Ҳуқуқий тарғибот гуруҳи ташкил этилди

0
19

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий-иқтисодий, ижтимоий-маънавий соҳалардаги ислоҳотларда ёшларнинг иштирокини таъминлаш ва янада кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ёшлар билан ишлаш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда фаол иштирокини таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратиб келади.

Яқинда ЎзМТДП дастурий вазифалари ҳамда 2018 йилга мўлжалланган иш режаси ижросини таъминлаш мақсадида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошида ҳуқуқий тарғибот гуруҳи тузилди. Мазкур гуруҳ ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, уларда етакчилик қобилиятини шакллантириш, шунингдек, ижтимоий-сиёсий фаол ёшларни жамоатчилик асосида ЎзМТДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатларига бириктириш орқали келгусида партияга захира кадр, депутатликка номзод сифатида тайёрлашга хизмат қилади. Ёшларнинг жойларда қонунларни тарғиб этишга доир ижтимоий-сиёсий ташаббус­ларини қўллаб-қувватлайди.

—  Партиямиз ташаббуси билан олий таълим муассасалари қошида ташкил этилаётган ҳуқуқий тарғибот гуруҳлари давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилиш жараёнида амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотларда ёшларнинг иштирокини кенгайтиришга, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга,  фуқаролар, айниқса, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий онг даражасини ўстиришга кўмаклашади, — дейди ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси девони Ёшлар ишлари бўлими бошлиғи Ҳамдам Ниёзов. —  Мазкур гуруҳларга ёш ўқитувчи, профессорлар, фаол талабалар жалб этилади. Улар иштирокида ёшлар сиёсатига доир қонун лойиҳалари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокама қилинади, янги авлоднинг бу борадаги нуқтаи назари, таклиф-мулоҳазалари олинади. Ёшларнинг ҳаёти, талаб ва эҳтиёжларига оид муаммолари ўрганилади ҳамда уларни ҳал этиш юзасидан таклифлар тайёрланади. Шунингдек, навқирон авлод вакилларига, аҳолининг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган қатламига бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш, йигит-қизларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратиб беришни мақсад қилганмиз. Депутатлар билан ёшларнинг жонли мулоқотини йўлга қўйиш орқали эса уларнинг сиёсий тафаккурини ошириш, баҳс маданиятини шакллантиришга ҳисса қўшиш мумкин. Айни пайтда пойтахтимиздаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида дастлабки ҳуқуқий тарғибот гуруҳи тузилиб, унга таълим масканининг бир гуруҳ фаол, ташаббускор йигит-қизлари жалб этилди. Келгусида ҳар бир ҳудуддаги олий таълим муассасалари қошида ана шундай гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйиб, улар орқали ёшлар орасига янада чуқурроқ кириб бориш, навқирон авлодда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга кўмаклашиш ниятидамиз.

Дарҳақиқат, партиянинг ушбу ташаббуси ёшлар фаоллигини, сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур лойиҳа доирасидаги ишларни тизимли ташкил этиш режалаштирилаётгани эътиборга молик. Хусусан, жойларда шакллантирилган гуруҳ аъзолари иштирокида “Ёш лидерлар” форуми ташкил қилиниши, ушбу форум ёзги оромгоҳ шаклида сиёсий ўқувлар асосида ўтказилиши, гуруҳларнинг йил давомидаги амалий ишлари эса Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзМДТП фракцияси аъзолари иштирокида тақдимотлар воситасида сарҳисоб қилиниши ёшларнинг кенг кўламли ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини, фолллигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ўз мухбиримиз

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг