Ўзбекистонда халқаро кинофестиваль ўтказилади

0
4

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги 2017-2021 йилларда халқимиз, аввало, ёшлар онгига миллий истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат туйғуларини сингдиришда катта таъсир кучига эга кино санъати ролини ошириш борасида белгиланган чора-тадбирлар мавзусида матбуот анжумани ўтказди.

Унда таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг кейинги фаолияти ва мақсад-вазифалари белгилаб берилди. Шу йилнинг июнь ҳолатига кўра Бадиий кенгаш  тасдиқлаган ва ишлаб чиқаришга туширилган 23 бадиий фильмнинг 11 таси тарихий мавзуда. Буюк муҳаддис Имом Термизий ҳаёти ҳақида “Имом Абу Исо Термизий”, мўғул босқинига қарши курашган аждодларимиз қаҳрамонлиги ҳақида “Элпарвар”, хоразмлик буюк ислоҳотчи – XIX аср охири XX аср бошларида Хивада катта ислоҳот ўтказган маърифатпарвар вазир Исломхўжанинг фожеий ўлими ҳақида “Исломхўжа”, Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад ва унинг турмуш ўртоғи Саида Зуннунованинг пок муҳаббати ва аччиқ қисмати ҳақида “Саид ва Саида”, Иккинчи жаҳон уруши воқеалари ва ўзбек халқининг мардонаворлигини тараннум этувчи “Берлин-Оққўрғон” каби кинолойиҳалар шулар жумласидан.

Замондош қаҳрамонларнинг бадиий талқинини яратиш, уларнинг жамият ривожига қўшган ҳиссасини кенг оммага ибрат намунаси сифатида кўрсатиш мақсадида давлат буюртмасига асосан “101-рейс”, “Ёвқурлар”, “Тақдир поезди”, “Барон – 2” каби фильмларни суратга олиш ишлари бошлаб юборилди.

— Миллий кино санъатининг ривожланиши халқаро ҳамкорлик, хорижлик киноматографлар тажрибасидан ижодий баҳраманд бўлиш билан  чамбарчас боғлиқ, — дейди “Ўзбеккино” Миллий агентлиги директори Фурқат Зокиров. — Шу мақсадда Хитой, Япония, Россия, Ҳиндистон, Туркманистон, Қирғизистон киноижодкорлари билан ҳамкорликда фильмлар  тайёрлашни режалаштиряпмиз. Йил охиригача ҳиндистонлик киноижодкорлар билан “Шоду хуррамлик”, қирғиз киноижодкорлари билан бирга “Сарвқомат дилбарим” бадиий фильмларининг суратга олиш ишларини якунлаймиз.

Ўзбекистондаги чет эл элчихоналари билан ҳамкорликда Осиё ва Европа қитъаларидаги мамлакатларнинг кино кунларини ўтказиш яхши анъанага айланган. Ўз навбатида Қозоғистон, Туркманистон, Россия, Греция ва Ҳиндистон давлатларида ўзбек киноси кунлари ўтказилди.

Болалар ва ўсмирлар аудиториясига мўлжалланган анимацион фильмлар яратиш ҳам Агентликнинг доимий диққат марказида. Айни пайтда “Ўзбекфильм”да “Узвийлик”, “Ғилдиракли уй”, “Довюрак ошпаз” каби мультфилмлар суратга олинмоқда. “Кенжа ботир-2”, олти қисмли “Матизнинг саргузаштлари” мультфильмлари намойишга тайёр бўлди.

Матбуот анжуманида 2018 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда халқаро кинофестиваль ўтказилиши режалаштирилаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Унда ўзбек киноижодкорлари суратга олган бир нечта фильм намойиш этилади.

Анжуманда тарихий фильмларни суратга олиш жараёни, фильмлардаги тил меъёрлари, ватанпарварлик мавзусининг кенг ёритилиши, кинопавильон қуриш билан боғлиқ масалалар юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар бўйича ҳам кенг маълумот берилди.

Дилфуза МАҲКАМОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг