“Қачонгача кўкдан чалпак кутадирсан?..”

0
19

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаб­буси билан ҳаётга татбиқ этилган “Обод қишлоқ” дастури юртимизнинг олис қишлоқ ҳудудлари кўркига кўрк қўшмоқда, фуқароларимиз қалбини нурга тўлдирмоқда ва уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда. Бир пайтлар кишилар кўнглида фақат ушалмас орзудек бўлган бу фаровонлик бугун ҳаётда ўзининг амалий ифодасини топаётир.

Дастур асосида Хоразм вилоятининг бир қатор қишлоқларида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Боғот туманининг Ашхобод ҳамда Маънавият қишлоқларида айни кунларда қизғин бунёдкорлик жараёни кечаётир. Улар-ку туман марказига нисбатан яқинроқда жойлашган, аммо дастурга киришни интиқлик билан кутаётган чекка қишлоқ ва маҳаллалардаги бугунги аҳвол қандай?

Ҳолат билан яқиндан танишиш мақсадида Қораёнтоқ қишлоғи томон йўл олдик. Қишлоқ учта, яъни “Боғзор”, “Навбаҳор” ва “Ўзбекистон” маҳаллаларидан иборат бўлиб, унда 2 минг 119 хонадонда 14 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Урганч – Ҳазорасп йўлидан шундоқ Қораёнтоқ қишлоғи марказига олиб борувчи йўл бўйлаб юришингиз биланоқ кайфиятингиз тушиб кетади. Чунки йўлнинг ўзи ичкаридаги ҳолат ҳақида олдиндан хабар бериб қўяди. Бу худди касалликни яшириш тугул, у ҳақда тузук­роқ маълумотга эга бўлмасингданоқ ошкор қиладиган иситмага ўхшайди. Хаёлингга мақол кетидан мақол ўрлайверади. Буёғи “йўл азоби — гўр азоби”. Қишлоқ аҳлининг асосий қатновини таъминлайдиган ушбу йўл яқин йигирма йил ичида йўлсозларни “узо-оқдан бўлса ҳам” кўрганга ўхшамайди.

“Боғзор” маҳалласи ҳудудида жойлашган 34-умумтаълим мактабининг 464 ўринга мўлжалланган икки қаватли биноси 1991 йилда бунёд этилган. Бу ерда ўқувчилар икки навбатда таълим олади. Биз борган пайт ўқитувчилар синфхоналарни ўзлари ҳаминқадар таъмирлаб, янги ўқув йилига тайёрлашаётган экан. Полга тўшалган ленолиумлар йиртилиб кетган.

Спорт залининг поли бўёқ кўрмаганига анча бўлган, унинг ёнидаги “душхона” деб аталувчи ювиниш хоналари ҳам таъмирга муҳтож. Душнинг ўзи эса умуман ишламайди. Мактабнинг умумий ҳолати билан танишаётган пайтимиз хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Худойберган Худойберганов келиб қолди. Унга мақсадимизни тушунтирдик. “Фаоллар зали қулфланган экан, унинг калити йўқми, бир кўрмоқчи эдик,” деганимизда у бизни мактабнинг орқа тарафидан кириладиган эшик томон бошлади. Бу бизга шаҳар жойлардаги “кўргазмага айланган” олд эшик қолиб, орқа эшикдан кириб-чиқиладиган баъзи ташкилотларни эслатиб юборди. Шундай ўй-хаёллар билан маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган залнинг афтодаҳол ҳолатига ҳам гувоҳ бўлдик. Ёмғир пайти чакка ўтавериб, деворнинг арматуралари ҳам кўриниб қолган, юқоридан пастга қараб емирилиб келмоқда. Бир сўз билан айтганда, бино авария ҳолатида.

— Фаоллар залининг аҳволи ҳақида бир неча бор туман халқ таълими бўлими ҳамда вилоят халқ таълими бошқармасига мурожаат юборганмиз, — дейди Худойберган Худойберганов. — Афсуски, бу мурожаатларнинг бари жавобсиз қоляпти. Маҳалла ва мактаб тадбирлари спорт зали ёки фойеда ўтказилади. Етти-саккиз йилдан буён шу аҳвол…

Мактабнинг умумий ҳудуди — 2,26 гектар. Ободонлаштириш ишлари ҳам кўнгилдагидек эмас. Таълим масканининг катта йўл томондан кириб келиш дарвозаси бугунги кун нафасидан анчайин йироқ: унда на ёзув бор, на белги. Ичкарига кирганингиздан кейингина баъзи бир белгилар орқали бу жой мактаб эканлигини билиб олиш мумкин.

Ўнқир-чўнқир, чанг йўл бўйлаб юришда давом этамиз. Қишлоқ марказига етиб келганимизда собиқ Иттифоқ даврига тушиб қолгандай ҳис қилдик ўзимизни. Агар ўша даврлар ҳаёти акс этган бирор бадиий, ҳужжатли фильм олиш ниятида юрган режиссёрлар бўлса, бемалол шу ерга келаверса бўларкан, деган ўй ўтди хаёлимиздан. Рост-да, ортиқча харажат қилиб, саҳналарга павильон учун пул сарфлаб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Ўтган йили таъмирдан чиқарилган 10-мактабгача таълим муассасаси, тадбиркорлар қурган бир-икки савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини айтмаганда, биронта янгилик йўқ ҳисоби. Эски омбор бинолари, улар ўраб олинган деворлар қўлингни теккизсанг, қулаб тушгудек аҳволда. Савол туғилади: нима, уларни бузиб ташлаш учун “Обод қиш­лоқ” дастурининг мазкур ҳудудга ҳам жорий этилишини кутиш шартми? Умрини ўтаб бўлган бинолар майдонини тадбиркорларга ажратиб берса, улар йўқ дейдими?…

Қишлоқ марказида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғини биносида котибни учратдик. У бизга маҳалла ҳақидаги маълумотларни берди.

— Маҳалламиздаги етти юзга яқин хонадонда тўрт ярим мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, — дейди “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини котиби Бунёд Отажонов. — Ҳудудда биттадан мактаб, мактабгача таълим муассасаси, оилавий поликлиника, дорихона мавжуд. Тўғрисини айтиш керак, қишлоғимизнинг ривож­ланиши бугунги кун талаби даражасидан анча орқада. Катта бир қишлоқнинг ўзида атиги биргина мактабгача таълим муассасаси борлиги ижтимоий аҳволнинг қай даражада эканлигидан дарак беради. Унда кўпи билан тўқсон бола тарбияланиши мумкин. Қолганлари-чи? Афсуски, улар ҳеч қаерга бормайди. Шунинг учун ҳар бир маҳаллага яна биттадан мактабгача таълим маскани қурилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Фуқаролар йиғини котиби билан суҳбатлашиб ўтирганимизда хонага бир отахон кириб келди. Танишдик: меҳнат фахрийси Йўлдош Собиров экан. Отахон мақсадимизни англаб етгач, “дил дафтаримни ковлама”, деганларидек, йўл масаласидан сўз бошлади.

— Қишлоғимизнинг асосий йўли охирги марта 1994-95 йилларда таъмирланган эди, шунгаям йигирма уч йил бўлибди,  — деди Йўлдош ота. — Агар қишда ёки баҳорда ёғингарчилик мўл бўлса борми, пиёда тугул уловда юриш ҳам мушкул бўлиб қолади. Ёзда эса чангдан кўз очолмайсан. Йўли ободнинг кўнгли обод, дейишади. Агар шу йўлимиз таъмирланиб берилса, қишлоқдошларимиз уялганидан ҳам йўллар атрофини янада чиройли қилиб қўйиш, кўчатлар, гуллар экишга ҳаракат қиларди. “Обод қишлоқ” дастури бўйича амалга оширилаётган ишларни телевизорда кўриб биз ҳам ҳавасда ўтирибмиз. Неча йиллик орзуларимиз қачон рўёбга чиқар экан, деган ўй-хаёллар бизни бир дам бўлса-да, тарк этмайди.

Қишлоқдаги яна бир муаммо — аҳолига етказиб бериладиган маиший газ баллонлари билан боғлиқ. Олиб кетилган баллонлар бир ой деганда ҳам газ билан тўлдирилиб келинмас экан.

— Бир ой олдин юзта маиший газ баллонларни тўлдиришга бериб юборган эдик, ҳалигача етиб келмади, қаерда қолиб кетди, ҳайронмиз, — дейди “Боғзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қадамбой Хўжақов. — Бу борада мутасадди раҳбарларга бир неча марта мурожаат қилганмиз, аммо натижа бўлмади. Шундай жазирамада ўчоқда овқат пиширишнинг ўзи бўладими?

“Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини биносининг шундоқ ёнгинасида 1992 йилда қурилган 4-оилавий поликлиника жойлашган. Унинг фаолияти билан танишиш мақсадида бинога кирамиз. Кираверишда ижтимоий дорихона ташкил этилгани кўнглимизга бироз таскин беради. Поликлиника одамлар, айниқса, болали аёллар билан гавжум. Ҳар бир эшик олдида саккиз-ўн киши навбат кутиб турибди. Поликлиника мудири Ойбек Жуманиёзов ушбу муассасада 44 ходим ишлаши, аммо умумий амалиёт шифокори, стоматолог, гинеколог каби мутахассисларга эҳтиёж борлиги, бинонинг иккинчи қавати умуман яроқсиз ҳолга келиб қолгани, хоналарни қишда кўмир билан иситишнинг имкони йўқлиги, фуқаролар совуқдан азият чекишини билдирди. Шунингдек, бинонинг авария ҳолатидаги иккинчи қавати таъмирланса, кундузги стационар учун ҳам қўшимча хоналар ташкил этилган, беморларга қулайроқ шароит яратилган бўлар эди. Бунинг учун 2020 йилни кутиб ўтириш шартмикан? (Айтилишича, поликлиника биноси 2020 йилги Дастурга киритилган экан). Қолаверса, шифо масканида тоза ичимлик суви ҳам йўқ.

Ушбу қишлоқ маҳаллаларининг ижтимоий инфратузилмаси эски қолипда қолиб кетган. Бу, албатта, фуқароларнинг ҳам дунёқараши, эртанги кунга бўлган ишончига салбий таъсир ўтказмай қолмайди. Пиёдалар йўлакчалари, болалар майдончалари, спорт мажмуа­лари-ю хиёбонлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Энди мана шундай муҳитда вояга етаётган фарзандлар, эртамиз эгалари бўлмиш ёшлар бўш вақтида нима билан машғул бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг-чи?!

Тўғри, “Обод қишлоқ” дастури бўйича маҳаллалар инфратузилмаси, қиёфаси босқичма-босқич яхшиланиб борилмоқда, уларда ҳам замон нафаси уфурмоқда. Аммо ҳақли бир савол туғилади: хўш, дастурга кирмаган ҳудудлар-чи? У ерларда яшаётган одамлар нима қилсин? Дастурга киритилмаганми, демак, унинг аҳволи дастурдаги қишлоққа  нисбатан яхшироқ. Шундай экан, ҳар бир фуқаро — кекса-ю ёш ўз уйи, маҳалласи ва юрти ободлиги учун жон куйдирмоғи, кўкдан чалпак кутиб ўтиравермасдан имкони даражасида ободликка ҳисса қўшмоғи керак эмасми? Бунда энг биринчи ўринда мутасадди ташкилотлар, сектор раҳбарлари жонбоз­лик кўрсатмоғи, одамларга илҳом бахш этмоғи зарур. Агар улар аҳолига ўрнак бўлса, одамлар ҳам ўз-ўзидан эргашади. Шундагина ҳаракатларимиз самараси кўзга ташланади, шундагина қишлоғу шаҳарлар обод бўлиб, юзимизу кўнглимиз ёруғ бўлади.

Азамат САФАР,
 “Milliy tiklanish”  мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг