Фуқаролар мурожаати — ЎзМТДПга ишонч ифодаси

0
22

Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш, халқ билан тизимли асосда яқин мулоқотни йўлга қўйиш асносида фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиш, уларнинг розилигини қозониш мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи кучга айлантирмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг жойлардаги ташкилотлари ҳам “Депутат билан юзма-юз”, “Уйма-уй” лойиҳалари доирасида хонадонма-хонадон юриб, ишсиз хотин-қизлар ҳамда ёшлар билан суҳбатлашмоқда, ўз ваколатларидан фойдаланиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга интилмоқда.

Яқинда ЎзМТДП Хоразм вилоят ва Хива туман кенгашлари “Аёллар қаноти” вакиллари халқ депутатлари Хива туман Кенгаши депутати Ўктам Раҳимов билан биргаликда “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида тумандаги Шомохулум, Чанашиқ ва Қорадомоқ маҳаллаларидаги хонадонларга кириб, фуқароларнинг эҳтиёж ва муаммоларини ўргандилар.

Ўрганишлар давомида Шомохулум маҳалласида яшовчи Зулфия Абдуллаеванинг полиартрит касаллигига чалингани, ишлаш имконияти йўқлиги, шу боис моддий қийналиб қолгани аниқланди. Фуқаро ёшлигида ўрганган ҳунари, яъни пайпоқ ва бошқа кийимлар тўқиш билан шуғулланиб тирикчилик қилиши мумкинлиги, аммо бунинг учун калава ип олишга маблағи йўқлигини билдирди. Депутат Ўктам Раҳимов бу масалада Зулфия опага ҳомийлар кўмагида ёрдам берадиган бўлди.

Шоҳиста Жабборова ҳам ўз вақтида иш тополмаган. Тикувчилик билан шуғулланишга қизиқса-да, тикув машинаси сотиб олишга қўли калталик қилган. Дардини депутатга айтган фуқаронинг бу муаммосига ҳам ечим топилди: ҳомийлар ёрдами билан унга тез кунда тикув машинаси олиб бериладиган бўлди.

Шу маҳалладаги Дўстлик кўчасида истиқомат қилувчи Эътибор Қурёзова депутатга мурожаат қилиб, хонадонида товуқ боқиш имкони борлигини, аммо бунга ҳозир маблағи йўқлигини, иложи бўлса 50 бош товуқ сотиб олишда кўмак беришини сўради. Депутат аралашуви билан Эътибор опага ҳомийлар кўмагида 50 бош товуқ сотиб олиб берилди.

Аҳоли билан мулоқот қилиш ва уларнинг муаммоларини ўрганишда ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши вакилларининг жойларда ўтказаётган сайёр қабул ва учрашувлари самарали кечмоқда. Партия вилоят кенгаши фаоллари аҳоли муаммоларини аниқлаш, уларни ижобий ҳал қилишда барча имкониятдан унумли фойдаланишга интилмоқда.

— Партия вилоят кенгаши вакиллари ўтказаётган сайёр қабулларга депутатлар билан бирга маҳаллий ҳокимликлар, соғлиқни сақлаш, таълим, уй-жой ва коммунал соҳалари масъул ходимлари ҳам жалб қилинмоқда, — дейди ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгашининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассиси Шокир Бобожонов. — Бу эса аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, мавжуд муаммоларни чуқур ўрганиб, уларга жойида ечим топиш имконини бермоқда. Бу каби амалий учрашувлар одамларнинг партиямизга бўлган ишончини оширмоқда. Буни вилоят партия ташкилотига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар сони ортаётганида ҳам кўриш мумкин. Шу йил бошидан буён 277 мурожаат келиб тушган бўлса, шунинг 100 таси май ойига тўғри келади. Улардан 80 тасини ижобий ҳал қилишга муваффақ бўлдик.

Дарҳақиқат, ҳар бир ижобий ҳал қилинган мурожаат ҳам партия нуфузи ошишига, ҳам фуқароларнинг оғирини енгиллатишга хизмат қилмоқда. Чунончи Ҳазорасп тумани Боғдор маҳалласида яшовчи Сафарбой Қурбонов ўғли — I гуруҳ ногирони Руслан Қурбонов учун моддий ёрдам ажратилиши ҳамда мева шарбати тайёрлайдиган ускуна сотиб олишда амалий ёрдам берилишини сўради. Фуқаронинг партия ташкилотига қилган мурожаати ижобий ҳал қилинди.

Янгибозор тумани Уйғур қишлоғи Барҳаёт маҳалласида яшовчи Шавкат Саидмаматов кам таъминланган оила эканлиги ва соғлигида муаммолар борлиги сабабли маҳалладан моддий ёрдам пули ажратилишида кўмак сўраб мурожаат қилди. Ушбу мурожаат бўйича партия аралашуви билан маҳалладан комиссия хулосасига асосан моддий ёрдам ажратиладиган бўлди.

Фуқаролар мурожаати билан ишлаш партиянинг электорат олдидаги масъулияти ва фаолларнинг жавобгарлигини ошираётир. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг ЎзМТДПга бўлган ишончи мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Алишер РАҲМОНОВ,
ЎзМТДП Хоразм вилоят
 кенгаши етакчи мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг