“Журналист мустақил фикрли, холис ва ижтимоий фаол бўлиши зарур”

0
29

Холислик, очиқлик ва тезкорлик журналистиканинг асосий мезонларидир. Бугунги кунда мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари жамият ва демократиянинг кўзгуси сифатида ислоҳотларда фаол иштирок этишга, ҳар бир соҳада кечаётган ўзгариш ва янгиланишлар фонида давр билан ҳамнафас бўлишга интилмоқда. Аммо бу бугунги шиддатли замон учун етарлими? Миллий матбуот қанчалик жамият юзи бўла оляпти?

“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раиси, таниқли ёзувчи Фармон ТОШЕВ билан “Хиёбон”да шу ҳақда суҳбатлашдик.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда адабиёт, маданият соҳалари каби миллий медиа соҳани замон талабларига монанд равнақ топтиришга жиддий эътибор қаратилаётир. Хусусан, яқинда “Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Бу, албатта, миллий журналистикамиз ривожи, унинг дунё ҳамжамиятидаги мавқеи, шунингдек, бугунги замон ахборот маконида мамлакатимизнинг ҳам ўз муносиб ўрни бўлишига ижобий таъсир ўтказади. Аввал шу ҳақда фикрлашсак…

— Ушбу масала ҳозирги жамият учун пишиб етилгани ҳақида тажрибали ҳамкасбларим, олимлар етарли даражада хулоса берганлиги учун уларни такрорламасдан ўз тажрибамдан келиб чиқиб фикр билдирмоқчиман. Тўғри, қарор ўз вақтида чиқди ва янги университет зиммасига кўп масъулиятли вазифалар юкланди. Бемалол айтиш мумкинки, мазкур олийгоҳда муносиб кадрлар иш бошлайди. Бу эзгу иш самарасини икки-уч йилда кўришимизга ишонаман.

Аммо журналистика фақат булар билан ўзгариб қоладиган соҳа эмас. Чунки ҳар қандай иқтидорли журналистни ҳам аввало жамият “ҳазм қила олиши” зарур.

Агар эътибор берган бўлсангиз, Президент ишни аввало шундан бошлади. Яъни, одамларнинг оддий ҳаётий эҳтиёжлари, катта-кичик муаммоларидан вақтида хабардор бўлиш, шу хабардорлик билан яшаш, бунинг учун одамларга яқинлашиш, улар билан бирга нафас олиш, муаммоларнинг мақбул ечимини топиш — халқ ичига кириб бориш, аҳоли билан жонли мулоқот ўрнатиш ва, умуман, ўз фаолияти билан бизга ҳар жиҳатдан ибрат кўрсатди. “Раҳбарман” деганига оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисоб бериш тизимини яратди. Дўстлик клублари, матбуот конференциялари, брифинг, тўғридан-тўғри мулоқотлар жамиятнинг ОАВга муносабатини, ҳарқалай, ўзгартиряпти. Чунки ғоя билан амалиёт уйғун ҳолда татбиқ этилиши зарур.

Бир мисол: ўзбек адабий тили нуфузини ошириш, уни тадқиқ этиш кўламини кенгайтириш мақсадида махсус университет ташкил этилди, тўғри, ҳозир олийгоҳда катта ҳажмда иш олиб бориляпти. Аммо расмий йиғилишларда ҳали давлат тили устуворлиги сезилгани йўқ. Телевидение, радиода, ҳатто илмий анжуманларда маълум бир ҳудудга хос шевада гапириш кўпайса кўпайдики, асло камайган эмас. Чунки расмий давра ёки телевидение орқали айтайлик, ҳатто таниқли олимларнинг ҳам шевада гапиришини университет тақиқлай олмайди. Демак, бу борада қилинадиган ишлар ҳали анчагина.

Адабий тилнинг нуфузини намойиш қиладиган куч — бадиий адабиёт, журналистика, унинг манбаси — вақтли нашрлар, йиғинлар, телевидение ва радио. Шунинг учун биз уларнинг ҳам тилга муносабатини ўзгартиришимиз зарур.

— Бундан бир мунча вақт муқаддам кечган суҳбатингизда “ишхонамизга йигирмага яқин газета келади, лекин уларни ўқиш учун унча кўп вақт сарфламайман”, деган эдингиз. Ҳозир ҳам шундайми?

— Бу масалада ҳамкасбларимни айблашдан йироқман. Масалан, бешта газетанинг барчаси бир хил материални бергач, биттасини ўқий қоламан.  (Лекин қизиқарли мақолаларни қолдирмай ўқиш одатим бор. Кейин муаллифига ёки таҳририятга, албатта, қўнғироқ қилиб муносабат билдираман). Ана шу ҳолат ислоҳга муҳтож. Тўғри, айрим телерадио­каналлар, веб-сайтлар сиёсий материалларни ҳам услубий ёндошган ҳолда узатишга интиляпти. Аммо афсуски, босма нашрлар бунга журъат қилаолгани йўқ. (Эҳтимол, шу мавзуда семинар ташкил қилиб, бир қарорга келиш керакдир?!) Ёмон томони, бундай ҳолат кенг жамоатчиликда матбуотга муносабатни ўзгартиришга тўсиқ бўлаётгани ҳам бор гап.

Нашрларни бундай “тез ўқиш”нинг яна бир сабаби — марказий газеталар аксарият ҳолларда бир хил ёки ўхшаш ахборотлар билан чекланади. Ҳолбуки, айнан ушбу ахборотни бир ёки икки кун аввал телевизорда кўрган бўламиз. Мабодо, ўша воқеа газеталар йўналишидан келиб чиққан ҳолда батафсил ёритилса (таҳлил қилинса!), барча бирдай эътибор қаратмаган жиҳатлари тилга олинса, бу бошқа гап…

— Оммавий ахборот воситаларининг чинакамига миллий ғоямизни ривожлантириш, халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилиши учун нималарга эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз?

— Яхши савол. Назаримда, сиз бевосита таҳририятлар ва журналистларнинг ҳозирги вазифаси ҳақида сўраяпсиз? Бу борада эътироз мўл, дард оғир…

Эътибор берганмисиз, бугун муқим ижодий жамоага эга бўлмаган газеталар кўп ўқилаяпти. (Мен бу ерда идоравий газеталарни назарда тутмаяпман. Чунки улар ўз қобиғидан чиқа олмаяпти). Хўш, нега? Бу ҳолни бизда қайси олим таҳлил қилган?

Шу ўринда муқим ижодий жамоага эга бўлмаган нашрлар нега кўп ўқилаётгани борасида мухтасар мулоҳаза қилиб кўрайлик. Менинг назаримда, чет муаллифлар газетага айтиш мумкинки “тоза нафас” келтиради. Аниқроғи, одамларни (аввало, ўзларини) қизиқтирган ёки безовта қилаётган ҳолатни ёзади. Тўғри-да, “фалон вилоятда фалон мавзуда йиғилиш бўлди”, деган ахборот бериб туриши учун мухбир ушлаб туришдан кимга наф?..

Бизнинг жамоада беш йилдан буён бир тажриба қўлланилади. Яъни тажрибали ходимларимиз шаҳар ва туман газеталарига ҳамкор қилиб бириктирилган. Бу сафга айрим нодавлат газеталари ходимларини ҳам қўшдик. Улар тумандаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда ишлаб, ўзаро тажриба алмашиб туради, мақола ҳам тайёрлаб беради. Ўзимга келсак, мен “Пайариқ ҳаёти” билан ишлайман, уларга ўз имзом билан мақола бериб тураман.

Бундай маънавий ва амалий ёрдам туфайли “Пастдарғом ҳақиқати”, “Жомбой тонги”, “Истиқбол сари”, “Ургут садоси” газеталарида ҳавас қилса арзигулик ижодий муҳит яратилди. Давлат ва ҳудудий дастурлар моҳияти ҳамда ижросини ёритиш юзасидан услубий тавсиялар ишлаб чиқдик. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати билан ҳамкорликда ҳар чоракда битта газета фаолиятини таҳлил ва муҳокама қиламиз. Вилоят ҳокими белгилаб берган жадвал асосида давлат ташкилотлари раҳбарлари ҳар ҳафта уюштираётган матбуот конференциялари ҳам журналистларга ўз вазифаларини аниқлаб олишда ёрдам беряпти.

— Самарқанд матбуоти республикада ўз ўрни ва мавқеига эга. Айтинг-чи, вилоят нашрлари ўқувчисини кўпайтириш, одамларнинг газета ўқишга бўлган қизиқишини ошириш учун нима қилмоқ керак?

— Бу борада нима қилиш кераклигини ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин… Яшириб нима қиламиз, бизнинг касбда бир-бирини, тажрибани тан олиш оғир кечади. Бунинг устига етакчи, кайвони журналистлар кўпчиликка ёмон кўринишдан ўзини четга олади ёки эҳтиёткорлик қилади.

Бизда қоида шундай: “Таҳририятга келган бирорта хат эътиборсиз қолмайди”. Ҳар ой якунида ойнинг энг фаол жамоатчи мухбири ва энг яхши мақола номини эълон қилиб борамиз. Энг кўп хат ишлаган ходим мукофотга сазовор бўлади. Аксинча, хат-хабарни кечроқ ишлаб туширса чораклик мукофотдан қуруқ қолади.

Яна бир тажриба ўзини оқлаяпти. Ҳозир катта, узундан- узун мақолалар, назарий материаллар ўқилмайди ҳисоб. Шу боис ихчам материалларга кўпроқ эътибор қаратяпмиз. Гап “Кун ҳикмати”, “Виждоннинг бугунги сўроғи”, “Қулоққа чалинган гап”, “Ким қилади-я, шугинани-я?” каби рукнлар ҳақида боряпти. Ҳар чорак давомида газетхонлар таклифи ва саволлари асосида ҳар бир ходим учун “Мулоҳаза учун мавзу” рукнида ёзиладиган мавзуни белгилаб оламиз.

Бундан ташқари, мустақил нашр сифатида рўйхатдан ўтган веб-сайтимизда мақолаларга билдирилаётган муносабатларни бериб борамиз. Бошқача айтганда, ўқувчини кўпайтириш учун аввало, муаллифларни кўпайтириш чораларини кўряпмиз…

— Шу ўринда танқидий ва таҳлилий мақолаларга тўхталиб ўтсак. Бундай материаллар кўпчилик нашрларда урфга киргандай. Сизларда бу масалага қандай қаралади?

— Газета — халқ минбари, оммага ахборот тарқатиш воситаси. Демак, унда аввало, одамлар ўз фикрини билдириши ёки халққа манзур гаплар айтилиши лозим. Газетанинг яна бир вазифаси одамларда ўз тақдирини, атрофдаги воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилиш ҳамда хулоса чиқариш (сабоқ олиш) кўникмасини шакллантиришдир.

Биз танқидий-таҳлилий мақола ёзишда ана шу вазифалардан келиб чиқамиз. Манба эса аниқ: муштарийлардан келаётган мактублар ва ҳудудий дастурлар ижросидаги ҳолатлар.

Жорий йилнинг иккинчи чорагида “Мулоҳаза учун мавзу” рукнида берилган мақолаларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

“Режали ишлашни қачон ўрганамиз?” сарлавҳали мақолада оддий фуқародан бошлаб раҳбаргача кунлик, ҳафталик ёки ойлик режаси бўлиши лозимлиги, режасиз ишлаётган ходим фаолиятидаги камчиликлар ҳақида мулоҳаза билдирилди.

“Боқимандалик йўқоладими?” номли мақолада эса бугунги кунда “Обод қишлоқ” дастури асосида ёки маҳаллий ҳокимлик, ҳомийлар ёрдамида уй-жойи таъмирланаётган, турмуш тарзи ўзгараётган айрим кишиларнинг боқимандалик кайфиятига берилаётгани қаламга олинди. Бу мақола ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортганлигини таҳририятга келган хатлар, телефон қўнғироқлари яққол кўрсатди.

“Дастурни бажариш бурчимиз. Бу иш билан мақтаниш — миннат” сарлавҳали мақолада эса ёш ходимларимиздан бири бугунги кунда айрим корхона ва ташкилот, идоралар томонидан кам таъминланган, эҳтиёжманд кишилар, ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган ёрдамни миннат қилгандек оммавий ахборот воситаларида эълон қилишга интилинаётгани жамоатчиликнинг фикри асосида ёритилди.

“Қоғозбозликни йўқ кўргани кўзим…” мақоласида ўқитувчилар мурожаати асосида таълим масканларида синф журнали, навбатчилар дафтари каби ўнга яқин дафтар юритилиши, улар ўқитувчиларнинг шахсий маблағи ҳисобидан сотиб олинаётгани таҳлил этилиб, бу ҳолатга мутасадди идора раҳбарларининг муносабати ўрганилди.

“Ногирон болалар ҳамон туғилмоқда. Нега?” сарлавҳали мақолада тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси юзасидан мулоҳаза билдирилди. Жойларда мунтазам равишда тиббий кўриклар ўтказилаётган, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласига давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилаётган бўлса-да, ногиронлик билан туғилиш давом этаётганининг сабаб ва оқибатлари таҳлил этилди.

Бу каби мисолларни яна кўп келтириш мумкин.

— Бу мавзуларни таҳририят ижодий ходимлари ёритадими?

— Йўқ, жамоатчилар ҳам. Масалан, Нуриддин Бобоқандов, Хуршид Нуруллаев имзоси билан ҳам кўп мақолалар бердик. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Худойберди Комилов эса газетхон таклифига кўра халқаро мавзуда шарҳлар ёзиб туради.

— Таҳлилий-танқидий мақолалар асосан қайси мавзуларда? Уларда журналист нуқтаи назари бўладими?

— Албатта. Масалан, “Чароғон кўчалар, уни бизга ким ёритиб беради?” сарлавҳали мақолада биноларни безакли ёритиш муаммоси кўтарилган. Муаллиф бу борада нодав­лат корхона очиш юзасидан таклиф билдирган. Яъни унда ташкилотлар, ширкатлар йил давомида буюртма бериб, биноларга чиройли, рангли чироқлар ўрнаттириши ҳақида гап боради. Бу иш пул кўчириш йўли билан қилинса, маб­лағ йиғиш — коррупциянинг олди олинади. Ваҳоланки, ҳокимлик байрам арафасида бир ҳафта шу муаммо билан банд бўлиши ҳеч кимга сир эмас.

Яна бир “луқма”да янги турар жойларда алоқа кабеллари сметага киритилмаётгани танқид қилинган. Муаллиф агар ҳозирда бундай кабеллар хонадонларга монтаж қилинмаса, кейинчалик бу иш анча қимматга тушиши, оптик тола билан келадиган Интернет, антенна ўрнига, томни “тарелка” босиб кетишини исботлаган.

Кейинги пайтда Самарқанд шаҳрида болалар майдончалари, чиқинди тўплаш жойлари, ҳатто спорт майдончалари ўрнида кўпқаватли уйлар қурилиши кўп танқид қилинди. Шундан кейин шаҳар ҳокими матбуот конференциясида “Энди шаҳар ичида бундай объектлар қурилишига рухсат берилмайди”, деди. Ва, исбот учун беш-олтита қарорини бекор қилди. Бу ҳам матбуотнинг ютуғи.

Яна бир муаммо борки, ундан асло кўз юмиб бўлмайди. Газеталарда иқтисодий таҳлил жуда кам. Ваҳоланки, биз бундай мақолалар орқали одамларда иқтисодий тафаккурни ривожлантиришимиз зарур. Тўғри, биз гоҳида битта оила, битта хонадон, битта ишбилармон мисолида рўзғорни уддалаш, томорқа ёки ҳунардан фойдаланиш бўйича таҳлилий мақолалар беряпмиз. Аммо иқтисодиётда бир-икки йилда кутилажак самара ёхуд пайдо бўладиган тўсиқлар тўғрисида кам ёзаяпмиз. Чунки бундай таҳлил учун анча бош қотириш керак. Эҳтимол, иқтидоримиз етмаётгандир…

— Пойтахтда яшаб ижод қилаётган ёш, аммо иқтидорли журналистлар билан суҳбатлашиб қолсангиз, гап айланиб “прописка” ёки уй муаммосига тақалади. Бу борада сизда аҳвол қандай?

— Уй-жой муаммоси ҳамма ерда бор. Кейинги икки йилда ходимларимиздан икки киши намунавий лойиҳадаги уйга эга бўлди. Бир ходимимиз ёшлар учун қурилган уйда яшаяпти. Уларга дастлабки тўловда таҳририят ёрдам берди. Умуман, бизда бир йил давомида ходимлар уй-рўзғор буюмлари сотиб олиш учун беш миллион сўмгача фоизсиз қарз олиши йўлга қўйилган. Дарвоқе, бу йил арзон уйлардан яна бир ходимимизга квартира ажратилади…

— Ижодкор баъзан битта йўналишда ижод қилиб ҳам маълум бир мавқега эришолмаслиги мумкин. Лекин Фармон Тошевни назмда ёки насрда ҳам, қолаверса, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, Журналистлар ижодий уюшмасининг вилоят бўлими раиси сифатида доим қизғин фаолиятда — жамоатчилик диққат марказида юрганини кўрамиз…

— Бизда қоида шундай: ижодий ходим доимо иш билан банд бўлиши, ижод ҳақида ўйлаши керак. Бу — муҳаррир зиммасидаги вазифа, яъни буни у амалга оширади. Бинобарин, ходимларни ишдан кейин бадиий асар ёки тақриз ёзишга, қўлёзмаларни таҳлил қилишга ундайман. Марказий газеталарга мақола ёзганларини рағбатлантирамиз. Мақсад — улар маҳоратини ошириш, ижодий ишчанлик кайфиятини ушлаб туриш.

Сирасини айтганда, журналист бўлиб яшаш ҳар кимнинг қўлидан келавермайди. Ёки қалами ўткир журналист ҳақида турли даражадаги раҳбарлар ҳам бир-бирига доимо ижобий гап айтавермайди. Тан олиниши учун эса қалам аҳли мустақил фикрга, холисликка, таҳлилга, ижтимоий фаолликка эга бўлиши зарур. Миллий журналистикага тамал тошини қўйган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саидризо Ализода Самарқандда ана шу анъанага асос солганлар. Мен ҳам шунга амал қиламан.

Бош муҳаррир ўринбосаридан тортиб, мусаҳҳиҳ, матн терувчигача ҳар ҳафта нимадир янги нарса ёзади. Бу ҳолат менга қувват бағишлайди. Ҳар куни соатлаб йиғилиш қилгандан кўра битта мақола ёзиб ибрат кўрсатишни маъқул кўраман.

Бадиий асар — бу энди бошқа масала. Буни иложи борича ишга аралаштирмасликка интиламан. Бунинг учун вақтни нечоғлиқ қизғаниш, ҳузур-ҳаловатдан воз кечиш кераклигини биламан — шундай ҳаётга кўникдим. Шу боис мақолани қўл учида, эскича услубда ёзадиган ёки муҳаррирликни мансаб, деб биладиган ҳамкасбларим нуқтаи назарини ҳазм қила олмайман…

— Бошқа соҳаларда бундай тадбирлар қандай ўтади, билмайман-у, лекин бизда ҳар бир танловдан сўнг албатта, “миш-миш” кўпаяди…

— Биринчидан, улар (бошқалар) аввал туман ва вилоят миқёсида яхшиларни саралаб олиб, республика босқичига тайёрлайди. Бизда эса ҳар қандай ижодкор истаган танловда тўғридан-тўғри иштирок этиши мумкин.

Иккинчидан, журналистикага оид танловларда минтақавий ёндашув бор, яъни “фалон вилоят қуруқ қолиб кетмасин”, деган тушунча. Бундай танлов мусобақадан кўра қўллаб-қувватлаш, яъни мурувват акциясига ўхшаб кетади.

Ўзингиз ўйланг, сиёсий партиялар нашрлари бир-бири билан рақобатлашишга мажбур, аммо тармоқ газеталари ким билан рақобатлашади? Ёки бўлмаса танловда рес­публика нашри билан туман газетасини ёнма-ён қўйиб бўладими?

Бу каби танловларда бир марта ғолиб ёки совриндор бўлиш мумкин, деган қоида борлиги ҳам баҳсталаб. Ахир бу Нобель, Оскар ёки давлат мукофоти эмас-ку?! Энди тасаввур қилинг, 15 йилдан бери қанча нашр ёки журналист бу танловларда совриндор бўлган бўлса, энди унда иштирок этмайди. Бу — навбат дегани.

— Хўш, унда нима қилиш керак? Қандай таклифингиз бор?

— Аввало, “Йилнинг энг фаол журналисти” мукофоти жамоага бериладими ёки муайян қаламкашга, шунга аниқлик киритиш лозим. Кейин эринмасдан, республика, вилоят, туман нашрлари бўйича яхшиларини саралаб олиб, комиссия хулосасини эълон қилиш керак. Телевидение, радио, тармоқ, хусусий нашрлар бўйича ҳам.

Шундан сўнг ғолиб нашр тажрибаси ҳақида ҳеч бўлмаганда буклет тайёрлаш ёки “Ҳуррият”да мақола эълон қилиш ҳам мумкин-ку?! Демоқчиманки, адолатсизлик, у билиб қилинадими, билмасдан қилинадими, барибир ижодий танлов нуфузи ошишига хизмат қилмайди…

— Байрам тилакларингиз…

— Мамлакатимизда жадал ислоҳотлар даври кечмоқда. Унга ҳамоҳанг ишлаш, айниқса, журналистлар олдидаги энг муҳим вазифадир. Журналистни эса ўқитиш, тарбиялаш мумкин, лекин уни яратиб бўлмайди. Чунки бундай инсонлар иқтидордан ташқари фаросат, қаноат билан бирга туғилади. Улар ҳар қандай ҳолатда ҳам халқ дардини айта олади. Ана шундай инсонлар, ҳамкасблар билан бир сафда эканлигим билан фахрланаман. Байрам муборак бўлсин!

“Milliy tiklanish” мухбири
Исломжон ҚЎЧҚОРОВ суҳбатлашди.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг