ЎзМТДП жамоаси — чемпион!

0
8

Мамлакатимизда жисмоний тарбия, хусусан, миллионлар ўйини бўлмиш футболга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, жойларда ташкилот ва идоралар вакиллари ҳам ишдан бўш вақтларида яшил майдонларда куч синашиш имконига эга бўлмоқда.

30 июнь — Ёшлар кунига бағишлаб Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамкорлигида Ассоциация кубоги учун мини-футбол бўйича турнир ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси девони, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили
(омбудсман), Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, ЎзМТДП Марказий ва Тошкент шаҳар кенгашлари, Республика Маънавият тарғибот маркази, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари жамоалари иштирок этди.

Мусобақани бошқариш учун ЎФАнинг тажрибали ёш ҳакамлари жалб қилинди.

— Қизиқарли ва муросасиз баҳсларга бой мусобақалар иштирокчиларга ҳақиқий байрам шукуҳини бағишлади, — дейди ЎФА футболни ривожлантириш бошқармаси мусобақаларни ташкил этиш бўйича етакчи мутахассиси Ойбек Икромов. — Кўп жамоа вакиллари айни пайтда Россияда давом этаётган жаҳон чемпионатида иштирок этаётган машҳур ўйинчидек майдонга шиддат билан тушди. Бу каби мусобақаларни мунтазам ўтказиб туриш лозим. Чунки бу жамоат ташкилотлари вакилларининг бўш вақтини мазмунли ўтказишга, соғлиғини мустаҳкамлашга, чиниқишга ёрдам беради.

Қизиқарли ва кўтаринки кайфиятда ўтган баҳслар уч кун давом этди — жамоалар икки гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро куч синашди. Якуний босқичда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси девони ва ЎзМТДП Марказий кенгаши жамоалари майдонга тушди. Финал ўйинида партия жамоаси 5:1 ҳисобида ғолиб бўлди. ЎзМТДП вакиллари нафақат сиёсатда, балки спортда ҳам ўз фаоллигини кўрсатди. Ғолиб жамоаларга Ўзбекистон футбол ассоциациясининг кубоги ҳамда эсдалик совғалар топширилди.

ЎзМТДП Марказий кенгаши
Ахборот хизмати

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг