Юртим байроғи — қалбим ардоғи: пойтахтимизда давлат байроғи майдони бунёд этилса…

0
9

Давлат байроғи мамлакат мустақиллигини белгиловчи тимсоллардан биридир. У давлатнинг тузумини, халқнинг менталитетини, иқтисодий асосларини ва бошқа муҳим белгиларини англатади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 5-моддасига кўра “Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга”.

 Давлатимиз байроғи мустақиллигимиз рамзидир. Байроғимиз давлат идора ва ташкилотлари, ҳарбий қисмларда ҳилпираб турибди. Қуролли Кучларимиз сафига чақирилган, ҳарбий таълим муассасаларини тамомлаган ёшларимиз давлатимиз байроғи пойида Ватанни кўз қорачиғидай асраш, уни ўз шаъни ва номусидай муносиб ҳимоя қилишга қасамёд қилади.

Мана, йигирма олти йилдирки, миллий байроғимиз халқаро миқёсда мамлакатимиз обрў-эътиборини, юртдошларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк­даги бош қароргоҳида ҳилпираб турган байроқлар орасида Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи ҳам борлиги қалбимизда ғурур ва ифтихор туйғуларини жўш урдиради. Шу юрт, шу муқаддас замин фарзанди эканимиздан фахрланамиз.

Ватанимиз байроғи бугун ҳам халқимиз қалбида ватанпарварлик оловини ёқиб, уларни белни янада маҳкам боғлашга, миллатни эрк ва озодлик туғи остида бирлашишга чақираётгани, даъват қилаётгани айни ҳақиқат. Ватанимиз истиқболи билан боғлиқ эзгу орзуларимиз, келажакка бўлган комил ишончимиз байроғимиз тимсолида жилоланади, десак асло муболаға бўлмайди.

Ҳар бир инсон онгу шуурига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсолларидан бири бўлган байроқни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Пойтахтимиз — ҳамиша навқирон ва қадимий Тошкент шаҳри давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида ўзининг янги ва замонавий қиёфасига эга бўлаётир, нафақат минтақамиз, балки дунёдаги энг гўзал ва обод мегаполислардан бирига айланмоқда.

Айни шу жараёнда мамлакатимизнинг кўп сонли ёшлари таклифи, хоҳиш-истаги ўлароқ азим Тошкент шаҳрининг қоқ марказида янги авлодни ватанпарварликка ундовчи, халқимизнинг ғурурини акс эттирувчи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар барча фуқароларимизни бирлаштирувчи, пойтахтимизга ташриф буюрувчи меҳмонлар ва сайёҳларга миллатимизнинг “мен”ини намоён этувчи иншоот сифатида Давлат байроғи майдони бунёд этилса, нур устига нур бўларди.

Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида 100 метрдан баланд бўлган байроқли устун (флагшток) — давлат байроғи майдонлари қўр тўкиб турибди. Масалан, жаҳондаги энг баланд — 170 метрли байроқли устун Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ўрнатилган.  Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида 165 метрли, Озорбайжоннинг Боку шаҳрида 162 метрли байроқли устун  мавжуд. Шу билан бирга, АҚШ, Германия, Франция, Жанубий Корея, Япония ва бошқа қатор ривожланган мамлакатларда ҳам давлат ва жамоат идоралари ёнида баланд устунларга давлат байроғи ўрнатилган майдонлар бунёд этилган.

Агар пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлардан бирида Давлат байроғи майдони бунёд этилса, унга катта ҳажмдаги байроқли устун ўрнатилса ҳамда ана шу майдонда 18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун  тантанали равишда нишонланса фуқаролар, айниқса, ёшларда ватанпарварлик, миллий истиқлол ғоясига садоқат, давлатимиз рамзларига ҳурмат, ғурур ва ифтихор туйғуларининг ортишига хизмат қилган бўларди. Бинобарин, байроғимизни эъзозлаш фуқароларда ўз мамлакатига ва келажакка бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Давлатимиз байроғига ҳурмат “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунни пухта ўрганиш ва унга тўла амал қилишимизда ҳам намоён бўлар экан, ҳаёт гардиши шиддат билан айланиб, замон, давр тинимсиз ўзгариб бориши жараёнида 1991 йил 18 ноябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун амалиётда эскирмадими, уни ўзгартириш фурсати келмадими, деган савол пайдо бўлади.

Биринчидан, ҳар йили анъанага кўра, турли давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан давлат мустақиллиги байрами ҳамда 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан жамоатчиликка байрам туҳфаси сифатида байроғимиз акс эттирилган сувенир, лента ва бошқа маҳсулотлар миллионлаб нусхада ишлаб чиқарилади ҳамда кўп ҳолларда у беғараз тақдим этилса-да, баъзи ҳолларда тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳоллари учрайди.

Ваҳоланки, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуннинг 52-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас”лиги белгиланган. Бундай ҳолатда ўз юртининг фидойилари бир вақтнинг ўзида унинг қонунбузарлари ҳам саналади.

Иккинчидан, айрим нодавлат нотижорат ташкилотлар рамзларида давлат байроғи элементлари мавжуд. “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунда нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас ҳамда Давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Демак, яна савол туғилади: республикамизда фаолият юритаётган нодавлат ташкилотларнинг яна нечтасининг рамзларида давлат байроғи акс этган? Узоққа боришнинг ҳожати йўқ, мамлакатимиздаги энг йирик нодавлат ташкилотлардан ҳисобланган Ўзбекис­тон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг рамзларида ҳам давлат байроғи тасвиридан фойдаланилган. Амалдаги қонунда эса давлат байроғи фойдаланилиши мумкин бўлган саноқли давлат ташкилотлари рўйхати келтирилган…

Учинчидан, “аввал ўзингга боқ…”, деган халқ нақлига амал қилган ҳолда айтиш мумкинки, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси мажлислар залининг тўрида иккита байроқ туради. Биринчиси давлат байроғи, иккинчиси партияники. Бундай ҳолатни айни пайтда яна бир қанча жамоат ташкилотлари, хусусан, меҳмонхона, бозор, савдо дўконлари, кўнгилочар масканларда ҳам кузатиш мумкин.

Бундан ташқари ёшларимизнинг “замонавийлик” белгиси сифатида дунёнинг ривожланган мамлакатлари байроқлари туширилган футболка, кепка, рюкзак ҳамда турли аксессуарлардан фойдаланиши ҳам тобора оммалашиб бормоқда.

Хўш, бундай ҳолатлар бошқа давлатлар қонунчилигида қандай тартибга солинган ёки мустаҳкамланган?

“Россия Федерациясининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 9.1. моддасига мувофиқ “Фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхона ва ташкилотлар давлат байроғи ва унинг тасвиридан давлат байроғига ҳурматсизлик кўрсатмаган ҳолда фойдаланиш мумкин”, шунингдек, Давлат байроғидан фойдаланиш тўғрисидаги Йўриқномага мувофиқ “давлат байроғи қутилар, салфетка, дастрўмол, чойшаблар, ёстиқ ва бошқа шахсий ҳамда вақтинча фойдаланиладиган буюмларда қўлланилиши мумкин эмас”лиги белгиланган.

Америка Қўшма Штатлари байроқ Кодексига мувофиқ давлат байроғи аксарият жамоат биноларида доимий равишда йил давомида кун чиққандан кун ботгунга қадар ўрнатилиши ва давлат байроғини етарли даражада ёритиш чоралари кўрилган бўлса, у қоронғида ҳам туриши мумкинлиги, давлат байроғи ноқулай об-ҳаво, яъни ёғингарчилик, қор, шамол ва бошқа табиат инжиқликлари вақтида ўрнатилиши мумкин эмаслиги кўрсатилган (байроқ об-ҳаво таъсирига учрамайдиган материалдан тайёрланган ҳолат бундан мустасно).

Канада Давлат байроғи ҳақидаги қоидаларга (протоколига) мувофиқ фуқаролар учун давлат байроғини намойиш этишда ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаган, аксинча, кўп қаватли уй, бино ва иншоотлар, жамоат ташкилотлари ва бошқа жойларда ҳам исталганча давлат байроғини ўрнатиш тавсия этилган.

“Қозоғистон Республикаси давлат рамзлари тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 4-моддасига мувофиқ “Қозоғистон Республикаси давлат байроғи бино ва иншоотларда уларнинг эгаларининг хоҳишига кўра ўрнатилиши мумкин”, дейилган.

“Туркманистоннинг Давлат байроғи тўғрисида”ги (янги таҳрирда) қонуннинг 3-моддасига мувофиқ “Туркманистон давлат байроғи доимий равишда корхона, ташкилот ва идоралар ҳамда аҳоли турар-жойларида ўрнатилиши белгиланган”.

Бундан кўринадики, аҳоли, айниқса, ёшларда миллий онг, миллий ғурурни давлат рамзлари орқали шакл­лантириш, истиқлолимиз ва истиқболимиздан дарак берувчи давлат рамзларига ҳурмат туйғусини қадрият даражасига кўтариш, бу туйғуни мустаҳкамлаш орқали уни умуммиллий ҳаракатга айлантириш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қайта кўриб чиқилса, шу билан биргаликда давлат байроғидан фойдаланиш доираси кенгайтирилса, энг асосийси, Давлат байроғи майдони бунёд этилиб, унга катта ҳажмдаги байроқли устун ўрнатилса ҳамда бу ерда 18 ноябрь — Ўзбекистон Респуб­ликаси Давлат байроғи қабул қилинган кун тантанали равишда нишонланса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ҳамдам НИЁЗОВ,
ЎзМТДП Марказий кенгашининг
ёшлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг