Қадимий ва навқирон театр

0
7

Неаполь шаҳрининг дунёга машҳур Плебисцит майдони яқинида Сан-Карло театри жойлашган. У нафақат Италия, балки Европадаги энг кўҳна ва йирик театрлардан бири бўлиб, Неаполь шаҳрининг  рамзига айланган. У Милан шаҳридаги Ла Скала театридан 41, Венециядаги Ла Фениче театридан эса 55 йил аввал қурилган. Мана шу далилнинг ўзи ҳам дунё операчилиги тарихида ушбу театрнинг тутган ўрни хусусида яққол тасаввур уйғотади.

Сан-Карло кўҳна анъаналарини сақлаб келаётган кам сонли театрлардан бири бўлгани боис, неаполликлар у билан ҳақли равишда фахрланадилар. XVIII асрда театр Европадаги энг кўп томошабинга мўлжалланган театрлардан саналган. Бироқ XIX ҳамда XX асрларда театр биносида олиб борилган қайта тиклаш ва таъмирлаш ишлари натижасида унинг сиғими камайди. Театр ўтмишда 3 минг 285 томошабинни сиғдира олган. Айни пайтда 1 минг 386 томошабинга хизмат кўрсатмоқда.

Театр Неаполь қироли, бурбонлар сулоласи вакили Карл III ташаббуси билан меъморлар Жованни Антонио Медрано ҳамда Анжело Карасале лойиҳаси асосида бунёд этилган. Унинг очилиш маросими 1737 йилнинг 4 ноябрида ўтказилди. Шу муносабат билан Пьетро Метастазио қаламига мансуб “Ахил Скиросда” пьесаси саҳналаштирилади.

1816 йилнинг 12 февралида Сан-Карло театрида ёнғин келиб чиқади. Натижада театр биносини қайта тиклашга эҳтиёж туғилади. Театрни меъмор Антонио Николини қайта тиклайди. Таъмирдан чиқарилган театрда 1817 йилнинг 12 январь куни Иоганн Симон Майрнинг “Партенопе орзуси” операсининг премьераси бўлиб ўтади. Унинг қайта очилиш маросимида иштирок этган машҳур француз ёзувчиси Стендаль театр маҳобатидан илҳомланиб шундай дейди: “Европада Сан-Карло билан тенглаша оладиган театр йўқ… У кўзларни қамаштиради, қалбларни тўлқинлантиради”.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида театр биносининг тўпга тутилиши оқибатида Сан-Карло бироз муддат ўз фаолиятини тўхтатиб турди. 1969 йилда яшин уриши натижасида бинонинг ташқи томони жиддий зарар кўради. Таъмирлаш ишлари олиб борилгач, театр ўз фаолиятини қайта тиклайди. Театрда сўнгги таъмирлаш ишлари 2008 йилда амалга оширилди. Бунинг учун 60 миллион евро сарфланди: ундаги барча эски ўриндиқ янгисига алмаштирилди, ички қисми ўзига хос тарзда безатилди, иншоот совитиш тизими билан тўлиқ таъминланди.

Жоаккино Россини 1815-1822 йилларда Сан-Карло театрининг мусиқий ҳамда бадиий раҳбари сифатида “Елизавета, Англия қироличаси”, “Газета”, “Отелло”, “Армида”, “Моисей Мисрда”, “Риччардо ва Зораида”, “Гермиона”, “Бьянка ва Фальеро”, “Эдуард ва Кристина”, “Кўл қизи”, “Магомет иккинчи” ҳамда “Зельмира” сингари операларни саҳналаштирди. Россинидан сўнг Италия операсининг яна бир йирик намояндаси — Гаэтано Доницетти театрнинг бадиий раҳбари сифатида фаолият кўрсатди. 1822-1838 йиллардаги театрдаги фаолияти давомида ўн олтита операни саҳналаштирди. Улар орасида “Мария Стюарт”, “Роберто-Деверо”, “Полиевкт” ҳамда “Лючия ди Ламмермур” сингари дунёга машҳур опералар бор.

Ўтган асрда Карл Орфнинг “Ой”, Альбам Бергнинг “Воццек”, Жузеппе Вердининг “Макбет”, “Шоҳ Эдип”, Игорь Фёдорович Стравинскийнинг “Персефона” ҳамда Бенжамин Бриттенинг “Питер Граймс” опералари намойиш этилди. Театр саҳнасида Беньямино Жильи, Энрико Карузо, Жузеппе Ди Стефано, Иза­белла Кольбран, Мария Каллас, Франко Корелли, Тоти даль Монте, Марио дель Монако, Жакомо Лаури-Вольпи, Мария Малибран, Жованни Батиста Рубини, Жудитта Паста, Монсеррат Кабалье, Пласидо Доминго, Лучано Паваротти, Хосе Каррерас каби машҳур опера ижрочилари ўз маҳоратларини намойиш этишган.

2011 йилнинг 1 октябридан театрда “MeMUS” деб номланган мультимедиа музейи фаолият кўрсатади. Унда кўргазма зали, 3D галерея, 50 ўринли томошалар ўтказиладиган хона ўрин олган. Китоб дўконидан эса театр тарихига доир китоб­лар, опералар ёзилган аудио ҳамда видеоёзувли дискларни, шунингдек, неаполлик рассом ҳамда ҳунарманд­ларнинг тасвирий санъат намуналари ва эсдалик буюмларни харид қилиш мумкин.

Театр бўйлаб мунтазам равишда саёҳатлар  ташкил этилади. 45 дақиқали саёҳатнинг нархи катталар учун 6, болалар учун 3 евро этиб белгиланган.

Мухлиса ДОНАЕВА тайёрлади.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг