Китобхонлик маданияти юксалса, миллат юксалади

0
13

Мамлакатимизда ўғил-қизларни китобга ошно қилиш, эртамиз эгаларини ватанпарварлик ва миллий қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар бугун янгича мазмун ва кўлам касб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 сентябрда қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори мутолаа маданияти ва китоб савдосини янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди Платформасида ҳам ёш авлодни, биринчи навбатда, китобга муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш, уларда матбаачилик тармоғига қизиқишни ошириш, бу йўналишда ижодий ташкилотлар, нашриётлар ва таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга кўмаклашиш маънавий-маърифий соҳадаги устувор вазифалардан этиб белгиланган. Бундан ташқари, партия халқимиз тарихи, маънавий-маданий меросига доир адабиётларларни нашр этиш билан шуғулланаётган муаллифлар, босмахоналар, нашриётларни иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш, уларга солиқ ва бошқа тўловлар бўйича имтиёзлар бериш тарафдори.

ЎзМТДП ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари партия сайловолди Платформасида белгиланган ушбу мақсад-вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. 2017 йилда жойларда китобхонлик ва китоб савдосига доир бир қатор масалалар маҳаллий Кенгашлар сессиясига олиб чиқилди. Масалан, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи ташаб­буси билан сессияда “Вилоятда ахборот соҳасидаги ислоҳотларнинг бориши, бу борада вилоят матбуот ва ахборот бош­қармаси фаолиятини ривожлантириш, китоб дўконларини ташкил этиш, маҳаллий даврий нашрларнинг муассислари масъулиятини янада ошириш тўғрисида”ги масала муҳокама қилинди. Ушбу масала юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори қабул қилиниб, қатор мутасадди ташкилотларга аниқ вазифа ва топшириқлар юклатилди.

Сессия қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят матбуот ва ахборот бош­қармаси шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда ҳудуддаги даврий нашрлар таҳририятлари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқди. Каттақўрғон тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Каттақўрғон ҳақиқати”, Қўшработ туман ҳокимлигининг “Истиқбол сари”, Самарқанд туманидаги “Гулобод тонги” газеталари таҳририятлари янги бино билан таъминланди. Шунингдек, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари мавжуд китоб дўконлари ҳолатини танқидий ўрганди, улар фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда янги китоб дўконлари ташкил этиш учун бино ва ер участкалари ажратиш чораларини кўрмоқда.

Халқ депутатлари Миришкор туман Кенгашидаги партия гуруҳи ташаббуси билан 2017 йили туман Кенгаши сессияси муҳокамасига “Миришкор туманида кутубхоналар, китоб дўконлари ташкил этиш, таълим муассасаларида ахборот-ресурс марказларининг белгиланган талаблар асосида ишлашини таъминлаш, аҳолини китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш чораларини кўриш тўғрисида”ги масала киритилди. Шу асосда туман Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида туманда аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳамда ушбу йўналишдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди.

Айни пайтда туман ҳокимлиги ихтисос­лашган китоб дўконлари учун аҳоли гавжум ҳудудлардан ер участкалари ажратиш ёки ижарага бериш масалаларини кўриб чиқиш, кутубхона ва китоб дўконларини замонавий талаблар асосида қуриш, қарорда белгиланган чора-тадбирлар ижросини назоратга олиш, аҳолининг кутубхона ва китоб дўконларига қатнови учун қулайликлар яратиш борасида амалий ишлар олиб бормоқда. Тумандаги маданият ва аҳоли дам олиш марказларида кутубхоналар ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрланиб, чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Кутубхона ва маҳаллаларда китоб муаллифлари билан ижодий учрашувлар, китоб байрами, ярмаркалар ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, сессия қарорига мувофиқ Миришкор тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига таълим муассасалари қошидаги ахборот-ресурс марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, бадиий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётлар, зарур жиҳозлар ҳамда ёнғинга қарши воситалар билан таъминлаш, чоп этиладиган китобларни нашриётлардан арзон нархларда етказиш, жойларда аҳоли ўртасида мунтазам равишда янги китоблар тақдимотини ўтказиш каби вазифалар топширилди.

Мутолаа ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган масалаларни 2018 йилда ҳам маҳаллий Кенгашлар сессиясига олиб чиқиш режалаштирилган. Айни пайт­да халқ депутатлари Жарқўрғон ва Музработ туман Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳлари китобхонлик ва китоб савдосига доир масалаларни ўрганмоқда.

Китобхонлик ва китоб мутолааси бўйича белгиланган вазифалар ижросини назорат қилиш ЎзМТДП гуруҳлари томонидан босқичма-босқич амалга оширилади. Партия тизимидаги бу ишлар аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оширишга, ёш авлоднинг маънавий камолотига, бир сўз билан айтганда, партия дастурий вазифалари ижросига хизмат қилади.

Аҳлиддин ЖУМАЕВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши
Ижроия қўмитаси девони етакчи мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг