Замонавий усуллар ва ёндашувлар: ЎзМТДП фаолиятини намоён этишда асосий восита, лекин бугунги партия ташкилотлари матбуот котиблари фаолияти талаб даражасидами?

0
17

Шу йилнинг 25-26 июнь кунлари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ҳудудий партия ташкилотлари матбуот котиблари учун “Партия тизимида жамоатчилик билан алоқалар самарадорлигини ошириш усуллари” мавзусида семинар-тренинг ташкил этди. Унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фаолиятини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб-ташвиқ қилиш, бу борада амалга оширилган ишлар, ютуқ ва камчиликлар ҳамда келгусидаги вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Ўқув-семинарда партия Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов иштирок этди.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси эътибор қаратиши лозим бўлган асосий масалаларга ҳам тўхталиб, бу борадаги фаолиятимизни танқидий таҳлил қилган эди, — деди партия етакчиси. — Шундан келиб чиқиб, ўтган давр мобайнида партиямизнинг барча йўналишдаги фаолияти тубдан ўзгарди. Партия ташкилотлари ва барча даражадаги депутатлар фаолиятида қуруқ ваъдалар ҳамда тадбирбозликдан воз кечилиб, асосий эътибор партия электорати муаммоларини ўрганиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, жойларда ўз ечимини кутаётган масалаларга ечим топиш каби амалий ишларга қаратилди. Партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, инвентаризациядан ўтказиш, кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, тарихий обидаларни тиклаш-таъмирлаш, шунингдек, туризм соҳасини ривожлантиришга кўмаклашиш борасида қатор ўрганишлар амалга оширилди. Ўрганишлар натижаси бўйича тегишли мутасаддиларга   таклифлар киритилди, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз томонидан сессияларга ташаббус-масалалар олиб чиқилмоқда. Фаолиятимиз давомида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган ютуқларни кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Шундай экан, ОАВнинг барча туридан, Интернет майдонларидан, айниқса, ижтимоий тармоқлар имкониятидан самарали фойдаланган ҳолда ЎзМТДП ҳаётини ёритиб бориш партия ташкилотларидаги матбуот котибларининг энг асосий вазифасига айланиши керак. Бугунги шиддатли давр партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини тарғиб қилиш билан бирга, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган воқеа-­ҳодисаларга партия позицияси асосида тезкор муносабат билдириш, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти, демократик ўзгаришлардан аҳолини хабардор қилиб боришни тақозо этмоқда. Бунинг учун ЎзМТДП ташкилотлари матбуот котиблари чуқур билим, салоҳият, касбий маҳорат, тезкорлик ва катта тажрибага эга бўлиши керак. Журналистика бу — санъат, маҳорат. Демак, партия тизимидаги барча матбуот котиблари ўз устида ишлаб, изланишдан, билим олишдан, замонавий усулларни ўрганиш ва фаолиятига татбиқ этишдан тўхтамаслиги керак. Жамоатчилик билан ишлаш масаласига ҳам эътибор қаратиб, брифинг, матбуот анжуманлари ташкил этишни йўлга қўйиши зарур. Партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг амалий ишлари хусусида оммавий ахборот воситалари вакилларига мунтазам маълумот етказиб туриши мақсадга мувофиқ.

Семинар давомида бугун партия ташкилотлари матбуот котиблари олдида турган вазифалардан келиб чиқиб, PR кампаниялар ташкил этиш, партия фракцияси, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини ёритиш, ахборотни визуаллаштириш, жамоатчилик билан алоқалар ўрнатишда ОАВлар билан самарали ишлаш, медиа лойиҳалар яратиш бўйича тренинглар ташкил этилди. Тележурналист Инобат Нормуродова, “Нуроний” газетаси бош муҳаррири Олимжон Ўсаров, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ўқитувчиси Шавкат Ибрагимов ва бошқаларнинг фаолиятни жадаллаштиришга доир маърузалари тинг­ланди. Зарур тавсиялар берилди.

— ЎзМТДП ташкилотлари ва депутатларимизнинг қатор масалалар бўйича ўрганишлари, янги ғоя ҳамда ташаббуслари, айниқса, ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинди. Минглаб фикр-мулоҳаза, муносабат ва изоҳлар билдирилди, — деди ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. — Масалан, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим ҳамда мусиқа ва санъат мактабларида мусиқа дарслари, болалар қўшиқчилиги ва “Баркамол авлод” марказлари фаолияти бўйича ўрганиш натижалари турли оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда мунтазам ёритиб борилди. Шунингдек, парламент қуйи палатасидаги фракциямиз аъзоларининг энергетик ичимликлар, чилим ва электрон сигареталарни чеклаш билан боғлиқ қонунчилик ташаббуслари фуқароларнинг қизғин баҳс-мунозараларига сабаб бўлди. Бу каби амалий ишларни янада кенгроқ ёритиш, тарғиб-ташвиқ қилиш имкониятимиз бор. Бунинг учун замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш, шу орқали ҳар бир партия ташкилоти ўз йўлига, ўз имиджига эга бўлиши керак.

Семинарда барча матбуот котибининг ҳам жамоатчилик билан алоқалари, бугунги фаолияти қониқарли даражада эмаслиги алоҳида қайд этилди. Ҳолбуки бугун партия фаолияти, ташаббуслари ва миллий тикланиш ғоясини кенг жамоатчиликка етказишда замонавий воситалар бисёр. Улар фаолияти сарҳисоб қилинар экан, ЎзМТДП Хоразм, Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Фарғона вилоят кенгашларининг фаолияти бугунги давр талаблари даражасида ёрита олинмаётгани, ушбу ҳудудлардаги партия ташкилотлари матбуот котиблари ўз ишини янада самарали ташкил қилиши лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, партия ташкилотлари фаолиятининг “Milliy tiklanish” газетасида чиқишлари, матбуот котибларининг таҳририят билан ҳамкорлик алоқалари таҳлил қилинди.

Ўқув-семинар мобайнида иштирокчилар ўзаро тажриба ва фикр-мулоҳаза алмашдилар, билдирилган танқидий таҳлиллар асосида келгусидаги вазифаларни белгилаб олдилар.

Шунингдек, семинар доирасида иштирокчилар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мемориал мажмуа, Халқлар дўстлиги майдони ҳамда Занги ота зиёратгоҳида бўлдилар.

Таассурот, хулоса ва мулоҳазалар:

Дониёр ТОШБОЕВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси
 девони бўлим бошлиғи:

— Ўқув-семинарни ташкил этишдан асосий мақсад — ўзаро тажриба алмашиш, мавжуд ютуқларни оммалаштириш, камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш, фаолиятни давр билан ҳамнафас ва ҳамқадам тарзда ташкил этишдан иборат. Матбуот котиблари — партия фаолиятини намоён этувчи асосий куч. Мадомики шундай бўлгач, улар бунинг учун барча ахборот воситаларидан унумли фойдалана билишлари керак. Масалан, вилоят ва туманларда мустақил телеканал, радио, газета ва журналлар бор. Олис ҳудудларда аҳоли ичига ижтимоий тармоққа нисбатан улар кенг ва чуқурроқ кириб борган: аудиторияси кенг. Ўқув-семинарда таъкидланганидек, матбуот котибларимиз бугун айни шу восита ва омилларни назардан қочирмасликлари, улардан имкони борича кенгроқ фойдаланишлари керак. Бу, ўз навбатида, партиямиз мақсад-ғояларини аҳоли ичига янада чуқурроқ кириб боришига ҳам хизмат қилади.

Наргиза ШАЙДУЛЛАЕВА,
ЎзМТДП Сурхондарё вилоят кенгаши
матбуот котиби:

— Бугунги семинар-тренингда билдирилган фикр-­мулоҳаза ҳамда фаолиятимизга берилган баҳолардан келиб чиқиб, ўзимга савол бердим: партиямиз имиджини яратувчи, юзини кўрсатувчи биз матбуот котиб­лари бугунги давр талабларига қай даражада жавоб бера оляпмиз? Ўтган даврдаги фаолиятимиз танқидий таҳлил қилинган мазкур семинар давомида шунга амин бўлдимки, янги ва замонавий технологиялар ва усуллардан фойдаланишда мавжуд имкониятларни тўлақонли ишга сола олмаяпмиз. Чунки бугунги шиддатли давр ҳар бир сиёсий партия ва унинг депутатлик бирлашмаларидан амалий ишларни талаб этаётир, олдимизда муҳим вазифалар, қилишимиз зарур бўлган ишлар кўп. Бу йўлда ҳар бир ҳудудий партия ташкилоти депутатлик бирлашмалари билан ҳамкорликда, бирдамликда иш олиб бориб, ахборот тайёрлаш ва тарқатишда замонавий усуллардан самарали фойдаланиши зарур.

Дилобар КАТТАБЕКОВА,
ЎзМТДП Сирдарё вилоят кенгаши
матбуот котиби:

— ЎзМТДП тизимида фаолият бошлаганимга ҳали кўп бўлгани йўқ. Шу боис бугунги семинар келгусидаги фаолиятимизда асқотиши шубҳасиз. Партия етакчиси ва устоз журналистларнинг маърузаларидаги қимматли фикрлар, йўл-йўриқлар, шунингдек, ҳамкасбларимиз билан ўзаро тажриба алмашганимиз келгусида самарали фаолият кўрсатишимизда муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларга кўмакдош бўлиш, партия дастурий вазифалари ижросига қаратилган амалий ишларни янада кенгайтириш ЎзМТДПнинг жамиятдаги мавқеини янада ошириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади. Партия тизимида олиб борилаётган ишларни тезкор ва моҳирлик билан кўрсатиш биз матбуот котиблари зиммасидаги энг асосий вазифа эканлигини унутмаслигимиз керак.

Равшан МАҲМУДОВ,
ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши
матбуот котиби:

— Икки кунлик семинар-тренингда, аввало, ортга назар ташлаб, фаолиятимизни танқидий жиҳатдан яна бир бор таҳлил қилиш, тегишли хулоса чиқариш имконига эга бўлдик. Унда таъкид­ланганидек, дарҳақиқат, бугунги тезкор ахборот замонида ҳар бир журналист қандайдир рақамлар, баландпарвоз гаплар билан эмас, амалий натижалар билан ўзини кўрсатиши, янгича инновацион ғоялар, қарашлар ва фикрлар билан чиқиши лозим. Чунки, ҳозирги шиддатли давр сиёсий партиялар ва уларнинг вакилларидан жамиятдан бир қадам олдинда юришни тақозо этмоқда. Ушбу семинар-тренинг биз — матбуот котибларини тезкорлик ва аниқликка эришиш, фаоллик кўрсатишга ундагани билан аҳамиятлидир.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг