Ёзги таътилдаги бепул курслар: Наманганлик юзлаб ёшларни қўшимча касб-ҳунарга йўналтирмоқда

0
11

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партия­сининг  “Хизмат — беминнат” лойиҳаси ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларга  фанлар бўйича беминнат билим бериш ва касб-ҳунар ўргатиш бўйича самарали лойиҳага айланиб улгурди. Айниқса, ушбу ло­йиҳа чекка ҳудудларда яшовчи ёшларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилмоқда.

ЎзМТДП Наманган вилоят кенгаши “Ёшлар қаноти” ҳам ушбу лойиҳа доирасида вилоятнинг барча туман ва шаҳарида турли фан ва касб-ҳунарга йўналтирилган бепул тўгараклар фаолиятини йўлга қўйган. Мазкур хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлаш истагидаги устозларнинг беминнат саъй-ҳаракатлари ва лойиҳани амалга оширишдаги самарали меҳнатлари ўз натижасини бермоқда.

2018 йилнинг биринчи чораги давомида вилоятда ана шундай 27 тўгарак ўз фаолиятини бошлаган бўлса, иккинчи чоракда уларнинг сони яна 11 тага кўпайди. Қайд этиш жоиз, бепул ўқув курсларида 200 нафарга яқин кам таъминланган оила фарзандлари, фанлардан ўзлаштириши паст бўлган ўқувчилар ва уюшмаган ёшлар ўзлари танлаган йўналиш бўйича сабоқ олмоқда.

— “Хизмат — беминнат” лойиҳаси партиянинг ёшларга ҳар томонлама ибрат бўлиб хизмат қила оладиган, ёш авлодни миллий ғурур, жасорат ва матонат руҳида тарбиялаш, уларни турли ёт мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган йирик лойиҳаларидан биридир, — дейди ЎзМТДП Учқўрғон туман кенгаши раиси Илҳомжон Абутжонов. — Бугун мазкур лойиҳа доирасида туманимизда 13 тўгарак фаолият юритмоқда. Тумандаги бир гуруҳ устоз ва мураббийлар ўз ихтиёри билан тарих, она тили ва адабиёт, экология, биология, инглиз тили, физика, математика каби фан тўгараклари ташкил этгани, тикувчилик, пазандачилик, тўқувчилик ва рақс санъатининг сир-асрорларини шогирдларига ўргатаётгани  таҳсинга ло­йиқ. Айниқса, “Йилнинг энг яхши тўгарак раҳбари” республика кўрик-танлови ғолиби Ўғилой Абдураззоқованинг ташаббуси билан ташкил этилган “Ёш сайёҳ” тўгараги ёшларнинг туризм соҳасидаги билимларини ошириш асносида уларнинг бу соҳада янги инновацион ғоялар яратишига ҳам кўмак бериб келмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, бепул ўқув курслари, айниқса, ёзги таътил вақтида ўқувчи ёшларнинг бўш вақтини унумли ва мазмунли ўтишида алоҳида ўрин тутади.

ЎзМТДПнинг ушбу амалий лойиҳаси ёш авлодни касб-ҳунарли, ҳар томонлама интеллектуал салоҳиятга эга инсон қилиб тарбия­лашда муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, ушбу лойиҳа доирасидаги амалий ишларни янада кўпайтириш, самарадорлигини ошириш лозим.

Маъмуржон ЭРГАШЕВ,
ЎзМТДП Наманган вилояти кенгаши

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг