Ҳиндистон парламенти: икки палатали бўлиб, қуйи палатада 545, юқори палатада 250 депутат фаолият юритади

0
3

Жанубий Осиёда жойлашган Ҳиндистон Республикаси ҳудуди шимолдан жанубга 3 минг 214 километр, ғарбдан шарққа 2 минг 933 километрга чўзилган. Шимолда Ҳимолай тоғлари, Ғарбда Арабистон денгизи, Шарқда Бенгалия қўлтиғи билан ўралган. Майдони — 3,3 миллион квадрат километр, аҳолиси 1,3 миллиард киши. Пойтахти — Деҳли шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 28 штат ва 7 иттифоқ ҳудудга бўлинади.

Ҳиндистон — Федератив республика. Амалдаги Конституцияси 1950 йил 26 январда қабул қилинган, унга кейинчалик ўзгартиш­лар киритилган. Давлат бошлиғи — Президент. У парламентнинг икки палатаси ва штатларнинг қонун чиқарувчи органлари аъзоларидан иборат сайловчилар ҳайъати томонидан 5 йил муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Президент ва икки палата — Лог сабҳа (Халқ палатаси) ҳамда Ражья сабҳа (Штатлар кенгаши)дан иборат парламент, ижроия ҳокимиятни Бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Ҳиндистон 1945 йилдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси. 1991 йил
26 декабр­да Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олган ва 1992 йилнинг 18 мартдан дипломатия муносабатлари ўрнатилган. Миллий байрамлари: 26 январь — Республика куни (1950 йил) ва 15 август — Мустақиллик куни (1947 йил).

Мамлакат Конституциясида белгиланганидек, қуйи палатада  мажоритар сайлов тизими асосида — умумий, яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланадиган кўпи билан 552 депутат фаолият юритади. Уларнинг 530 нафари штатлардан, 20 нафари иттифоқ ҳудудлардан сайланса, икки нафарини келиб чиқиши британиялик бўлган ҳиндис­тонликлар орасидан Президент тайинлайди. Борди-ю, мамлакатда фавқулодда вазият юз берса, уларнинг ваколат муддати яна бир йилга узайтирилиши кўзда тутилган. 25 ёшга тўлган мамлакат фуқароси депутат этиб сайланиши мумкин. 18 ёшга тўлган мамлакат фуқароси овоз бериш ҳуқуқига эга. Ҳиндистон Миллий конгресси партияси аъзоси Паллах Куриен 2012 йилнинг 21 августидан буён Лог сабҳа (қуйи палата) раиси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Юқори палата билвосита федерация субъект­лари — штатлар, иттифоқ ҳудудлар қонун чиқарувчи органлари аъзолари томонидан сайланади. Ражья сабҳа олти йил муддатга сайланадиган 250 аъзодан иборат. Бироқ ҳар икки йилда палата таркибининг учдан бир қисми учун сайловлар ўтказилади. Штат вакилларини уларнинг қонун чиқарувчи кенгашлари аъзолари сайлайди. Иттифоқ ҳудудлар вакиллари эса билвосита ушбу ҳудуднинг сайловчилар ҳайъати томонидан сайланади. Юқори палатанинг ўн икки нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳаси, давлат ва жамият фаолиятининг бош­қа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Президент томонидан тайинланади.

Ражья сабҳада штатлардан нечта аъзо сайланиши уларнинг аҳолиси сонига боғлиқ. Мисол учун, юқори палатада Уттар-Прадеш штатидан 31, Нагаленда штатидан эса 1 вакил фаолият юритади. 30 ёшга тўлган мамлакат фуқароси юқори палата аъзоси этиб сайланиши мумкин. Ҳиндистон Миллий конгресси партияси аъзоси Муппаварапу Найду 2017 йилнинг 11 августидан буён Ражья сабҳа (юқори палата)нинг раиси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Қонун лойиҳаси аввал қуйи палатада қабул қилиниб, сўнг юқори палатага юборилади. Юқори палата тасдиқлаган қонун лойиҳаси эса кўриб чиқиш ва имзолаш учун Президентга тақдим этилади. Юқори палата қуйи палата қабул қилган қонун лойиҳасига нисбатан вето қўллаш ҳуқуқига эга. Фақат молиявий йўналишдаги қонун лойиҳалари бундан мустасно. Молиявий йўналишдаги қонун лойиҳалари фақат қуйи палата томонидан қабул қилиниб, юқори палатага тақдим этилади. Юқори палата уни 14 кун ичида кўриб чиқиши ва лойиҳа бўйича мажбурий хусусиятга эга бўлмаган таклиф ва тавсиялар киритиши мумкин, холос. Қуйи палата ушбу таклиф-тавсияларни инобатга олиши ёки олмаслиги ҳам мумкин. Тавсиялар инобатга олинса-олинмаса қонун қабул қилинган ҳисобланади.

Парламент мажлислари Нью-Деҳлидаги “Сансад Бхаван” биносида ўтказилади. Мазкур иншоот 1912-1913 йилларда британиялик меъморлар Эдвин Лаченс ҳамда Герберт Бейкер томонидан лойиҳалаштирилиб,  1921-1927 йилларда бунёд этилган. 2006 йилдан буён парламент биноси яқинида мамлакат қонун чиқарувчи органи фаолияти билан таништирувчи музей фаолият кўрсатади.

Мамлакатда сўнгги парламент сайлови 2014 йилнинг 7 апрелдан 12 майга қадар ўтказилди. Унда жами 24 сиёсий партия, сайлаш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 66,4 фоизи иштирок этди. Қуйи палатада 272 ўринни қўлга киритган партия ҳукуматни шакллантириш имкониятига эга бўлади. Борди-ю, партиялардан бирортаси белгиланган миқдордаги ўринларни қўлга кирита олмаса, у ҳолда энг кўп мандатга эга бўлган партия бошқа бир партия билан альянсга бирлашиб, ҳукуматни ҳамкорликда шакллантириш имконияти тақдим этилган. Агар сайловда ғалаба қозонган партия альянсни шакллантира олмаса, у ҳолда сайловда иккинчи ўринни қўлга киритган сиёсий партияга ҳам ана шундай имконият берилади. Парламент сайловида бир партиянинг мутлақ устунлиги ҳамда ҳукуматни мустақил равишда шакллантириш билан боғлиқ ҳолат сўнгги бор 1984 йилда кузатилган. Ўшанда Ҳиндистон Миллий конгресси партияси 400 дан зиёд мандатга эга бўлиб, ҳукуматни якка ҳолда шакллантиришга муваффақ бўлган.

Бу галги сайловда жами 545 депутат сайланди. Унда Миллий демократик альянс 336 мандатни қўлга киритиб, ғалаба қозонди. Шу альянс таркибига кирувчи “Бхаратия жаната парти” (Ҳиндистон халқ партияси) эса 283 ўринга эга бўлиб, мутлақ устунликни қайд этди ва ҳеч қандай альянссиз ҳам ҳукуматни шакллантириш имкониятига эга бўлди. Мазкур альянсга асосий рақобатчи бўлган Бирлашган прогрессив альянс атиги 59 мандатни қўлга киритиб, мағлубиятга учради. Альянснинг етакчи партияси — Ҳиндистон Миллий конгресси атиги 44 мандатга эга бўлди. Бу партия тарихидаги энг ёмон кўрсаткичдир. 2009 йилги парламент сайловида ушбу партия 206 мандатни қўлга киритиб, ғалаба қозонган эди. Қолган сиёсий партиялар нисбатан кам овоз олди. Сайловда ғалаба қозонган “Бхаратия жаната парти” (Ҳиндистон халқ партияси) Бош вазир лавозимига Нарендра Моди номзодини илгари сурди. 2014 йилнинг 20 май куни “Бхаратия жаната парти” вакили Нарендра Моди Бош вазир этиб тайинланди.

Сайловда ғалаба қозонган “Бхаратия жаната парти” (Ҳиндис­тон халқ партияси) мамлакатдаги энг нуфузли партиялардан саналади. У 1980 йилнинг 6 апрелида тузилган. “Бхаратия жаната парти” ўнг консерватив йўналишдаги партия ҳисобланади ҳамда ёшларга бизнесни ривожлантиришда асосий куч сифатида қарайди. Партия сайловолди ташвиқоти пайтида Ҳиндистон иқтисодиётини янада ривожлантириш, мамлакатга инвестициялар олиб кириш, янги типдаги 100 шаҳар қуриш, ўн йил ичида 250 миллион иш ўрни яратиш каби мақсад-вазифаларни илгари сурди.

 Шаҳзод ҒАФФОРОВ

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг