Оилавий ажримларнинг сабаби нимада?

0
37

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази “Сирдарё вилоятида оилаларни мустаҳкамлаш, ажрашишлар ҳолати бўйича тадқиқот ва таҳлил натижалари” мавзусида матбуот анжумани ташкил этди.

Тадбирда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари Дилором Тошмуҳамедова мамлакатимизда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш, уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, оиладаги ажрашишларнинг туб сабабларини ўрганиш, бу масалаларнинг ижобий ечимини топиш мақсадида ҳудудларда илмий-амалий тадқиқот ишлари изчил амалга ошириб келинаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида вилоятда никоҳдан ажрашиш кўрсаткичлари даражасининг ўсиши сабабларини аниқлаш ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топшириғи берилган эди.

Тадбирда Сирдарё вилоятида олиб борилган тадқиқотнинг якуний натижалари, ишлаб чиқилган чора-тадбирлар хусусида атрофлича маълумот берилди. Марказнинг етакчи олимлари, ҳуқуқшунослар, социологлар, психологлар, бошқа турли соҳалар экспертларини жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳи ташкил қилиниб, комплекс тадқиқот ишлари амалга оширилди.

2017 йилда вилоятда 1 минг 95 та никоҳдан ажрашиш қайд этилган бўлиб, бу 2016 йилга нисбатан (908) 21 фоиз кўп. Бу кўрсаткич Ўзбекистон миқёсида ҳам энг юқори ҳисобланиб, 2012-2016 йилларда республика бўйича ажрашишлар сони ўсиши 58 фоизни ташкил қилган бўлса, Сирдарё вилоятида бу кўрсаткич 83 фоизга етган. Айниқса, Боёвут, Сирдарё, Ховос туманлари, Янгиер шаҳрида ажрашишлар сони юқорилигича қолмоқда. Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ажрашишларга асосий сабаб — эр-хотин ўртасида бир-бирини тушуниш ва тотувликнинг йўқлиги, оиладаги доимий жанжал ва можаролардан (22,5 фоиз) иборат. Кейинги ўринларда оилада фарзанд йўқлиги (15,6 фоиз), эр-хотин оилавий муносабатлари ва уларнинг шахсий ҳаётига бошқаларнинг аралашуви ва улар ўртасидаги ўзаро можаролар (15 фоиз), сурункали ичкилик (11 фоиз) каби омиллар турибди. Моддий қийинчиликлар оқибатида юзага келадиган иқтисодий шарт-шароитлар туфайли рўй бераётган ажрашишлар 14,5 фоизни ташкил қилмоқда.

Тадбирда журналистларнинг ажримларда асосан ким (эр ёки хотин) ташаббус билан чиқаётгани, аёлларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳамда оилавий зўравонлик, ўқув масканларида “Оила қад­риятлари” ўқув соатларини таълим тизимига киритиш сингари саволларига “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази мутахассислари ва Сирдарё вилоятининг масъул ходимлари жавоб қайтарди.

Ботиржон МАВЛОНОВ,
“Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг
Оилани демографик ривожлантириш бўлими бошлиғи:

— Ажримлар масаласи республика миқёсида ўрганилганда, кўплаб ҳудудларда бу кўрсаткич шаҳар ҳудудларида юқори бўлса, аксинча, Сирдарё вилоятида чекка қишлоқларда кўп содир этилаётгани аниқланди. Бунинг сабаблари турлича бўлиб, ёшларнинг оила қуришга тайёр эмасликлари, аксарият маҳаллаларда яраштириш комиссиялари фаолияти яхши йўлга қў­йилмаганлиги, фарзанд кўрмаётган оилаларга етарли даражада тиббий ёрдам кўрсатилмаётганлиги, эр ва хотиннинг қариндошлари оилани ажратишга сабабчи бўлиб қолаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Марказ ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, мазкур вилоятда никоҳни бекор қилишнинг кўпайиб бораётгани сабабларини аниқлаш ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳамда “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ҳамкор ташкилот ва идоралар билан биргаликда амалга ошириш белгиланган. Шу ўринда вилоят ҳокимлигига шаҳар, туман шифохоналарида зарур тиббий, консультатив ёрдам бериш маркази ташкил қилиш кераклиги, чекка қишлоқларда оилаларга тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш юзасидан ўрганиш­ларни кучайтириш зарурлиги хусусида маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Лола МУРОДОВА,
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар
ФҲДЁ бўлими мудираси:

— Фаолиятимиз давомида эр-хотин, қайнона, қайнота ўртасида тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Ажрашишлар натижасида алимент, мулкий низолар, маъмурий жазо сингари 15 ҳолат юзасидан турли муаммолар келиб чиқиши тушунтирилмоқда. Бу эса никоҳ бузилиши масалаларини нисбатан камайтиришга, албатта, ўз таъсирини кўрсатмоқда. Суҳбатларда ажрашиш учун ариза берган эр ёки хотин ажримларга учинчи шахсларнинг аралашуви, оилаларда бир томоннинг ҳуқуқи камситилиши, иккинчи томоннинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги сабаб сифатида кўп таъкидланмоқда. Вилоят ҳудудлари кесимида тадқиқ этилганда, бу ҳолатга шаҳар миқёсида ота-оналар кўпроқ сабабчи сифатида кўрсатилган бўлса, айрим туманларда ажрашишларга асосан аёллар ташаббускор бўлаётганлиги аниқланди. Вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси ўтказган конференция аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш, оиланинг моддий таъминотида эркакнинг ўрни, оилавий можаролар сабаб келиб чиқаётган қотилликларнинг олдини олиш, тенг ҳуқуқлилик масаласи, эркак ва аёлларнинг ижтимоий ҳаётда фаоллигини ошириш, иш билан бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан амалий ишлар таҳлил қилинди. Бу ташаббуслар замирида муқаддас маскан ҳисобланмиш оилани асраш, ажрашишлар сонини камайтириш сингари эзгу мақсадлар мужассам.

Дилфуза МАҲКАМОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг