Депутат ташаббуси билан…

0
11

Халқ билан тизимли ва доимий мулоқот қилиш, одамларнинг дарду ташвиш­лари билан яшаш, уларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш депутат фаолиятининг ажралмас қисмидир. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида аҳоли билан учрашиб, уларни қийнаётган қатор муаммоларга ечим топишга кўмаклашмоқда.

Автобус қатнови йўлга қўйилди

Учрашувлардан бирида халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашига сайланган депутат Гулчеҳра Равшановага Бухоро шаҳри Сомий кўчаси 13-уйда яшовчи Суҳроб Ражабов иш тополмаётгани юзасидан мурожаат қилди. Депутат кўмагида у 62-маҳалла фуқаролар йиғинида ўз иш фаолиятини бошлади.

Шу ҳудудда яшовчи Насиба Остонова бахтсиз ҳодиса сабаб ногирон бўлиб қолган. Унинг ҳам иш масаласидаги мурожаати Гулчеҳра Равшанованинг эътиборидан четда қолмади. Шу куннинг ўзидаёқ фуқаро депутат кўмагида Бухоро шаҳридаги 26-умумтаълим мактабига ёшлар етакчиси вазифасига ишга жойлаштирилди.

— Ўзим қизиққан, яхши кўрадиган иш билан шуғулланиш имконияти пайдо бўлганидан хурсандман, — дейди Насиба. — Ўз меҳнатим билан оиламга, жамиятга фойдам тегиши учун бор куч-ғайратимни ишга соламан…

Депутат Бухоро шаҳрининг Баҳоуддин Нақшбанд кўчаси 153-уй 77-хонадонида истиқомат қилувчи I-гуруҳ ногирони Дилфуза Турғунова хонадонига бориб, унинг ҳолидан хабар оларкан, яна бир муаммонинг устидан чиқди: ўтган икки ой давомида фуқаронинг нафақа пули ўз вақтида етказиб берилмаган экан. Депутат кўмагида ушбу масала ҳам ижобий ҳал этилди — шу куннинг ўзидаёқ маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари нафақа пулларини тўлиқ етказди ва бундан кейин ҳам ўз вақтида етказиб бериладиган бўлди.

“Ўтрор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги учрашувларда аҳоли ҳудудда жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилмагани, бу кекса-ю ёш учун бирдек муаммо келтириб чиқараётганидан шикоят қилиб, доимий транспорт қатнови зарурлигини билдирди. Депутат саъй-ҳаракати билан ҳудуддаги “Дўлама”, “Работиқози” маҳалла фуқаролар йиғинларига туташ йўлларда ҳаракатланувчи автобус қатнови йўлга қўйилди.

— Президентимиз таъкидлаганидек, асосий мақсадимиз — халқимизни ҳаётдан рози қилишдан иборат, — дейди халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Гулчеҳра Равшанова. — ЎзМТДПнинг “Уйма-уй” лойиҳаси ҳам бу борада ўзига хос аҳамиятга эга бўлмоқда. Шу орқали биз ҳар бир фуқаро билан бевосита мулоқотга киришяпмиз, мавжуд муаммоларни ўрганиб уларни зудлик билан ҳал қилишга бел боғлаганмиз. Бу йўлда ҳамжиҳатликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз керак бўлади.

Фуқарога ногиронлик аравачаси олишида
кўмаклашилди

Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Шерали Ҳожиев ҳам аҳоли вакиллари билан учрашувларда уларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашмоқда.

Депутат Когон шаҳри Халқлар дўстлиги кўчаси 23-уй 22-хонадонда яшовчи Ринат Мирзақуловнинг хонадонида бўлди. Аниқланишича, хонадон соҳибининг ўғли — 2004 йилда туғилган I-гуруҳ ногирони Беҳзод Фармоновга ногиронлик аравачаси ниҳоятда зарур. Маҳаллада кам таъминланган оила рўйхатида турувчи ушбу хонадоннинг ногиронлик аравачасига бўлган эҳтиёжи бир неча бор тегишли масъулларга билдирилишига қарамай, пайсалга солиб келинган. Депутат Шерали Ҳожиев мазкур масалани шу куннинг ўзидаёқ ижобий ҳал этди.

— Бир неча ой давомида ечилмаган муаммомиз ЎзМТДПдан сайланган депутат кўмаги билан ҳал этилганидан жуда мамнун бўлдик, — дейди Дилфуза Мўйинова. — Энди ўғлим аравачада ҳаракатланишда ўзини жуда яхши ҳис этяпти. Депутатларнинг фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилиб, муаммоларимизни ўрганаётгани ва, энг муҳими, уларни ҳал этишга кўмакдош бўлаётгани эътиборга молик.

Шу ҳудудда яшовчи Зулфизар Расулова депутат билан мулоқот чоғида уй-жойга эҳтиёжи борлигини, 2 хонали уйда иккита оила истиқомат қилаётганини билдириб, арзон турар-жойлардан олишда кўмак сўради. Ногиронлиги бўлган фарзанди билан қийналиб қолган Зулфизарнинг муаммоси депутат ташаббуси билан ижобий ҳал этиладиган бўлди. Фуқаро жорий йилда уй олиши учун рўйхатга киритилди ва ушбу масала депутат назоратига олинди.

Учрашувлар давомида Бирдамлик кўчаси 11-уй 6-хонадонда истиқомат қилувчи Қундуз Сафарова, Халқлар дўстлиги кўчаси 14-уйнинг 12-хонадонида яшовчи Шаҳноза Бобоқулова депутатга ишга жойлашиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат этди.
Шерали Ҳожиев бу масалани жойида ўрганиб чиқди ҳамда мурожаатларни ижобий ҳал этди. Энди Қундуз Сафарова ҳамда Шаҳноза Бобоқулова ўз мутахассисликлари бўйича иш ўрнига эга бўлди.

“Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Шаҳзод Усмонов ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича таълим олишга иштиёқи борлигини ва бунинг учун тўлов имконияти йўқлигини айтиб, ёрдам сўради. Депутат Шаҳзоднинг оилавий шароити ва қизиқишларини инобатга олиб, уни ЎзМТДПнинг “Хизмат — беминнат” лойи­ҳаси доирасида бепул таълим олишга йўналтирди. Эндиликда у халқ таълими аълочиси Азамат Собиров ташкил этган ўқув курсида билимини мустаҳкамлайдиган бўлди. Шунингдек, депутат Шерали Ҳожиев ёрдами билан мазкур лойиҳа доирасида когонлик ёшлар — Ҳусниддин Шамсиддинов ҳамда Юсуф Барноев моҳир педагог Бобир Қиличовдан математика фанининг сир-асрорини ўрганмоқда.

Бир сўз билан айтганда, депутатларнинг бу каби амалий ишлари аҳолини қийнаётган муаммоларга ечим топиш, улар учун қулай шарт-шароит яратиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳаётдан рози бўлиб яшашида муҳим омил бўлаётир. Бу эса партиянинг энг муҳим вазифалари сирасига киради.

Муслима РЎЗИЕВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг