“Маънавияти бутун оддий киши ҳам зиёлидир…”

0
15

Ҳар бир юрт, ҳар қайси замонда ёшлар, аввало, ўз даврининг зиёлилари —  санъат, маданият ва фан соҳаси вакилларидан андоза олган, улар ортидан эргашган. Шу боис, ўз навбатида, улар ҳам хуш хулқи, муомаласи, юксак инсоний жиҳатлари, кийиниш маданияти билан барчага ўрнак бўлган.

2017 йили 3 август куни давлатимиз раҳбари ижодкор зиёлилар билан учрашувда айни шу масалага тўхталиб, хушовоз хонанда Санобар Раҳмонованинг ижодини ҳурмат билан тилга олган эди. Эътироф этилганидек, телеэкранда ҳам, ҳаётда ҳам, энг аввало, ўзининг миллийлиги —ибоси, ҳаёси, ҳақиқий ўзбек қизига хос қиёфаси билан қанчадан-қанча қизларимизга ибрат бўлган санъаткор ҳали-ҳамон чинакам зиёли ўзбек аёли тимсоли бўлиб келмоқда.

Шу боис эл суйган таниқли санъаткор Санобар РАҲМОНОВА билан суҳбатимизни бугунги зиёли инсон, унинг сифат ва хусусиятлари қандай бўлиши лозим, деган саволга жавоб излашдан бошладик.

— Халқимизнинг асрлар давомида синовдан ўтган ҳикмати бежиз айтилмаган: “Олим бўлма, одам бўл”, — дей­ди Санобар Раҳмонова. — Инсон маънавиятли, чин зиёли бўлиши учун бирор-бир юқори нуфузга эга бўлган олий ўқув юрти ёки академияда таҳсил олиши шарт эмас, деб ўйлайман. Кишида энг аввало ички маданият, одоб-ахлоқ, юксак онгу тафаккур бўлиши зарур. Бунинг учун кўп китоб ўқиш, ўқиганда ҳам уқиб ўқиш, майда-чуйда, маиший масалалар атрофида ўралашмасдан, одамларга қандай яхшилик қилсам экан, деган фикр билан яшаш керак.

Айтайлик, теварак-атрофимизда ўзи деҳқон бўлса-да, тафаккури баланд, билимли, ҳар қандай мавзуда аниқ, жўяли дунёқарашга эга, кенг мулоҳазали кишилар жудаям кўп. Мен мана шуларни ҳам ҳақиқий зиёли, ватанпарвар инсон, деб айтгим келади.

— Халқимиз, ёшларимиз санъат аҳлига ҳурмат-эътибор билан қарайди. Лекин у намуна бўлиш ўрнига саёз қўшиқ айтса, саҳнага енгил-елпи кийиниб чиқса…

— Дарҳақиқат, санъаткорлар, айниқса, қўшиқчилар бу масалага жиддий эътибор қаратишлари зарур, деб ҳисоблайман. Санъаткор халқнинг эътиборидаги одам. Саҳнага чиққан одам барча жиҳати — юриш-туриши, кийиниши, гапираётган ҳар бир сўзи, ўзини тутиши билан назар-эътиборда бўлади. Таниқли рус адиби Антон Чеховнинг машҳур гапини сал ислоҳ қилиб айтганда, санъаткорнинг барча жиҳати нафақат гўзал, балки намуна ҳам бўлиши керак. Шундагина у чинакам зиёли бўла олади. Чинакам зиёли кўпчиликка намуна, дегани. Тўғри, бу масалага айни пайтда мутасадди ташкилотлар томонидан жиддий эътибор қаратилаётир. Хонандалар фао­лияти, кийиниш маданияти ва улар куйлаётган қўшиқлар маъно-мазмуни қизғин муҳокама қилинмоқда. “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ўтказаётган қатор анжуманлар, турли телекўрсатувлар, ток-шоу­ларда енгил-елпи, савиясиз қўшиқларни чеклаш борасида таклифлар билдириляпти. Мазмунан саёз қўшиқлар ва уларга ишланган клипларни телерадио эфирларидан олиб ташланиш жараёнини кузатяпмиз. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар мавсумий эмас, мунтазам олиб борилгандагина натижа қониқарли бўлиши мумкин.

— Билдирилаётган турли эътироз, мавжуд муаммоларнинг туб илдизи, сизнингча, қаерга бориб тақалади? Санъатнинг қаттиқ нонини еган, ўзлигини йўқотмай келаётган инсон сифатида унинг асосий сабабларига батафсилроқ тўхталсангиз…

— Куй-қўшиқнинг маъно-мазмуни, санъатнинг асл моҳиятини тушуниб етмаган баъзи хонандалар туфайли бугун кўпчиликда эстрада вакилларига нисбатан умумий салбий тушунча шаклланиб улгурди. Асосий муаммо —изланиш ва янгиликка интилиш суст, хорижга кўр-кўрона тақлид, кўчирмакашлик урчиб бораётганида. Ҳатто саҳнада ҳам уларга ўхшаб кийинишга ўта бошладик.

Илгари бадиий кенгашнинг талаби қаттиқ бўларди. Кўрикка ўнлаб қўшиқларни тақдим этардик. Улар ичидан бирор қўшиқнинг қайсидир нотаси бошқа бир асарга ўхшаб қолса ҳам тасдиқдан ўтмасди. Ҳайъатга ҳавола этилган қўшиқларнинг атиги уч-тўрттасининг “омади чопарди”, холос. Бугун-чи? Тартиб-ку бор, аммо талаб суст — ҳар ким хоҳлаганини куйлайди. Назаримда, таълим муассасаларида дарс жадвалидан ўрин олган мусиқий сабоқларнинг сифати ҳақида ҳам жиддий ўйлаб кўриш фурсати келди.

— Бугун иқтидорли ёшларни юзага чиқариш, ҳар жиҳатдан зукко, билимли, умуман, зиёли қатламнинг ижтимоий ўрнини мустаҳкамлаш, улар аудиториясини кенгайтириш учун катта авлод вакиллари зиммасидаги асосий вазифалар, сизнингча, нималардан иборат?

— Биргина таълим соҳасини олсак, ўқитувчи ўқувчига нимани ўргатаётганини энг аввал ўзи яхши билиши керак. Бугун устознинг билими, савияси қай даражада, деган масала кун тартибига чиқяпти. Ҳаётий тажрибамга таянган ҳолда бемалол айтишим мумкин: чекка-чекка ҳудудларда, қишлоқларда иқтидорли ўғил-қизлар жуда кўп. Уларни ҳар томонлама қўллаш, ижодий камолоти учун имкон қадар шароит яратиб бериш асосий вазифамизга айланиши керак. Бунинг учун эса боридан унумли фойдаланиш, яъни мавжуд болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада кучайтириш зарур.

Танганинг иккинчи томони ҳам борки, мусиқага, санъатга меҳр қўйган ёшларнинг ҳаммаси ҳам санъаткор бўлиши шарт эмас. Мусиқанинг тарбиявий аҳамиятини эътибордан соқит қилмаслик, буни ҳар бир инсон яхши англамоғи керак. Негаки, санъатга ихлоси бор инсондан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди, уларда турли ёт оқимларга қарши маънавий иммунитет мустаҳкамланиб боради.

— Ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш учун зарур шарт-шароит яратиб бериш ҳақида сўз очилди… Демоқчи бўлганим, бундан қирқ беш йил илгари, бор-йўғи ўн уч ёш пайтингиз ўз санъатингиз билан эл-юртга танилган эдингиз. Ваҳоланки, у пайтлар ёшларга бўлган эътибор бугунгидек бўлмаган, десак адашмаган бўламиз.

— Қўшиқчилик оламига кириб келишимга аввал устозим Носиржон Мирзараҳимов, сўнг Етмишбой Умрзоқов сабабчи бўлган. Етмишбой Умрзоқов билан 1971 йилнинг бошиданоқ туман миқёсида ўтказиладиган “Санъат ғунчалари” кўрик-танловида қатнашишга тайёргарлик кўра бошладик. Олимжон Холдор сўзи билан айтиладиган “Андижоним” қўшиғини ўргандим. Мактабимизда гарчи мусиқа асбоблари етарли бўлмаса-да, қўшиқни тайёрладик ва кўрик-танловда қатнашдим.

Ҳайъатга раҳбарлик қилган ёши улуғ киши кўрик-танловдан сўнг мени олиб қолди. Қўшиқни қайтадан, пишиқ-пухта ўрганишимни маслаҳат берди, камчиликларимни кўрсатди. Орадан кўп ўтмай, “Андижоним” бутунлай ўзгача оҳангда ижро этилди…

— “Марҳабо, талантлар!” республика кўрик-танлови сиз учун санъат йўлида янги саҳифа очганлигини катта авлод вакиллари яхши билади…

— Мамлакат санъаткорлари орасида ўзига яраша обрў-эътиборга эга бўлган устозим Ғуломжон ота Рўзибоевнинг саъй-ҳаракати билан ушбу тадбирда танловдан ташқари 12 ёшимда иштирок этганман. Жонли ижрода қўшиқни куйлаганимдан сўнг анча вақт концерт зали қарсаклар оғушида қолгани ҳамон кўз ўнгимда.

Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўла “Қизим, барака топ! Ижронг учун ўн баҳо!” дея руҳлантирганида, олқишлар яна давом этган эди. Қоидага кўра, танловдан ташқари ушбу беллашувда иштирок этганларга ижро учун баҳо берилмас эди. Шу кўрик-танловдан сўнг республика радиосида “Андижоним” тез-тез янграй бошлади.

Ғуломжон ота нозик дидли созанда бўлиб, шеъриятни чуқур ҳис этар, ўзига маъқул келган шеъргагина куй басталар ва уни шогирдларига ўргатарди. “Марҳабо, талантлар!” кўрик-танловидан сўнг ишимиз янада қизғин давом этди. Ҳабибий домланинг “Қишлоқларимдан”, Пўлат Мўминнинг “Устозлар”, Эркин Воҳидовнинг “Ёшлигим” каби ўндан зиёд қўшиққа устоз куй басталаб, менга ўргатишга киришди. Орада туман, вилоят миқёсидаги тадбирларда иштирок этиб, ўрганган қўшиқларимни куйлай бошладим. “Куйла, Санобар!” телефильмининг суратга олиниши эса алоҳида тарих…

Сирасини айтганда, ҳар қандай ютуқ ва муваффақиятингиз замирида қайсидир маънода атрофингиздаги инсонларнинг ҳиссаси бўлади. Демоқчиманки, боланинг қобилиятини пайқаб, унга ижобий туртки бериш, тўғри йўналтириш кўп жиҳатдан устозларга боғлиқ. Юқорида болалар мусиқа ва санъат мактаби ёхуд умумтаълим мактабларидаги ашула дарсларига жиддий
эътибор бериш зарур, дея бежиз таъкидламадим. Халқимизда “Бола бошидан…” деган нақл бор. Биз агар ўғил-қизларимизга болалигидан тўғри тарбия берсак, уларни тўғри йўлга йўналтирсак, келажакда сизу биз кутган чинакам зиёлиларни камолга етказган бўламиз.

Нурилло НЎЪМОНОВ суҳбатлашди.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг