китоби ҳам, мақсад-моҳиятига кўра, ана шу мақсадга хизмат қилади.

Мазкур китобда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг 1982-1987 йиллари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бош муҳаррир вазифасида ишлаган даврида олиб борган қизғин ва шижоатли фаолияти, ҳамкасблари ва шогирдларига бўлган самимий муносабати, меҳрибонлиги, инсоний ва адабий сабоқлари меҳр билан қаламга олинган.

— Одил Ёқубов сўзи ва амали бир инсон, катта-кичикка бирдек самимий дўст ва чин маънода зиёли адиб эди, — дейди Ашурали Жўраев. — У киши қаерда ва қандай вазифада ишламасин, миллат ва юрт олдидаги ёзувчилик бурчини асло унутмади. Энг муҳими, устозимиз доимо одамлар манфаати йўлида собит курашчи эди. Мен муҳтарам ёзувчи билан бир соҳада, бир жамоада узоқ йиллар ишлаганимдан ҳамиша фахрланиб юраман.

Тадбирда Одил Ёқубов билан елкама-елка бирга ишлаган шоир-ёзувчилар, унинг бой адабий меросини кенг ўрганаётган адабиётшунослар китоб ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Атоқли ёзувчи ҳаёти ва ижодига бағишланган “Табаррук адиб” ҳужжатли фильми намойиш этилди. Санъаткорлар ижросида куй-қўшиқлар янгради.

 

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

 “Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг