Гиламдўзлик — суяк сурган кўҳна касб

0
15

Гиламдўзлик ва кигиз босиш халқ ҳунармандчилигининг қадимий анъаналаридан бири ҳисобланади. Қадимда гилам тўқиш асосан чорвачилик билан шуғулланадиган кўчманчи халқлар орасида кенг тарқалган.

Гиламлар тўқилган жойи ёки уни тўқиган халқ, қабиланинг номи билан аталган. Хива гиламлари тарихи анча қадимий бўлиб, ўз услуби ва йўлига эга. Улар ўзининг ўсимликсимон, геометрик нақши, бежиримлиги, табиийлиги ва сифати билан ажралиб туради.

Нақш (арабча сўз бўлиб, тасвир, гул деган маънони англатади) — қуш, ҳайвон, ўсимлик, геометрик ва бошқа элементларнинг маълум маънода так­рорланишидан ҳосил қилинган безак. Ганчкорлик, зардўзлик, каштадўзлик, гилам тўқиш, тўқимачилик ва кулолчиликда турли нақшлардан фойдаланилади. Ҳар бир чизилган нақшда ўзига хос маъно-мазмун мужассам. Улар нақшланадиган буюмнинг шакли ҳамда қандай мақсадда ишлатилишига қараб танланади ва номланади. Ўзбек гиламларининг ўртасига асосан турунж ёки доира нақши ишланади. Турунж — арабча сўз бўлиб, лимон деган маънони билдиради. Нақшнинг кўриниши лимон шаклида бўлгани учун шундай юритилади. Турунж ҳеч қандай нақшга уланмай муаллақ турадиган композиция бўлиб, унинг шакли асрлар давомида ривожланган.

Шунингдек, гириҳ нақшли гиламлар мавжуд бўлиб, унинг энг кўп тарқалган жойи Марказий Осиёдир. Гириҳ — форсча чигал, тугун маъносини беради. Ушбу нақшни ишлаган усталар математика фанини жуда яхши билгани исбот талаб қилинмаган. Бир-бирини кесиб ўтган беҳисоб чизиқлар, ҳар хил бурчакли ва қиррали юлдузлардан ташкил топган геометрик нақшлар гириҳ дейилади.

Мадохил (арабча остона, кириш, эшик) — чапу рост такрорланувчи нақш тури, у композицияда чиқиш нуқтаси (манба, илдизи)дир. Мадохил кўринишидан хилма-хил бўлиб, ғунча, лола, гул, уч барг ва бошқа шакллардан иборат. Наққошлар ана шу шаклларнинг орасига ҳар хил гуллар киритиб, ўзига хос ном қўйганлар.

Гиламларни момоларимиз ўтмишда ер бағирлаб ётиқ ҳолатда ўрнатилган пастак содда дастгоҳларда тўқиган. Кейинчалик тўқув дастгоҳлари анча мукаммаллашиб, тўқувчи аёллар ёнма-ён ўтириб бирданига тўқийдиган кенг ғалтакли турлари яратилди. Қўлда гилам тўқиш жуда машаққатли иш, яхши мутахассис бир квадрат метр патли гилам тўқиши учун 20-25 кун сарфлаши мумкин. Шунинг учун ҳам бундай маҳсулот қиммат саналади.

Италиялик машҳур сайёҳ Марко Поло (ХIII аср) Марказий Осиёга саёҳати ҳақида ёзган китобининг 21-бобини Хива гиламларига бағишлаб, шундай ёзади: “Биласизми, бу қадим, кўҳна шаҳарда шундай нозик ва нафис, бежирим ва гўзал гиламлар тўқилар эканки, бундай гиламларни дунёнинг бошқа жойларида учратмадим. Қизил, кўк, жигарранг гиламлар ўзининг чиройи билан эмас, пишиқ-пухта, чидамлилиги билан ҳам ажралиб туради”.

Ўз қадим тарихи ва жозибасига эга Хива гиламдўзлик санъатининг бугунги аҳволи қандай? Унинг анъаналари давом эттириляптими? Бу борада сўз кетганда, “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида жойлашган Ёқуббой Хўжа мадрасасидаги эски услубда ипак гилам тўқиш устахонасини тилга олмай бўлмайди. Ушбу устахона 2002 йилда ЮНЕСКО ташаббуси билан ташкил қилинган бўлиб, унга уста-ҳунармандлар авлодидан бўлган Мадраҳим Маткаримов раҳбарлик қилади. Бу ерда ўндан ортиқ хотин-қизлар “устоз-шогирд” анъанасини давом эттирган ҳолда гилам тўқишади. Марказ ходимлари ипак қурти пиллаларидан шу ернинг ўзида ипак толаси олади. Битта ипак қурти ўраган пилладан 1000 метргача тола олиш мумкин экан. Ипак турли ўсимлик, мева-сабзавот пўстлоғи, илдизлар ва ишқорлардан тайёрланган ранглар билан бўялади.

— Ота-боболаримиз Муҳаммад Раҳимхон давридаги қурилишларда, Нуруллабой саройи нақшларини чизишда иштирок этган, — дейди уста-ҳунарманд Мадраҳим Маткаримов. — Жумладан, Рўзмат бобом пойтахтдаги Алишер Навоий номидаги театр биносини қуришда қатнашган. Мен ҳам аждодларимиз касбини тутдим. Ипакдан тўқилаётган гиламларнинг дизайнини ҳам ўзим чизаман. Гиламчиликнинг ХIV-ХV асрлардаги “темурий” дизайни қайта тикланди. Уларда асосан қадимий безаклар қатори Хива обидалари, кўҳна эшиклар ва деворлардаги нақшлардан улгу олиб, гиламларда ана шу нақшларни акс эттирамиз. Масалан, Кўҳна Арк, Тош ҳовли, Паҳлавон Маҳмуд мақбарасидаги майоликалардан олинган нақшлар туширилган гиламларимиз бор. Гиламчиликдаги бундай услуб, албатта, шаҳримизга ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар эътиборини жалб этмасдан қолмайди. Айниқса, гиламларимиз чет эллик сайёҳларнинг шахсий коллекция­ларини бойитиб турганидан хурсандмиз. Гиламларимиздаги ранглар ўзига хос жилоланиб, асрлар оша ўз ҳолатини йўқотмайди. Чунки уларнинг бўёғи табиий — қизил пиёз пўстлоғи, ток, олма, тут барги, анор пўстлоғи, индиго, мазор, қирқ бўғин каби ўсимликлардан тайёрланади.

— Гиламдўзлик осон ҳунар эмас, бунинг учун устадан қунт, сабр-тоқат ва меҳр талаб этилади, — дейди марказнинг тажрибали ҳунармандларидан бири Назокат Бекчонова. — Масалан, 2х1,90 ўлчамли гиламни икки  қиз тўрт ойда тўқиб битказади. Ўзимга келсак, момоларимиз ҳунарини эгаллаганимдан ва унинг тарғиботчиси бўлганимдан фахрланаман. Бизнинг маҳсулотларимиз 2006 йилда Америка Қўшма Штатларида ўтказилган уста-ҳунармандларнинг тажриба алмашиш семинари ва бир қатор халқаро кўргазмаларда намо­йиш қилинган. Айни пайтда юзга яқин хотин-қизлар шу ерда ушбу ҳунар сирларини ўрганиб, баъзилари мустақил равишда фаолият олиб бормоқда.

Бугун Хивада қўлда гилам тўқиш билан шуғулланадиган тўртта ҳунармандчилик устахонаси фаолият кўрсатмоқда. 1973 йилда асос солинган “Хива гилами” корхонаси бугунга келиб замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган.

Исломхўжа мадрасасида ташкил этилган Хоразм амалий санъат музейи экспозициясида ўндан ортиқ турдаги амалий санъат намуналари ўрин эгаллаган. Улар орасида ХIХ-ХХ аср бош­ларида, ХХ асрнинг 70-80 йилларида тўқилган гиламлар ҳам бор. Улар билан бизни музей илмий ходими Шаҳло Майлиева таништирди.

— Туя ва қўй жунидан тайёрланган маригул нақшли гилам ХIХ асрга оид. ХХ аср бошларида тўқилган тароқгул нақшли гиламнинг гуллари номига мос равишда тароқ тишларига ўхшайди. “Қапсакўл гул” гилами кўл бўйида ўсадиган ўсимликлардан андоза олиниб, нақш ишланганлиги учун шундай номланган. ХХ асрнинг 50-йилларига келиб Хоразмда гиламчилик қайта ривожланди.

Хоразм амалий санъат музейида кўплаб хорижий сайёҳларни учратиш мумкин.

— Очиқ осмон остидаги кўҳна шаҳар обидаларининг ўз ҳолича сақлангани, агар реставрация қилинган бўлса, худди аслидай амалга оширилгани ҳайратимизни оширди, — дейди ­австралиялик сайёҳ Роберт Эллиотт. — Халқингизнинг қадимий анъаналар, қадриятларни унутмасдан, ёш авлодга ўргатиб келаётгани ўзликни англашда айни муддаодир. Айниқса, қўл меҳнати билан қилинган амалий ишларнинг машаққати-ю қадр-қимматини жуда яхши биламиз. Бир асрдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да аслидай сақланган гиламлар, улардаги нақш ва ранглар худди яқинда ишлангандек. Бу ҳар қандай сайёҳни ҳайратлантирадиган мўъжизадир…

Дарҳақиқат, дунёнинг турли бурчакларидан келаётган сайёҳларнинг диққат-эътиборини жалб этаётган халқ амалий санъати намуналари, жумладан, миллий гиламларимиз, гиламчилик маҳсулотлари тарихини чуқур ўрганиш, уларни тўплаб, алоҳида музей ташкил этиш фурсати келди. Бу келажак авлод вакилларини ўзбек миллий гиламдўзлик санъати намуналаридан баҳраманд этиш, юртимизда шаклланган гиламдўзлик мактаблари намуналарини бир жойга тўплашга, уларда акс этган тарих, миллий қадриятлар ёшлар қалбида бўй кўрсатишига хизмат қилади.

Азамат САФАР,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг