Соғлиқ учун сув ичинг!

0
9

Ёз жазирамасида жонга оро кирувчи халоскор, шубҳасиз, сувдир. Ахир инсон организмининг 70-80 фоизи сувдан иборат. Сув етишмаслиги танадаги айрим табиий жараёнлар бузилишига олиб келади.

Сув миқдори ҳар бир организм учун турлича бўлиб, инсоннинг ёши ва алоҳида хусусиятларига қараб белгиланади. Масалан, янги туғилган чақалоқлар танасида сув миқдори кўпроқ — 80 фоизни ташкил этади. Кейинчалик бу кўрсаткич камайиб боради: ёш болаларда 75 фоиз, катталарда 70 фоизга тушиб кетади. Инсон кексайган сари организмдаги сув миқдори камайиб боради.

Танадаги сув миқдори камайиши терининг қариши, аъзоларнинг меъёрида ишлаши ва моддалар алмашинувининг бузилиши, шунингдек, мия фаолияти сустлашишига олиб келади. Юқоридагиларнинг барчаси сув етишмаслигидан келиб чиқади. Суюқлик етишмовчилигининг олдини олиш учун бир суткада инсон ҳар бир килограмм вазни учун 30-40 миллилитр сув истеъмол қилиши керак. Бундан кўринадики, 65 килограмм вазнга эга одам кунига 2-2,5 литр суюқлик истеъмол қилиши зарур. Сув ичишнинг олтин қоидага айланган миқдори кунига 8 стакан ҳисобланади. Бу орқали инсон бутун танасининг суюқликка бўлган кунлик эҳтиёжини қондирган бўлади. Касаллик, иқлимнинг исиши ва ташқаридаги ҳарорат баланд бўлган вақтда бу миқдорни бироз кўпайтириш мумкин.

Бундан ташқари, сув ичишнинг энг мақбул усули ҳам мавжуд. Оч қоринга, овқатланишдан 30 дақиқа аввал, овқатлангандан икки ярим соат ўтиб, ухлашдан бир ярим соат аввал бир стакан сув ичиш лозим. Бироқ ортиқча сув зарар қилмаслигини ҳам ёдда тутинг.

Сувнинг фойдали хусусиятлари қадимдан маълум. У ҳаёт манбаи ҳисобланиб, сувсиз Ер юзидаги барча жонзот ҳалок бўлиши муқаррар. Замонавий тиббиёт ҳам сувнинг фойдасини яхши ўрганган. Касаллик вақтида ва жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган беморлар учун кўпроқ сув ичиш тавсия қилинади.

Мунтазам сув истеъмол қилиш буйракдаги туз қатламлари, жигардаги заҳарлар ювилишини таъминлайди. Организм­ни оғир металл ва бошқа ифлослантирувчи моддалардан тозалайди. Сув табиий фильтр вазифасини ўтаб, буйрак фаолиятини барқарорлаштиради. Эрта тонг уйғонганда, 150-200 миллилитр қайнатилган сув ичиш тунда йиғилган заҳарли шиллиқ қаватларни тозалашга ёрдамлашади ва овқат ҳазм қилиш тизимини ишга туширади. Шунингдек, меъёрида истеъмол қилинган сув организмдаги ёғ қолдиқларини тозалайди. Унутманг, кам сув ичиш — танада кўп ёғ йиғилиши ва ортиқча вазн тўплаш дегани. Аксинча, табиий сув калорияга эга бўлмагани боис озиш учун мақбул восита саналади.

Мухторбек АБДУЛЛАЕВ тайёрлади.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг