Эски автомобиль рекорд нархда сотилди

0
7

1963 йилда ишлаб чиқарилган “Ferrari 250 GTO” пойга автомобили 70 миллион АҚШ долларига сотилди. Автомобилни машиналар учун гиламчалар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган WeatherTech компанияси эгаси, коллекционер Дэвид Макнил харид қилди, дейилади “ufacitynews.ru” сайтида.

Машина учун таклиф қилинган нарх рекорд сумма ҳисобланади.  Аввалги рекорд ҳам “Ferrari” спорткарига тегишли бўлиб, 1963 йилда ишлаб чиқарилган машина 2013 йилда 52 миллион долларга сотилганди.

70 миллион долларга сотилган машина ўз тарихига эга бўлиб, у 1964 йилдаги “Tour de France” пойгасида ғолиб чиққан. Машина кўплаб пойгаларда муваффақиятли иштирок этганига қарамай, бирор марта ҳам ҳалокатга учрамаган ва аъло кўринишда сақланиб қолган. Ушбу машинадан 1962-1964 йилларда 36 дона ишлаб чиқарилган.

АҚШлик модельер Ральф Лорен, канадалик сармоядор Лоуренс Стролл ва Walmart компанияси ворисларидан бири Робсон Уолтон ана шундай спорткарлар коллекцияси билан шуғулланади. Мутахассислар башоратига кўра, сотилган машинанинг нархи яқин йилларда 100 миллион долларгача кўтарилиши мумкин.

Моҳира КЕНЖАЕВА тайёрлади.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг