Депутат сўровига муносабат ўзгарди, лекин…

0
39

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида “Депутат бўлиш, халқ ишончини қозониш ва уни муносиб равишда оқлаш — бу осон эмас. Бундай шараф ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Депутат — фикри зикри билан халққа энг яқин одам, доимо эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган шахс”, дея таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, депутат энг аввало, халқ вакили. У кўпсонли аҳолининг манфаатларини ифода қилади, таклиф, муаммо ва мурожаатларини тинглаб, шу асосда иш олиб боради, халқ ва давлат ўртасида кўприк вазифасини ўтайди.

Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, газетамизнинг 2018 йил 21 февралдаги сонида “Оёғи ердан узилган” мутасаддилар: халқ вакилларининг 33 сўровига беписанд муносабатда бўлиб жавоб қайтармади” сарлавҳали таҳлилий мақола чоп этилган эди.

Унда халқ депутатлари Наманган вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси гуруҳи аъзоларининг тегишли ташкилотларга йўллаган депутатлик сўровларига жавоб бермаган, ўз ишига совуққонлик билан қараётган, халқ вакиллари кўтариб чиқаётган долзарб масалаларнинг ечимига етарли даражада аҳамият бермаётган бефарқ, лоқайд мутасаддилар ҳақида бонг урилган эди.

Мана орадан 100 кундан зиёд вақт ўтди. Хўш, шунча вақт ичида мақолада келтирилган муаммолар ечим топдими? Депутатлик сўровлари одамларнинг оғирини енгил қилиб, мудраб ўтирган мутасаддилар фаолиятига туртки бердими? Қуйида яна мавзуга қайтиб, шу ҳақда тўхталамиз.

Аввало, айтиш жоиз, мазкур мақола халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашининг 27-сессиясида атрофлича муҳокама қилинди. Кенгаш раиси, вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров мақолада келтирилган 33 депутатлик сўровига беписандлик билан муносабатда бўлган мутасаддиларга нисбатан чора кўриш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан маҳаллий ижро органлари раҳбарларига аниқ топшириқлар берди.

Сессия муҳокамасидан кейин маҳаллий Кенгашларда ишга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Энг аввало, мутасадди раҳбарлар юборилаётган сўровлар ортида, биринчи навбатда, депутатга ишонч билдирган сайловчилар, одамлар манфаати турганлигини ҳис эта бошлади. Ҳудудларда депутатлик сўровларига тегишли ташкилотлар томонидан ўз муддатида жавоб қайтаришга эътибор кучайди. Танқидий мақолада мисол тариқасида келтирилган депутатлик сўровларида баён этилган бир қатор масала ва муаммолар ижобий ҳал қилинди.

Масалан, халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоси Аъзамжон Жўраевнинг туман газ таъминоти корхонасига йўллаган сўровида уч мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Ёрилган маҳалласида суюлтирилган газ баллон алмаштириш шахобчаси ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш қайд этилган эди. Мазкур сўров юзасидан туман газ корхонаси раҳбари Отабек Убаев ёзма жавоб қайтарди. Унда маълум қилинишича, “Ўзтрансгаз” акционерлик компанияси тасдиқлаган йўриқномага асосан ҳар бир газ баллон алмаштириш шахобчасининг оралиғи 20 километрни ташкил этиши керак. Айни пайтда 2 дона “Исузу” русумли юк автомашинаси маҳалла аҳлига суюлтирилган газ баллонларини етказиб бермоқда. Депутат сўровидан сўнг “Ёрилган” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 50 та хонадон суюлтирилган газ баллони билан таъминланди.

Халқ депутатлари Чуст туман Кенгашининг саноат, транспорт, қурилиш, коммунал ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари доимий комиссияси раиси ўринбосари, депутат Жасур Йўлдошев фуқаролардан келган мурожаатлар ҳамда ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган одамларнинг турмуш тарзи, биринчи навбатда, қишлоқ аҳолиси ҳаётининг фаровонлигини ошириш, ёшларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш вазифасидан келиб чиқиб, туман автомобиль йўлларидан фойдаланиш корхонаси раҳбарига қайта-қайта сўров йўллаган ва бу эътиборсиз қолдирилганди. Унда Ҳисорак қишлоғидаги Дўстлик ва Резаксой маҳаллаларининг ички йўлларига асфальт ётқизиш ёки таъмирлаш кераклиги айтилган эди. Газетада мақола эълон қилинганидан сўнг мазкур сўровга туман автомобиль йўлларидан фойдаланиш корхонаси раҳбаридан келган жавоб хатида жумладан шундай дейилади:

“Чуст – Янгиер: 7 километр автомобиль йўлида ҳақиқатан ҳам автомобиль оралиқ таъмирлаш муддатлари бир неча маротаба ўтиб кетган, бунинг натижасида йиллар давомида куз-қиш мавсумида ёғин-сочинликлар сабабли автомобиллар ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши учун бир қатор ноқулайлик­лар юзага келди. Мазкур йўллар таъмирлаш дастурига киритилган бўлиб, 2018 йилнинг II чорагида бажарилиши маълум қилинади”.

Халқ депутатлари Поп туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоси Ҳошияхон Турғунованинг 2017 йил 2 февралда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига юборган сўрови бўйича ҳам танқидий мақоладан ке­йин амалий ишларга киришилди. Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари имзоси билан юборилган жавобда қайд этилишича, “Қўштепа” МФЙда 445 та хонадон ва 1 минг 701 нафар аҳоли истиқомат қилиши боис бу ҳудудда қишлоқ врачлик пункти ташкил этиш кўзда тутилмаган. Бироқ туман тиббиёт бирлашмаси Қўштепа маҳалласи аҳлига тиббий хизмат кўрсатишни Найман қишлоғидаги 22-оилавий поликлиникасига ўтказиш чораларини кўради…

Дарҳақиқат, ҳам депутат, ҳам “Қўштепа” МФЙ раиси Ҳошияхон Турғунованинг куюнганича бор. Боиси, қўштепаликлар тиббий кўрик учун 17 километр узоқликда жойлашган “Кенегас” қишлоқ врачлик пунктига иккита транспорт алмашиб боришларига тўғри келади. Наймандаги поликлиника эса уларнинг узоғини бирмунча яқин қилади. Қолаверса, мазкур маҳалла ҳудудида арзон дори-дармон воситаларини етказиб беришга мўлжалланган дорихона ташкил этишга эҳтиёж катта. Бу борада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Жалилов амалий ёрдам беришга тайёр эканини билдирди. Шунингдек, “Дори-дармон” акциядорлик жамияти Наманган вилояти бўлими билан ҳамкорликда Қўштепа маҳалласида кўчма дорихоналар ташкил этиш бўйича ҳам иш олиб борилиши маълум қилинди.

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутати Сардор Раҳимовнинг 2017 йил 23 февралда Наманган шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Намтрансавто” департаменти бош­лиғига жўнатган сўровида ҳам долзарб масала кўтирилганди. Яъни, Наманган шаҳрида ноқонуний йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган ҳайдовчиларнинг ҳаракатланишига чек қўйиш, йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш, умуман, йўловчи ташиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари ўз ифодасини топган эди. Гарчи депутат сўровига жавоб қайтарилмаган бўлса-да, бу масала халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг 2017 йил 18 мартда ўтказилган сессиясида атрофлича муҳокама қилинган. Унда “Намтрансавто” департаменти бошлиғининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ҳисоботи эшитилди. Бу бўйича маҳаллий Кенгаш қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорда белгиланган вазифаларга асосан Наманган шаҳрига туманлардан қатновчи жамоат транспортлари бош бекатларининг (автостанция) жойлашуви Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сонли қарори талабларига мос танланмаганлиги, йўловчиларнинг норозилигини келтириб чиқараётганлиги эътиборга олиниб, бешта бош бекат жойлашуви қайта кўриб чиқилди. Аҳоли ва транспорт қатнови гавжум “Чорсу” ҳудудидаги йўл ўтказгич кўприкни таъмирлаш ишлари олиб борилди. Кўприк атрофидаги йўлларда машиналарнинг лойиҳа ҳолатига мувофиқ ҳаракатланиш тартиби қайта жорий этилди. Навоий-Самарқанд, Навоий-Қўқон, Беруний соҳили, Қодир Мамарасулов-Ҳамроҳ кўчалари кесишмаларида йўлнинг қатнов қисми ўртасига қурилган бетон тўсиқлар ва темир панжаралар олиниб, автомобиль йўлларининг шу қисмларида транспортларнинг аввалги, лойиҳавий ҳаракатланиш тартиби жорий қилинди. Шунинг­дек, сессия қарорида вилоят ҳокимининг 2017 йил 16 мартдаги 98-сонли қарорига асосан шаҳар ҳудудида аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш тизимини янада яхшилаш мақсадида Алишер Навоий, Амир Темур ва Бобораҳим Машраб номидаги марказий кўчаларда ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғулланаётган “Дамас” русумли автомобилларнинг эрталаб 07:00 дан кеч соат 20:00 гача ҳаракатланишини тақиқлаш масаласини ҳал этиш вазифаси белгиланган эди. Лекин шаҳар ҳокимлиги, шаҳар Кенгаши депутатлари, “Намтрансавто” департаменти, шаҳар Давлат солиқ инспекцияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан тушунтириш ишлари, қўшма рейдлар ўтказилаётганига қарамасдан ноқонуний равишда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган “Дамас” ҳайдовчиларининг ҳаракати тўлиқ бартараф этилгани йўқ. Бу борада мутасадди идоралар масъулиятини янада ошириш ва биргаликда олиб бориладиган чора-тадбирлар мунтазамлилигини тўлиқ таъминлаш талаб этилади.

Қайд этиш лозим, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича ташаббуслар билан чиқиш, аҳолини ўйлантириб келаётган долзарб ҳаётий масалаларни чуқур ўрганиш ва ҳал этишда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, партия гуруҳлари фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. Бироқ халқ вакилларининг одамлар муаммоларига ечим топиш мақсадида юборган сўровларига айрим мутасаддиларнинг бепарво муносабати ҳамон давом этмоқда. Аслида депутат кўтараётган муаммо тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари масъуллигидаги соҳа ёхуд вазифага бевосита дахлдор. Уларнинг ечимидан депутат эмас, энг аввало масъул раҳбарлар манфаатдор бўлиши керак-ку?!

Айтиш жоиз, депутатлик сўровида кўтарилаётган ҳар бир масала ортида, энг аввало, инсон тақдири, унинг манфаатлари туради. Шундай экан, уларга қандай қилиб беписанд ва масъулиятсиз ёндашиш мумкин? Президентимиз таъкидлаганидек, депутатга беписандлик — халққа беписандлик, деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавобгардир.

Бир сўз билан айтганда, адолат ва қонунийлик — халқ ва мамлакат хотиржамлигининг асоси. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан асосий мақсад ҳам тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш, одамларни, халқни ҳаётдан рози қилишдан иборат.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг