Жамоатчилик назорати — демократия кафолати

0
7

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрдаги Мурожаат­номасида давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ва амалий механизмларини жорий этиш мақсадида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни қабул қилишни, шу муносабат билан барча давлат органлари қошида фаолият олиб борадиган жамоатчилик кенгашлари ташкил этишни таклиф қилган эди. Чунки шунга қадар давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари яратилмагани нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятини холисона баҳолашга халақит бераётган эди.

2018 йилнинг 12 апрелида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши тўлақонли халқ ҳокимияти шаклланишига тўсқинлик қилаётган ана шу тўсиқ ва камчиликларни бартараф этиб, давлат органларининг самарали фаолият олиб бориши устидан фуқаролар ёки фуқаролик институтлари назорат олиб боришига катта имконият яратди.

“Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасида уни ижрочиларга етказиш ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтиришни таъминлаш зарурлиги белгиланган. Ушбу тарғиботни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни самарали амалга ошириш учун шарт-шароит яратиш бўйича давлат органларининг биринчи навбатдаги асосий вазифалари” мавзусида семинар-тренинг ташкил этди. Унда маҳаллий ва халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинарда таъкидланганидек,  қонуннинг мақсади — давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш муносабатларини тартибга солишдан иборат. Бу жараёнда фуқаролар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари субъект, давлат органлари, хусусан, ҳуқуқ-тартибот ва назорат идоралари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг фаолияти объект сифатида иштирок этади. Жамоатчилик назоратини олиб боришда фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати камситилиши, шахсий ҳаётига аралашиш каби ҳолатларга йўқ қўйилмайди. Шунингдек, қонун билан чекланган ахборотлар махфий тутилиши шарт. Қабул қилинган қонун фуқароларнинг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб боришдек конституциявий ҳуқуқини мустаҳкамлаб, ўзига хос механизм яратди.

— Қабул қилинган қонун давлат органлари ва идораларининг фаолияти янада самарали, шаффоф ва очиқ бўлишини таъминлашга хизмат қилади, —  дейди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Зикрилло Маҳмудов. — Бугунги семинар-тренинг ҳам айнан “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига тўлиқроқ етказиш, шунингдек, фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг жамоатчилик назоратини олиб бориш жараёнидаги ҳуқуқ ва бурчларини чуқурроқ англашига кўмаклашишдан иборат.

Семинар-тренингда давлат органларининг бу соҳадаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жамоатчилик назорати шакллари ва уни олиб бориш усуллари, назорат ўтказишнинг афзалликлари, оммавий аҳборот воситаларининг жамоатчилик назорати ўрнатилишидаги роли, жамотчилик фикрини ўрганиш каби мавзуларда фикр-мулоҳазалар билдирилди. Интерфаол тарзда ўтган тадбирда соҳа мутахассислари иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоб берди.

Мухторбек АБДУЛЛАЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг