Илдизларга қувват керак: ёхуд Самарқандда ўз ҳолига ташлаб қўйилган ёдгорликларга мутасаддилар қачон эътибор қаратади?

0
2

Юртимиз ўзининг муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлари, азиз-авлиёлар мангу қўним топган мақбаралари билан машҳур. Зеро, улуғ зотлар қайси гўшада яшашни ихтиёр этса, ўша жойда маънавий-руҳий покланиш рўй бериши билан бирга, боғу роғлар, соя-салқин оромгоҳлар бунёд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори муқаддас масканларни сақлаш ва қадрлаш, халқимиз онгида аждодлар хотирасига ҳурмат-эҳтиром туйғуларини шакллантириш билан бирга, ҳар бир қадамжо ва зиёратгоҳни ободонлаштириш, янада файзли, тароватли гўшага айлантириш, бу борада маънавий-маърифий тарғибот ишларини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Самарқанд узоқ ўтмиши давомида кўп воқеаларга гувоҳ бўлган, тараққиёт ва таназзулни бошдан кечирган. Бу ҳақда тарихий манбаларда маълумотлар кўп учрайди. Самарқанднинг ҳар қарич ерида, тарихдан мерос бўлиб келаётган қадимий обидалар, иншоотларда ҳам ўтмиш изларини кўриш мумкин. Улар киши кўнглига гоҳ маҳзунлик солиб, ўйга толдирса, гоҳ ғурур-ифтихор уйғотиб, буюк аждодларга муносиб бўлишга, уларнинг анъаналарини давом эттиришга даъват этади.

Ҳаёт ҳақиқати шуки, истилочилар ҳамиша бир миллатни батамом қул қилиб олмоқчи бўлса, аввало, уни ўз маънавиятидан, илдизидан жудо қилишга уринган. Ана шундай ёвузлик оқибатида ер юзидан не-не маданиятлар супириб ташланмади, не-не шаҳарлар йўқолиб кетмади, дейсиз.

Биргина мисол: мўғуллар истилосидан сўнг Афросиёб култепага айланди. Бир замонлар гуллаб-яшнаган шаҳар харобага эврилди. Албатта, таназзулнинг ортидан тараққиёт бўй кўрсатиши айни ҳақиқат. Шундай бўлди ҳам. Соҳибқирон Амир Темур даврида юрт обод этилди, маънавият-маърифат чуқур илдиз отди, мамлакат дунё тамаддуни марказига айланди. Исломий, дунёвий фанлар мисли кўрилмаган даражада юксалди. Энг улкан иморатлар ҳам ана шу даврда қад ростлади.

Айтиш мумкинки, жаҳон меросининг ноёб намунаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган мамлакатимиз ҳудудидаги тўрт мингдан зиёд обидаларнинг катта қисми айни шу даврда барпо этилган. Иморатсозлик, муҳташам бинолар қуриш халқ иродасини ифода этувчи восита ҳисобланади. Шунинг учун ҳам жаҳонгир Амир Темур “кимки қудратимизга шубҳа қилса, биз қурдирган иморатларга боқсин”, деган эди.

Мустақиллик йилларида бу қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанднинг бой тарихи, маданиятини ўрганиш, уни кенг тарғиб этиш, тарихий обидалар ва муқаддас зиёратгоҳларни асраб-авайлаш ва обод қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ана шу бунёдкорлик ишлари туфайли Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуи, Бибихоним масжиди, Регистон ансамбли ва унинг атрофи обод этилиб, улуғворлигига мос кўркамлик касб этди. Асрлар давомида нафақат номи, ҳатто дафн этилган жойи ҳам тилга олинмаган буюк аждодимиз Имом Мотуридий қабри ўрнида улкан мақбара бунёд этилиб, муқаддас қадамжо обод қилинди, Ҳазрати Хизр мажмуаси замонавий қиёфа касб этди.

Тарихий обидалар, катта ё кичиклигидан қатъи назар, қадрланиши, эҳтиёткорлик билан сақланиши, келгуси авлодларга етказилиши керак. Аммо маънавиятимизнинг дурдоналаридан ҳисобланадиган ёдгорликларнинг айримлари кўпчиликнинг эътиборидан четда қолиб келаётгани сир эмас. Бундай масканлар тарихий шаҳарларда ҳам, тоғлар бағрида ёхуд чўл ҳудудларимизда ҳам учраши мумкин.

Зиёратгоҳлар ўз тарихи, асосли манбаларга оидлиги билан қадрлидир. Самарқанд шаҳридаги энг қадимги маҳаллалардан бири Дари занжирнинг пайдо бўлиш тарихи IХ асрга бориб тақалади. ХVI-XVII асрларда “Ҳаётхоннинг ҳовлиси” номи билан юритилган бу маҳалла аҳолиси хотин-қизларни бегона нигоҳлардан сақлаш мақсадида эшикларни занжирлашни одат қилгани учун маҳалла “Дари занжир”, яни “Занжирланган эшик” номи билан атаган. Абу Тоҳир Хожанинг “Самария” китобида ёзилишича, Дари занжирда мадраса, масжид, ҳовуз атрофида чинорлар, темурийлар салтанати даврида қурилган бинолар бўлган. “Қандия” китобида айтилганидек, нуфузи жиҳатидан Маккадаги “Муалла”, Мадинадаги “Баҳия” қабристонларидан кейин учинчи ўринда турувчи “Чокардиза” қабристони ҳам шу ерда жойлашган. Абу Мансур Мотуридий, Имом Бурҳониддин Марғиноний, Абулайс Самарқандий, Абулқосим Самарқандий, Жалолиддин Файзуллоҳ Самарқандий, Махдуми Хоразмий сингари кўплаб буюк зотлар шу ерда дафн этилган. Шу ўринда Шайх Аҳмаджон Махдум Ҳанафий Нақшбандийнинг “Қаердаки, бир авлиёнинг қабри бўлса, Аллоҳ таоло унинг ҳурматидан ўша жойга баракот беради”, деган муборак каломи  ёдга тушади.

— Киндик қони томган тупроқ ҳар биримиз учун юксак қадрга эга, — дейди “Дари занжир” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Воҳид Ражабов. — 2000 йилда маҳалламизда Мотуридий ёдгорлик мажмуаси қад ростлади, ободончилик ишлари амалга оширилди Аммо маҳалламиз идораси ёнида Амир Темур даврида қурилган бир бино айни пайтда мақбара таъмирга муҳтож ҳолатда. Бу эса тегишли мутасаддилар ва сектор раҳбарлари эътиборидан четда қолаётганини англатади. Вақт ва табиий таъсирлар оқибатида бино девори ёрилган, бир томони чўка бошлаган. Агар у тезроқ ҳимояга олинмаса, таъмирланмаса, бой берилиши тайин. Тарихий аҳамиятга эга бу маҳалланинг ўтмишидан ҳикоя қилувчи бундай ёдгорликни сақлаб қола олмасак, катта йўқотишга йўл қўйган бўламиз. Ушбу масалада тегишли мутасаддиларга бир неча маротаба мурожаат қилдик. Аммо натижа бўлмади…

Ўз тарихи ва ўтмишига эга, аммо эътибордан четда қолиб, емирилиб бораётган бундай тарихий бинолар, вилоятда афсуски, кам эмас.

Масалан, Оқдарё туманидаги ҳазрат Махдуми Аъзам Даҳбедий мангу қўним топган Даҳбедда ва унинг атрофидаги қишлоқларда ўнлаб масжидлар бўлган. Яқинда Даҳбедда бўлганимизда яна бир аянчли ҳолатга гувоҳ бўлдик. Махдуми Аъзам Даҳбедий зиёратгоҳи билан ёнма-ён, Даҳбед пахта қабул қилиш манзилгоҳи рўпарасидаги масжид йўқ бўлиб кетиш ҳолатида. Қуёш, қор, ёмғир ва бошқа ташқи таъсирлар остида ҳимояга олинмаган деворлар, пештоқлар йилдан-йилга емирилмоқда.

Президентимиз вилоятларга сафарлари чоғида ҳар бир ҳудуднинг тарихини ўрганишга, маънавий меросини тиклашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Муборак қадамжоларни зиёрат қилиб, уларни обод қилиш бўйича кўрсатмалар бермоқда. Мадомики шундай экан, мамлакатимизда миллий маданий ёдгорликлар, тарихий обидалар ва осори-атиқаларни асраб-авайлаб келгуси авлодларга етказиш, ёшлар тарбиясида уларнинг аҳамияти ва мазмун-моҳиятидан самарали фойдаланиш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар доирасида узоқ йиллар мобайнида эътибордан четда қолган — XVI асрда бунёд этилган ушбу масжидни ҳам юзага чиқаришга киришиш мавриди келмадимикин?

Бу каби ёдгорликларга ота-боболаримиздан қолган бебаҳо мерос сифатида ҳар биримиз зийрак ва ҳушёр муносабатда бўлишимиз лозим. Афсуски, шонли тарихимиздан садо берувчи бундай масканларнинг айни ҳолатини кўриб, бунга бевосита маъсул мутасаддилар қаёққа қараяпти экан, деган савол пайдо бўлиши табиий. Ахир бу обидалар ер қаърида ёки тупроқ қатида эмас, шундоқ кўз ўнгимизда ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, унинг тарихини ўрганиш, обидани асл ҳолича сақлаш негадир ҳеч бир ташкилотнинг, тегишли масъулларнинг ёдига келмаётгани ачинарлидир…

Ориф ХОЛИҚУЛОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг