Шоҳизинда — шарқ меъморчилик санъати дурдонаси

0
13

“Аждодларингиз нечоғлик ақл-заковатли, билимли бўлганлигини улар томонидан яратилган бунёдкорлик ишларидан ҳам билиш мумкин. Узоқ йиллардан буён сақланиб келаётган бу обидалар ўтмишдан сўзлайди. Тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишлар ўзбек замини довруғини дунёга ёйишга хизмат қилмоқда. Шу боис ҳам Ўзбекистон сайёҳлар келиб кўришни орзу қиладиган мамлакатлардан бирига айланган”.

Бу — Жанубий кореялик сайёҳ Ёнг Ми Лининг сўзлари.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз ҳудуди қадимий обида ва маданий ёдгорликларга бой.  Шаҳар ва қишлоқларимизда бой тарихимиздан далолат берган меъморий обидалар, қадимий шаҳарларимиз халқимизнинг беқиёс яратувчилик ва бунёдкорлик салоҳиятининг кўзгусидир. Улар халқимиз ўтмишини ўзида мужассам этган миллий қадрият сифатида бебаҳо мулк ҳисобланади ва ҳар бири ўзига хос тарихга эга.

Хусусан, зукко ажодларимиз томонидан яратилган Самарқанддаги Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуи ҳам ўтмиш меъморий гўзаллик латофатини ўзида намоён этган бетакрор маданий меросларимиздан бири.

Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасида 40 дан ортиқ мақбара мавжуд бўлиб, архитектура ечими, нақшиннигорлари билан бир-биридан ажралиб туради. Унинг юқори қисмидаги мақбараларни Соҳибқирон Амир Темур XIV-XV аср бошларида барпо қилдирган. Паст қисм мақбараларни эса Мирзо Улуғбек қурдирган. Мажмуада, шунингдек, бир қатор номаълум мақбаралар ҳам мавжуд.

Мустақиллик туфайли Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуи, Бибихоним, Хўжа Аҳрори Валий, Руҳобод мақбаралари, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи ва бошқа обидаларнинг обод этилиши ҳам халқимизнинг бой маънавий меросини асраб-авайлаш, буюк аждодларимиз номини улуғлаш, тарихни ўрганиш ва миллий ўзликни англашда муҳим омил бўлганини таъкидлаш лозим. Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 16 июлдаги “Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасида қайта тиклаш ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан икки йил давомида мажмуа тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Бу жараёнда мажмуанинг жануби-шарқий қисмида XV асрга оид ҳаммом пойдевори топилди. (Ҳозирги кунда ҳаммом консервация қилинган). Қадимий ҳаммомнинг топилиши мажмуага киришдан олдин зиёратчилар покланиб олишидан ва бу манзил-макон қанчалик муқаддас эканлигидан далолат беради.

Қайта тиклаш жараёнида мажмуада мавжуд бўлган деворий ва пештоқ безаклари ҳам тикланди. Қуръон оятлари арабий ҳуснихатлар, ҳадислар ва улуғ алломаларимиз ҳикматлари битилган битиклар топилди. Мажмуанинг шимолий томонида қорахонийлар сулоласига мансуб мақбара пойдеворлари ҳам қайтадан таъмирланди.

— Шоҳи Зинда номи пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаламнинг амакиваччалари Қусам ибн Аббос номи билан боғлиқ, — дейди мажмуа илмий ходими Ҳамроқул Қаюмов. — Хонақоҳ  пештоқига “Қусам ибн Аббос ўз хулқлари ва ташқи кўринишлари билан менга ўхшайдиган шахслардандир” деган ҳадиси шариф ёзилган. Қусам имом Ҳасан билан ака-укадир.

Маълумотларга қараганда, Қусам ибн Аббос Али ибн Абу Толиб ҳалифалиги даврида Макка шаҳри ҳокими этиб та­йинланган. Муовия ибн Абу Сўфиён даврида Хуросон ҳокими бўлган. Саркарда Усмон ибн Сайид билан Мовароуннаҳрга келади. Унинг асосий вазифаси исломни Сўғд диёрида тарғиб қилиш эди. Бу эса осонликча кечмади.  Милодий 677 йили Самарқанд шаҳри намозгоҳида у шаҳид бўлади. (Кенг тарқалган бошқа бир ривоятда Қусам ибн Аббос Уструшонани фатҳ этиш учун бўлган жангларнинг бирида шаҳид бўлгани айтилади).

Дарҳақиқат, Шоҳи Зинда билан боғлиқ тарих ва афсона шу қадар кўпки, улар бир-бири билан уйғунлашиб кетган. Қусам ибн Аббос қабри кираверишда мажмуанинг охирида жойлашган. У ерга киришда 1404-1405 йилларда эронлик уста Саид Юсуф Шерозий ясаган нақшинкор эшик ўрнатилган. Эшикка фил суягига чиройли ҳуснихатда ҳадислар битилган.

Эшик ортида XI асрда ишланган нақшинкор минора қад ростлаб турибди. Миёнхона сайёҳ ва зиёратчиларни ўзига хос услубда курилган хоналарга бошлайди. Булар — катта масжид, чиллахона, зиёратхона ҳамда туғхонадан иборат. Уларнинг ҳар бирини ўзига хос зиёрат қилиш одоби бор.

Мажмуада Қусам ибн Аббоснинг қабри бўлиб, унга Амир Темур давридаги нақшинкор сопол кошинлар билан безак берилган. Қабр устида “ҳижрийда 57, милодийда 676 йил” деган ёзув бор. Мажмуанинг барча хонасига моҳир усталар томонидан бетакрор нақш ва безаклар билан ишлов берилган.

— Шоҳи Зинда мажмуасида дастлабки мақбаралар XI аср охирида пайдо бўлган, — дейди  Ўзбекистон Фанлар академияси Яхё Ғуломов номидаги археологик тадқиқотлар институти директори Амриддин Бердимуродов. — Қусам ибн Аббос мақбараси шулардан биридир. Унинг ёнида нақшлар солиб безатилган масжид бўлган. 1219 йил мўғуллар истилосидан кейин Афросиёбда ҳаёт деярли сўнган. Дастлабки мақбаралар емирила бошланган. Амир Темур ҳукмронлиги даврида унинг яқин қариндошлари ҳамда саркардалари Қусам ибн Аббос қабри атрофида ўзлари учун мақбаралар қурдирган.

Бизгача етиб келган мақбаралар мажмуаси ва дастлабки бинолар қолдиқларини кўздан кечирганда уларга пардоз бериш ва безаш техникаси вақт ўтган сайин ўзгариб борганини кузатиш мумкин. Мирзо Улуғбек ўзининг норасида ўғли номидан ҳижрий 838 (1434-1435) йилда қурдирган чортоқли дарвоза пештоқи ансамбл шаклланишини ниҳоясига етказган иншоот бўлди. Чортоқнинг ўнг томонида кичкина ҳовли ичида мадраса бор. Уни ҳижрий 1228 (1812-1813) йилда ҳоким Давлат Қушбеги қурдирган. Чап томонда эса Амир Ҳусайннинг онаси шарафига қурилган ёзги айвон ўрин олган. Уни самарқандлик усталар Муҳаммад Сиддиқ ва Абду Зоҳид қурган. Бу ёдгорлик XIX-XX аср усталарининг диди ва бадиий маҳоратидан дарак беради. Масжид орқасидаги чап тепалик ёнбағрида қўш хонали баланд мовий  Қушгумбазли мақбара (XV аср ўртаси) Шоҳи Зинда мажмуаси темурийлар даври меъморчилигининг ажойиб намунаси сифатида қадрланади. Икки тўртбурчак катта хона (зиёратхона) ва кичик хона (қабристон) бир-бири билан боғланган. Қабристонда битта қабртош, унинг остида даҳма бор. Тўрт гумбаз чортоқни юзага келтиради. Деворлардаги нақшлар қисман сақланиб қолган.

Шоҳи Зинда зиёратгоҳининг иккинчи қисми қирқ зинадан бошланиб, сир ҳамда жумбоқларга тўла ўрта аср даҳлизига кириб боради. Бу ерда бутунлай ўзгача давр ва меъморчилик ечимлари мавжуд.

Номдор саркардалардан Амир Ҳусайн ва унинг онаси учун қурилган обидага меъморчиликнинг энг нозик услублари танланган. Амир Темур уларга алоҳида эҳтиром кўрсатиб маҳобатли бинолар қурдирган ва шу ерга дафн эттирган. 1376 йилда қурилган мақбарадаги файз ва фусункорлик хаттотларнинг ёзувлари билан янада гўзаллашган.

1386 йилда қурилган Амирзода номи билан машҳур тарихий обида ўзида халқ усталари санъатини яна бир карра яққол намоён этган. Чунки унда миллий кошинкорликнинг барча тури кенг қўлланган. Мақбара ичида саркарда Амирзодага тегишли етти киши дафн этилган. Мутахассислар ушбу обидани Амир Темур даврининг энг ҳуснкор биноларидан бир сифатида таърифлашади.

Шунингдек, Соҳиқирон Амир Темурнинг жияни Шодимулк оқо мақбараси меъморчиликнинг тожи сифатида баҳоланади. У 1371-1372 йиллар мобайнида 11 ёшида вафот этган Шодимулк оқога атаб қурилган. Турқон оқо қизи дафн этилган жойга қурилаётган мақбарани шахсан ўзи назоратга олади ва бетакрор бўлишини истайди. (Турқон оқо 1382 йили вафот этгач қизи ёнига дафн этилган). Ёдгорлик учун ўймакорлик ва сирланган сопол кошинларнинг энг юқори намуналари танланган. Бинонинг ички ва ташқи безаклари бир-бирини такрорламайди. Шунинг учун ҳам у Шоҳи Зинда мажмуасининг энг гўзал гулдастаси ҳисобланади.

Амир Темур XV асрнинг иккинчи ярмида синглиси Ширинбекага атаб катта мақбара қурдиради. Унда кошинкорликнинг қирқма усулидан фойдаланилган. Бинонинг ички безаклари ўзига хос услубда, деворий нақшларда зарҳалли ўсимликсимон қилиб ишланган. Арабий ҳуснихатда Қуръоннинг “Фатҳ” сураси ички хона гумбазидан пастки қисмига қадар тўла ҳолатича тикланади. Ёзувлар юпқа шаклдаги тилла безаклар билан зийнатланган.

Амир Темур одатда, кўп йиллик ҳарбий юришлар жараёнида ўзга мамлакатлар тарихи ва  маданиятининг энг ноёб жиҳатларидан фойдаланиш, тажрибасини қўллашни афзал билган. Шу боис ҳам унинг даврида қурилган иншоотларда турли миллат меъморчилиги ва санъати намуналарини учратиш мумкин.

Гумбазининг ички безаклари мусаффо осмон жисмлари рамзини ифодаловчи саккиз томони очиқ мақбарадаги хилхонада аслзода маликалар дафн этилган. Таъмирлаш давомида унинг гумбаз қисми қайта тикланиб, очиқ равоқлари тепасига ҳадислардан намуналар битилган.

Уста Али Насафий томонидан XIV асрнинг 60-70 йилларида қурилган мақбара мажмуанинг энг кўп услуб қўлланилган ёдгорликларидан бири. Бу ерда дафн этилган шахснинг номи аниқ бўлмагани учун ҳам у “Номсиз мақбара” деб аталади.

“2-Номаълум” номи билан машҳур мақбара қолдиғи XI асрнинг иккинчи ярмида фаолиятда бўлган Тамғач Буғрохон мадрасаси пойдевори устида қурилган. Ундаги деворий нақшлар зарҳалланган. Баъзи манбаларда ёдгорлик Улуғ Султонбеги номи билан аталган. Бино пештоқидаги хаттотлик санъатининг энг гўзал намуналари мақбара ҳуснига ҳусн кўшиб турибди.

— Мажмуанинг ўрта қисмида олиб борилган археологик қазишмалар кўплаб қадимий иншоотларнинг пойдевор ҳамда хилхоналарини топишга имкон берди, — дейди тарих фанлари номзоди Комилжон Раҳимов. — Бу эса, ўз навбатида, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасини янада бойитди.

Соҳибқирон Амир Темурнинг содиқ ва жасоратли саркардаларидан бири Амир Бурундуқ кўплаб зафарли ҳарбий юришларда ўз ҳиссасини қўшгани билан тарихда қолган. Шу боис Амир Бурундуқ мақбараси ўз маҳобати билан мажмуада алоҳида ўрин тутади. Унинг жасади яқинлари билан бино хилхонасида арча тобутда мўмиёланган ҳолатда дафн этилган.

Шоҳи Зинда мажмуасининг шимолий қисмида яна бир гуруҳ мақбаралар туркуми мавжуд. Улар қаторидан Хўжа Аҳмад, Туман оқо ва Қутлуғ оқа мақбаралари ўрин олган.

Шоҳи Зинда ёдгорлигининг энг диққатга сазовор жиҳати — бу унинг ёзувлари. Ушбу матнларни ўрганиш, тадқиқ қилиш борасида олимлар, матншунослар катта меҳнат сарфладилар. Жумладан, тарих фанлари доктори Б.Бобожонов, Шоҳи Зинда меъморий мажмуаси раҳбари У.Рустамов 2015 йилда “Шоҳи Зинда меъморий мажмуаси битиклари (матнлар, таржималар)” рисоласини чоп эттирди. Унда таъкидланишича, араб ҳарфларининг ўзига хос хусусияти унинг эгилувчанлиги ва нақшинкорлигидир. Бунинг ҳисобига улар бир вақтнинг ўзида ҳам нақш, ҳам ёзув вазифасини бажарган.

Кўп обидаларда қурилиш санаси, буюртмачи ёки дафн қилинган инсон ҳақида маълумотлар ифодаланган матнлар мавжуд. Масалан, Қусам ибн Аббос мақбарасига битилган марсия мажмуанинг ноёб ёзувларидан саналади. Матн “оқ шеър”, яъни қофиялаштирилган наср услубида ёзилган. Мажмуа ёдгорликларидаги матнлар юз йилдан зиёд вақт мобайнида ўрганилиб келинмоқда.

— Мажмуада ички туризмни янада ривожлантириш, зиёратчилар оқимини кўпайтириш мақсадида улар учун қулай шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир, — дейди мажмуа илмий ходими Ҳамроқул Қаюмов. — Жумладан, мажмуа атрофида автоуловлар тўхташ ва сақлаш жойлари кенгайтирилди. Зиёратчилар, хорижлик меҳмонлар ҳаракатланадиган йўлаклар тартибга келтирилди. Ёши улуғ ёки ногиронлиги бор инсонлар учун аравачалар хизмати йўлга қўйилди. Зиналардан юқорига кўтарилиш учун махсус таянч-ушлагичлар, зиёратчилар дам олиб ҳордиқ чиқарадиган ўриндиқлар ўрнатилди.

Шунингдек, мажмуада ёшларни аждодларимиз меросига ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида кутубхона ташкил этилди. Бу ерда диний ва дунёвий китоблар ўрин олган. Мажмуада гид-таржимонлар хизмати яхшиланди, намозхон зиёратчилар учун махсус хоналар ташкил этилди. Зиёратчилар ва чет эллик сайёҳлар талабига кўра, мажмуа ҳақида тўлиқ маълумот олиш учун барча имконият яратилган…

Хулоса ўрнида айтганда, азалдан одамлар Самарқандни бир бор кўришни, унинг заминида мангу ором топган азиз-авлиёлар, буюк инсонлар хоки пойини зиёрат қилишни орзу қилишган. Буни ўзлари учун шараф, деб билган.  Шу боис ҳам маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар уларни нафақат келажак авлодларга безавол етказиш, балки халқимизнинг инсоният цивилизацияси тараққиётига қўшган буюк ҳиссасини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш масаласига йўналтирилгани билан эътиборга молик.

Адҳам ҲАЙИТОВ,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси аъзоси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг